Mastercard Ўзбекистонда ваколатхонасини очади
Mastercard Ўзбекистондаги биринчи расмий ваколатхонаси очилиши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда бугун Самарқандда бўлиб ўтаётган ЕТТБ ҳар йилги конференцияси давомида маълум қилинди, бу эса Ўзбекистон билан глобал ҳамкорлик аҳамиятини яққол намоён этади. Mastercard – тўловларни қайта ишлаш соҳасида дунёдаги энг йирик корпорация бўлиб, мавжудлик географиясини кенгайтирмоқда ва маҳаллий шериклар ва тармоқдаги манфаатдор томонлар билан муносабатларини янада мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.
— Расмий ваколатхонани очиш бизга жойлардаги эҳтиёжни яхшироқ тушуниш имконини беради, натижада энг замонавий рақамли технологик ечимларни таклиф этиб, янада ғайрат билан ишлаймиз, — деди EEMEA (Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Африка) минтақасида Mastercard президенти Димитриос Досис.
Конференция доирасида Mastercard инклюзив тараққиёт маркази ўта муҳим глобал шерик — Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки билан Марказий Осиёда келгусида ҳамкорликни кенгайтириш ва кичик бизнес соҳиблари, айниқса аёллар учун рақамли имкониятларни кенгайтириш мақсадида Ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ушбу Англашув меморандуми Ўзбекистон ва Қозоғистонда микро ҳамда кичик корхоналар (МКК) рақамли имкониятларини кенгайтириш учун Марказий Осиёдаги келгусидаги ҳамкорликни ўрганишга қаратилган.
Ўтган йилда Mastercard ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўртасида Рақамли технологиялар соҳасида шериклик тўғрисида уч йиллик келишув ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан кичик ва ўрта корхоналарни рақамлаштириш, финтех, киберхавфсизлик, туризм, ақлли шаҳар, молиявий саводхонлик, шунингдек молиянинг ҳаммабоплиги каби асосий йўналишлар бўйича Англашув меморандуми имзоланганди.
Бу йил, Рақамли технологиялар соҳасидаги шериклик тўғрисидаги келишувга мувофиқ, Mastercard Advisors Ўзбекистон Марказий банки билан биргаликда Ўзбекистонда рақамли тўловлар ўтишини янада жадаллаштиришга қаратилган тўлов экотизимини ривожлантириш бўйича 8 компонентли лойиҳани муваффақиятли якунлади. Тавсиялар мажмуи Келишув қамраб олган саккизта компонентнинг ҳар бири учун ривожланиш устуворликларини белгилайди.
— Mastercard инновацион рақамли тўлов ечимлари ёрдамида Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашишга интилади, — дейди EEMEA (Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Африка) минтақасида Mastercard президенти Димитриос Досис. — Эътиборимиз тўловларнинг рақамли усулларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда жойлашуви ва молиявий ҳолатидан қатъи назар, барча истеъмолчилар учун хавфсиз ва ишончли транзакцияларни таъминлашга қаратилган. Биз минтақанинг ёш ва техник жиҳатдан илғор улкан салоҳиятни кўряпмиз ҳамда тадбиркорлик ва инновацияларни қўллаб-қувватловчи ҳамкорлик ва дастурларга инвестиция киритамиз.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг