«Масофадан ўқишга ўтказилсин», деб қарор чиқариш осон, унга шароит яратиш ҳақида ҳукуматда аниқ режа бўлиши зарур — ХДП

02:32 28 Апрель 2021 Жамият
1262 0

Халқ демократик партияси коронавирус пандемияси кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида таълим муассасаларининг онлайн шаклга ўтказилаётган бир пайтда онлайн дарсларни самарали ташкил этиш учун интернет билан боғлиқ муаммолар кўплигидан ташвишда эканлигини маълум қилди.

ХДП дарсларни онлайн тартибда ўтказиш учун шароит яратилганми, карантинга олинган мактаблар юқори тезликдаги интернет билан таъминланганми, деган саволларни ўртага ташламоқда.

Қайд этилишича, расмий манбаларда халқ таълими тизимидаги 9114 та (91%) умумтаълим мактаби юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига улангани, 4715 та умумтаълим муассасаси ички локал тармоқ ускуналари, Wi-Fi қурилмалари билан таъминлангани қайд этилган. Бироқ депутатлар томонидан ҳудудларда назорат-таҳлил тартибида умумтаълим мактабларида ахборот коммуникация технологиялари жорий этилишининг аҳволи ўрганилганда реал ҳолат юқорида келтирилган рақамлардан анча узоқдалиги маълум бўлди.

«Мобил интернет тезлиги ва нархи бўйича ҳам муаммолар оз эмас. Бу ҳақда жуда кўп гапирилган, аммо қишлоқ жойларида муаммо муаммолигича қолиб кетмоқда. Энди ўйлаб кўрайлик, шундай шароитда онлайн тартибда дарс ўтиб бўладими?

Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, пандемия кўплаб камчиликларимиз, заиф томонларимизни рўй-рост кўрсатиб қўйди. Хулоса чиқаришга туртки берди. Жумладан, ўтган йили коронавирус пандемияси сабабли таълим тизими илк марта оммавий равишда онлайн тартибга ўтказилганда таълим муассасаларини ахборот коммуникациялари билан таъминлаш соҳасидаги ҳақиқий аҳвол юзага чиқди.

Бизнингча, мактаблар тўлиқ ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланиши, жумладан, оптик толали интернет тармоғига уланишнинг ҳақиқий ҳолати ўрганилиши, камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳукумат доирасида чора-тадбирлар кўрилиши керак. Бундай кўламдаги ишни муайян бир вазирлик ёки маҳаллий ҳокимиятлар кучи билан амалга ошириб бўлмайди.

Фарзандларимиз таълим-тарбияси билан боғлиқ ташкилий ишларни орқага суриш кейинчалик жуда қимматга тушиши мумкин. «Масофадан ўқишга ўтказилсин», деб қарор чиқариш осон, айни пайтда масофадан ўқишга шароит яратиш ҳақида ҳукуматда аниқ режа бўлиши зарур.

Интернет, ахборот замонида сифатли, арзон интернетсиз нафақат таълим тизимида, балки бошқа соҳаларда ҳам тараққиётга эришиб бўлмайди», дея фикрлар билдирилган партия расмий сайтида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?