Марко Рубио келаси ҳафта Гренландия масаласида Дания расмийлари билан учрашади

13:37 08 Январь 2026 Дунё
392 0

АҚШ давлат котиби Марко Рубио келаси ҳафта Дания расмийлари билан Гренландия масаласини муҳокама қилиш учун учрашишини маълум қилди. Бу баёнот НАТО доирасида кескинлик кучайган, АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландияни қўлга киритиш ҳақидаги таҳдидлари ортидан янгради. Гренландия ва Дания ташқи ишлар вазирлари вазият юзасидан шошилинч учрашув ўтказишни талаб қилган.

Марко Рубио Вашингтон шаҳрида журналистлар билан мулоқотда Трамп маъмурияти Гренландияни қўлга киритиш учун ҳарбий вариантга тайёрми, деган саволга аниқ жавоб бермади. Унинг айтишича, АҚШ президенти миллий хавфсизликка ҳар қандай таҳдид юзага келганда ҳарбий усулдан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолади. Шу билан бирга, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Париж Европа Иттифоқи билан биргаликда АҚШнинг эҳтимолий босқинига қандай жавоб қайтариш масаласини муҳокама қилаётганини билдирди.

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт Дональд Трамп дипломатияни афзал кўришини, аммо ҳарбий ҳаракатни бутунлай истисно қилмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, президент Гренландияни АҚШ миллий манфаатлари нуқтаи назаридан муҳим деб ҳисоблайди, хусусан Арктикада Россия ва Хитой таъсирини чеклаш учун. Левитт АҚШ Гренландия орқали Арктика ҳудудида янада катта назоратга эга бўлишни исташини айтди.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳам Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатда Гренландия бўйича ўз позициясини билдирган. У бир неча бор ҳудуднинг келажаги фақат Гренландия ва Дания ихтиёрида бўлиши кераклигини таъкидлаган. Шу билан бирга, Трамп ижтимоий тармоқда АҚШ НАТОни тарк этмаслигини ёзиб, иттифоқ аъзоларини мудофаа харажатларига кам маблағ ажратаётганликда айблади.

Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен АҚШ томонидан Гренландияда Россия ва Хитой кемалари кўплиги ҳақида айтилган даъволарни асоссиз деб атади. Унинг таъкидлашича, Дания қироллиги хавфсизлик масалаларига жиддий ёндашиб келмоқда ва сўнгги йилларда мудофаа салоҳиятига тахминан 100 миллиард крона (тахминан 15,65 млрд АҚШ доллари) миқдорида инвестиция киритилган. Дания парламенти эса вазият кескинлашуви муносабати билан фавқулодда йиғилиш ўтказди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?