Жиззахда Марказий Осиёда ягона бўлган Киберспорт аренаси фойдаланишга топширилди

15:30 29 Декабрь 2023 Спорт
1174 0

Спорт инсонни ҳам жисмонан, ҳам ақлан, ҳам маънан юксалтириши билан соғлом ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз томонидан спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 ноябрдаги “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимизда мазкур спорт турини янада оммалаштиришнинг кенг имкониятларини очиб берди. Ушбу ҳужжат билан Жиззах шаҳрида собиқ теннис корти биноси ўрнида киберспорт аренасини барпо этиш кўзда тутилганди. Айни чоғда унинг ижроси таъминланди.

Гап шундаки, Марказий Осиёдаги энг йирик ушбу арена куни кеча фойдаланишга топширилди. Бу нафақат жиззахликлар, балки бутун мамлакатимиз аҳолисига Янги йил совғаси бўлди, десак, муболаға бўлмайди.

Мажмуанинг очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда йиғилганлар ушбу улкан иншоотнинг ҳар томонлама халқаро талаблар асосида бунёд этилганлигини фахр билан тилга олишди.

Таъкидланганидек, лойиҳа татбиғи учун 28 млрд. сўмлик қурилиш-мантаж ишлари тез ва сифатли бажарилган. Мусобақаларни кузатиб бориш учун 1 минг 200 томошабинга мўлжалланган ўриндиқ барпо этилди. Бундан ташқари, мажмуа таркибида IT академияси ўқув маркази ва қўшимча бинолар ҳам мавжуд бўлиб, уларда барча қулайликлар муҳайё этилган.

Тадбир давомида халқаро ва мамлакат миқёсида спорт мусобақаларида юксак натижага эришган 109 нафар спортчига пул мукофоти, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Аҳамиятлиси, шу куни киберспорт бўйича “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” турнири финал босқичи ўйинларига старт берилди.

Абдусаттор СОДИҚОВ, («Халқ сўзи»).

Ботир Қудратов олган сурат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?