«Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи» саммити – маданий дипломатия йўлидаги янги босқич

2022 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» янги форматини яратиш ташаббуси илгари сурилган бўлиб, бу қарор Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Европа Кенгаши Президенти Шарл Мишелнинг Остонадаги учрашувида билдирилди. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий стратегиясига тўлиқ мос келади ва минтақада барқарор ривожланишни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда Марказий Осиёни бирлаштиришга қаратилган.
Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати, асосан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан ҳамкорлигини фаоллаштиришга қаратилган. 2019 йилда Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан янги стратегик ёндашувни қабул қилиб, бу минтақага бўлган сиёсий ва иқтисодий қизиқишининг кучайишини тасдиқлади. Европа Иттифоқининг янги стратегияси, ўз навбатида, минтақада юзага келаётган имкониятларни ҳисобга олиб, унинг аҳамиятини янада оширган.
«Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» конференцияси Самарқандда ўтказилди, унда рақамлаштириш, транспорт, энергетика ва сув ресурслари бошқаруви каби соҳаларда Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» стратегияси доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Марказий Осиёда касб-ҳунар таълими ва барқарор энергия тизимлари бўйича минтақавий лойиҳалар амалга оширилди. Европа Иттифоқи билан муносабатларни ривожлантириш доирасида, бир қатор муҳим халқаро форумлар ва йиллик йиғилишлар ўтказилди, бу эса томонларнинг ўзаро манфаатли мулоқотга бўлган интилишларини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон, айниқса, икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда фаол роль ўйнаб, Европа Иттифоқи билан кўплаб соҳаларда ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги саммит олдидан «Euronews»га берган интервьюсида Европа Иттифоқининг Марказий Осиёни барқарор ва ривожланаётган минтақага айлантиришдаги ҳамкорлигини юқори баҳолади.
2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда амалга оширилган сиёсий ислоҳотлар, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий тараққиёт учун қулай шарт-шароитлар яратишда ёрдам берди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашга ва фуқаролар ҳаётини яхшилашга катта эътибор қаратмоқда. 2018 йилда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик бўйича музокараларни бошлади, ва 2022 йил июлда янги битим имзоланди.
Шунингдек, 2021 йил 10 апрелда Европа Иттифоқи Ўзбекистонга «GSP+» мақомини берди, бу эса иқтисодий ва савдо имкониятларини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратди. Европа Кенгаши Президенти Шарл Мишелнинг 2022 йилда Ўзбекистонга ташрифи, икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб берди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция, Германия ва Италияга қилган ташрифлари, шунингдек, Европа етакчиларининг Ўзбекистонга ташрифлари ҳам икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга мўлжалланган 2021-2027 йилларга оид Кўп йиллик индикатив дастури, рақамлаштириш, яшил иқтисодиёт, энергия самарадорлиги ва сувдан фойдаланиш каби соҳаларда янги имкониятлар яратиш учун муҳим қадам бўлди. Маданий алмашувлар, жумладан, Лувр ва Берлиндаги Янги музейлар билан ҳамкорлик, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро майдонда намойиш этишга ёрдам бермоқда.
«Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити, икки минтақани бир-бирига янада яқиндан боғлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, маданият ва санъат соҳаларида амалга оширилаётган тадбирлар, халқлар ўртасида яхшироқ англашув ва ҳамкорликни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон Миллий Мусиқа Санъати Институти бу борада фаол ишлар олиб бормоқда ва Европа билан маданий алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Ҳозирги вақтда, Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Европанинг машҳур бастакор ва созандалари – Луис Гименез Аморос (Испания), Ругаре Мучинерипи Мусакаванҳу (Англия), Антонио Пратс Гарциа (Испания) иштирокида маҳорат дарси ва қўшма концерт дастури бўлиб ўтмоқда. Ушбу ташриф, фақат ўзаро мусиқий алмашув учун имконият яратиб қолмасдан, балки маданиятлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Европалик бастакорлар, айниқса, Ўзбекистоннинг бетакрор мақом санъатига бўлган чексиз ҳурматларини билдирдилар. Институтга ташриф буюрган машҳур мусиқачилар Ўзбекистоннинг бой мусиқа мероси ва санъати билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Ташриф давомида, ўзаро тажриба алмашиш, турли мамлакатларнинг мусиқа анъаналари ҳақида сўз юритилди ва келгуси йилларда Ўзбекистон ва Европа ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзаро суҳбатларда, Германиянинг Кёлн Университети профессори ва машҳур бастакор Луис Гименез Аморос, мақом санъати ва бахшичилик-достончиликни ўрганиш бўйича ўз қизиқишларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, мақом санъати инсон руҳиятига таъсир кўрсатишдаги ўзгача аҳамиятга эга. Ушбу мавзу, Испаниялик бастакор Антонио Пратс Гарциаларни ҳам қизиқтирди ва у мақомнинг мусиқий имкониятлари ҳақида чуқур фикр билдирди.
Ташриф давомида, Луис Гименез Аморос ва унинг ҳамкасблари, ўз ижодий фаолиятларини намойиш этиш билан бирга, концертда ўзбек мақомларини Европа мусиқаси билан уйғунлаштириб, томошабинларга унутилмас тажриба тақдим этдилар. Ушбу концерт мусиқа орқали маданиятлараро кўприклар қуриш, халқлар ўртасида яхшироқ англашув ўрнатиш мумкинлигини намойиш этди.
Луис Гименез Амороснинг ташрифи нафақат мусиқий изланишларини намойиш этиш, балки маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. У ўзининг илмий фаолиятида нафақат Европа, балки Африка ва Осиё мамлакатларининг мусиқий меросини ўрганиб, ўз асарларида бирлаштирган. Ташриф давомида у ўзбек мақоми ва бошқа миллий мусиқаларни қандай уйғунлаштириш мумкинлиги ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.
Шундай қилиб, Луис Гименез Амороснинг ташрифи Ўзбекистон мусиқаси ва маданиятини халқаро миқёсда кенгроқ танитиш, шунингдек, Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бу каби тадбирлар маданиятлараро алоқаларни кучайтириш, мусиқий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва глобал миқёсда санъатни тарғиб қилиш учун ажойиб имкониятларни очмоқда.
Европа Иттифоқи билан муваффақиятли ҳамкорлик сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, туризм ва маданий соҳаларда ўзаро манфаатларга асосланган ёндашувни таъминлаб, Марказий Осиё минтақасининг халқаро майдондаги нуфузини янада оширади. «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммитининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция жараёнларидаги марказий ролини мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Яқин келажакда ушбу саммит, Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи учун иқтисодий, инвестиция ва гуманитар алоқаларни янада чуқурлаштириш, янги савдо имкониятларини очиш ва минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун асосий платформага айланиши кутилмоқда.
Элдор Шерманов,
Юнус ражабий номидаги ЎзММСИ ректори в.б.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг