“Марказий Осиё – Хитой”: Барқарор ривожланиш йўлидаги янги геостратегик формат

Сўнгги йилларда Марказий Осиё геосиёсий маконида янги сиёсий-иқтисодий жараёнлар юзага келмоқда. Улар орасида “Марказий Осиё – Хитой” формати ўзининг институционаллашган шакли, амалий механизмлари ва аниқ лойиҳалари орқали минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилувчи етакчи платформалардан бирига айланмоқда.
2023 йилда Сиань шаҳрида ўтказилган биринчи расмий саммит билан бу формат янги босқичга кўтарилди. У Хитойнинг минтақадаги беш давлат – Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишига йўл очиб, учинчи томонлар иштирокисиз мулоқотни таъминлаган илк халқаро механизм сифатида тарихда қолди.
Хитой бу форматда ўз ташқи сиёсатини ўзаро манфаатдорлик, фаровонлик, суверенитетга ҳурмат ва хавфсизликни мустаҳкамлаш тамойиллари асосида олиб бормоқда. Бу эса нафақат сиёсий ҳамкорликни, балки ижтимоий, маданий ва фан соҳаларида ҳам алоқаларни фаоллаштириш имконини яратмоқда.
“Марказий Осиё – Хитой” формати юқори даражадаги учрашувлардан тортиб, соҳавий форумлар, ишбилармонлар йиғилиши ва мулоқот майдонларигача қамраб олган мукаммал механизмлар тизимига эга. 2023 йилги саммитда 54 та ташаббус муҳокама қилинди ва 19 та ҳамкорлик платформаси яратилди. Саммитларнинг ҳар икки йилда навбатма-навбат давлатлар пойтахтларида ўтказилиши устувор долзарбликни таъминлайди.
Аниқ лойиҳалар орқали барқарор ривожланиш
1. Қозоғистон – Хитой бугунги кунда Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. У нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, металлургия, машинасозлик, қурилиш ва логистика соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Хусусан, Хитойнинг миллий нефть корпорацияси (CNPC) Қозоғистоннинг нефть ва газ соҳасида муҳим роль ўйнайди. У Қашағон конида 8,33 фоиз улушга эга бўлиб, “Мангистаумунайгаз” каби йирик корхоналарнинг активларига сармоя киритган. Шунингдек, CNPC Қозоғистоннинг “КазМунайГаз” компанияси билан ҳамкорликда Қозоғистондан Хитойга нефть етказиб берувчи Қозоғистон – Хитой нефть қувурини бошқаради ва ундан фойдаланади.
Транспорт соҳасида ҳам Хитой Қозоғистонда темир йўл ва автомобиль инфратузилмасини ривожлантиришга катта сармоя киритмоқда. Масалан, “Жанубий йўлак” ва “Ғарбий йўлак” каби темир йўл тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш ишларида Хитой компаниялари фаол иштирок этмоқда.
Айни пайтда Қозоғистон ва Хитой ўртасида умумий қиймати 28,2 миллиард долларга тенг бўлган 96 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар натижасида 22,2 мингта янги иш ўрни яратилди.
2. Қирғизистон – Қирғизистон Марказий Осиёни боғловчи муҳим транзит мамлакат сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Буни тасдиқловчи яна бир муҳим воқеа – 2024 йил 27 декабрь куни Жалолобод шаҳрида Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон президентлари иштирокида йирик темир йўл лойиҳасининг тантанали ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Қашғар (Хитой) – Торугарт – Макмал – Жалолобод (Қирғизистон) – Андижон (Ўзбекистон) йўналиши бўйича темир йўл линиясини қуришни кўзда тутади. Йўлнинг умумий узунлиги тахминан 523 километр бўлиб, шундан 260 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади.
Лойиҳа доирасида Қирғизистонда асосий қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида махсус қўшма лойиҳа компанияси ташкил этилади. Ушбу компаниядаги улушлар қуйидагича тақсимланади:
Хитой темир йўллари – 51%
“Қирғиз темир йўли” – 24,5%
“Ўзбекистон темир йўллари” – 24,5%
Лойиҳанинг умумий қиймати 3-5 миллиард АҚШ доллари деб баҳоланмоқда. Қурилиш ишлари тахминан 6-8 йил давом этади.
Томонлар келишувига кўра, Қирғизистон ҳудудидаги лойиҳалаштириш, харид қилиш, қурилиш ва бошқа асосий ишлар учун Хитой томони масъул бўлади.
3. Тожикистон – Тожикистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорлик сўнгги йилларда самарали ривожланмоқда. Икки давлат энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма соҳаларида қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
2007–2023 йиллар давомида Хитойнинг Тожикистонга киритган инвестициялари умумий ҳажми 3,34 миллиард долларни ташкил этди. Шунинг 1,2 миллиард доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир. Сўнгги 20 йил мобайнида Хитой Тожикистондаги энг йирик тўғридан-тўғри сармоядорлардан бирига айланди. Агар 2004 йилда Хитой инвестициясининг умумий хорижий инвестициялардаги улуши 9 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 62 фоизгача ошди.
Хитой, шунингдек, Тожикистондаги “Данғара” ва “Панж” эркин иқтисодий зоналарини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Бу ҳудудларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Тожикистонда Хитой сармояси иштирокида 580 дан ортиқ компания фаолият кўрсатмоқда. Улар мамлакат иқтисодиётининг турли соҳаларида иш юритиб, янги иш ўринлари яратмоқда ва маҳаллий ривожланишга ҳисса қўшмоқда.
2025 йилда эса Тожикистон ва Хитойнинг “China Energy Engineering Group Co., Ltd.” компанияси ўртасида қайта тикланадиган энергия манбалари – хусусан, қуёш ва гидроэлектр станциялари қурилиши бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди. Бу келишув энергетика соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
4. Туркманистон – Туркманистон Хитойга табиий газ етказиб берувчи энг йирик ва муҳим ҳамкорлардан биридир. Икки давлат ўртасидаги энергетика ҳамкорлиги йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда.
Айни пайтда Туркманистон ва Хитой Туркманистон – Ўзбекистон – Тожикистон – Қирғизистон – Хитой йўналиши бўйлаб ўтиши мўлжалланган тўртинчи газ қувурини қуриш масаласини кўриб чиқмоқда. Янги линия қурилиши натижасида Хитойга Туркманистон газини етказиб бериш ҳажми йилига 65 миллиард куб метргача ошиши кутилмоқда. Шунингдек, бу газ қувури орқали Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам тўғридан-тўғри табиий газ етказиб бериш имкони яратилади.
Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) Туркманистондаги йирик газ конларини ўзлаштиришда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Боғтиёрлиқ ва Галқиниш каби стратегик аҳамиятга эга конларда кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик нафақат икки томонлама манфаатларни таъминлайди, балки бутун минтақа энергетика хавфсизлиги ва барқарорлигига ҳам катта ҳисса қўшади.
5. Ўзбекистон – Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда жадал суръатда ривожланмоқда. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик логистика, қайта тикланадиган энергия, саноат ва транспорт соҳаларини қамраб олиб, барқарор иқтисодий ўсишга хизмат қилмоқда.
Минтақанинг иқтисодий ривожланишида инфратузилма ва транспорт алоқаларининг ўрни катта. Ўзбекистон ва Хитой бу йўналишда ҳам кенг қамровли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан,
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли – уч давлатни боғловчи стратегик лойиҳа бўлиб, унинг қурилиши 2024 йил декабрда бошланган.
Қамчиқ темир йўл туннели, Хитойнинг China Railway Tunnel Group иштирокида қурилган бўлиб, 2016 йилда очилган. У Марказий Осиёдаги энг йирик темир йўл туннелидир.
Сирдарёдаги мултимодал логистика маркази – 2024 йил февралда Taitong International Transport Co. компанияси иштирокида қурилиши бошланган.
Бу лойиҳалар нафақат юк ташиш самарадорлигини оширади, балки минтақа давлатлари ўртасидаги иқтисодий боғлиқликни ҳам мустаҳкамлайди.
Хитойнинг илғор технологиялари Ўзбекистон саноатига кириб келиши натижасида янги иш ўринлари яратилмоқда ва иқтисодиётнинг турли тармоқлари жадал ривожланмоқда.
Автомобилсозлик соҳасида “Ўзавтосаноат” компанияси Хитойнинг Sinotruk International Investment Limited ва Германиянинг MAN Truck & Bus SE компаниялари билан ҳамкорликда UZ Truck and Bus Motors қўшма корхонасини ташкил этди. Sinotruk мазкур корхона устав капиталига 12,1 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритди.
2023 йилда “BYD Uzbekistan Factory” компанияси ташкил этилиб, 2024 йилда Жиззах вилоятида йилига 50 минг автомобиль ишлаб чиқарадиган завод ишга туширилди. Корхонада 1500 нафарга яқин иш ўрни яратилган бўлиб, уларнинг аксарияти маҳаллий мутахассислар томонидан банд этилган. Шунингдек, 200 нафар ўзбекистонлик мутахассис Хитойда малака оширди.
Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида Peng Sheng саноат парки Хитой сармояси иштирокида ташкил этилган бўлиб, саноат паркида турли соҳаларда ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи 14 та корхона фаолият юритмоқда. Бу саноат паркига 94 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Паркнинг умумий майдони 102 гектарни ташкил этади ва бу ерда 1500 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимизнинг энергетика, логистика, саноат ва технология соҳаларидаги ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Бу шериклик фақат икки давлат учун эмас, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам барқарор иқтисодий ўсишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда “Марказий Осиё – Хитой” формати минтақавий дипломатиянинг самарали йўли сифатида қаралиб, шу билан бирга барқарор ривожланиш ва яқин ҳамкорликнинг намунасига айланмоқда. Хитойнинг молия, технология ва сиёсатдаги имкониятлари Марказий Осиё давлатларида инфратузилмани яхшилаш, саноатни ривожлантириш ва энергетик хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Бу ҳамкорлик формати келажакда яратиладиган янги геосиёсий тизимда ҳам аҳамиятли бўлиб, барча иштирокчи мамлакатлар манфаатини ҳимоя қилувчи ва халқаро миқёсда таъсирга эга бўлган модел сифатида қаралмоқда.
Шухрат Хожимуродов, Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг