Маърифатпарварлик ҳаракати тимсолига айланган курашчи
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исҳоқхон Ибрат, Усмонхўжа кабилар билан бир сафда турган Мунаввар қори Абдурашидхонов (1878-1931-йиллар) жадидчилик ҳаракатининг етук вакилларидан саналади. Орадан салкам 100-йил ўтса–да у ҳақида илиқ фикрлар баён этилган мақолалар ёзилмоқда, ҳаёти ва фаолиятига оид рисола ва китоблар чоп этиляпти.
Бу бежиз эмас. Мунаввар қори Абдурашидхонов XIX аср охири ва ХХ аср дастлабки ўн йилликларида бутун Туркистон минтақасида маърифатпарварлик ҳаракати тимсолига айланди. Архив ҳужжатларида унинг 1905-1907-йилларда “Шуҳрат”, “Осиё”, “Хуршид” каби газеталар чоп этганлиги, ўз маслакдошлари билан миллий матбуотчилик ривожига беқиёс ҳисса қўшганлиги билан боғлиқ маълумотлар келтирилган. Мунаввар қори ташкилотчилигида 11 та усули жадид мактаби очилгани, улар учун қўлланма, дарсликлар яратиш асносида, ўқув дастурлари ишлаб чиқилганлиги эътиборга лойиқдир. Хорижнинг Туркия (Истанбул), Қозон, Уфа, Боғчасарой, Оренбург (Россия), Ҳиндистон, Миср, Эрон каби давлатларидан мусулмон адабиёти, китоблар олиб келтирилган.
Мунаввар қори Абдурашидхонов мусулмон имлоси (араб ёзуви)да ва Европа тилларида чоп этилган китоблар дўкони “Умид” (“Надежда”) га асос солди. Сирдарё вилоят ҳарбий губернатори ҳамда полиция маъмурий идораларига босмахона очишга рухсат сўраб ўнлаб илтимосномалар ёзганлиги, ҳар бир мақсади ҳосил бўлишида мислсиз машаққатлар гирдобидан ўтганлигини архив ҳужжатлари тасдиқлайди. Россия империяси ҳукумати уни аввалбошданоқ “хавфли кишилар” рўйхатига киритиб, эзгуликка йўғрилган фаолиятини “панисломчи”, “пантурончи”, “пантуркчи” каби сохта айблар билан қоралашга ўтган. Илтимосномалари рад этилган ва кўп ҳолларда жавобсиз қолдирилган.
Мунаввар қорининг фаолияти кўп қиррали. Бу ўқувчиларга замонавий таълим бериш, хориждан китоблар келтириб аҳолига тарқатиш, китоб савдосини йўлга қўйиш, босмахона очиш, тараққийпарварларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, озодлик учун курашувчиларга маънавий раҳнамо бўлиш каби саъй-ҳаракатларда намоён бўлди. Унинг ташаббуси билан Тошкентда империя маъмурлари расмий жиҳатдан тан олган биринчи миллий уюшма “Кўмак” (1909-1923-йиллар) тузилганди. “Кўмак” ўзининг низомига эга бўлиб, уни ҳукумат 1909-йилда тасдиқлади. Ушбу ташкилот 1910-йилнинг августидан фаолиятини бошлади. “Кўмак” низомида аҳоли кам таъминланган тоифаларига моддий ва тиббий ёрдам кўрсатиш, ўқувчиларни текин ўқитиш, хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, текин овқатланадиган ошхоналар ташкил этиш, етимхоналар очиш каби хайр-эҳсон ва меҳр-мурувватга йўналтирилган мақсад ҳамда вазифалар белгиланганди. Мунаввар қори ва унинг ўнлаб сафдошлари ушбу жамиятга аъзо бўлиб кириш жараёнида қасамёд қабул қилдилар ва ўз қасамларига умр бўйи содиқ бўлиб қолдилар.
Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Кўмак” уюшмаси аъзоларининг сони биринчи йилда яъни 1910-йил кузида 500-600 нафар бўлган. Жамиятга аъзолик бадали бир йил учун 1 рубль 50 тийин бўлса, ҳақиқий ва доимий аъзолар бир йўла 6 рубль тўлашган. Унинг сафларида мударрислар, савобталаб бой савдогарлар, зиёлилар, илғор фикрли кишилар бирлашган. Кам таъминланган ўқувчиларга “Кўмак” томонидан 50 тийин, ўқитувчиларга 1 рубль 50 тийин тўланган. Ўша пайтда бу пулнинг қурби катта бўлиб, эҳтиёжмандларнинг ташвишини енгиллаштиришда қўл келган.
Мунаввар қори нафақат империя ҳукумати, балки шўролар тузуми қолипига ҳам сиғмади. У совет ҳокимияти йилларида буюк давлатчилик сиёсатига қарши чиқиб, ҳақиқий маънодаги мустақиллик учун курашди. “Миллий истиқлол” ташкилоти (1922-1929-йиллар) Туркистон ва Ўзбекистондаги бошқа миллий мухолифатдаги ташкилотлар сингари Ватан мустақиллиги йўлида кураш олиб борди. Бироқ совет ҳокимияти “Миллий иттиҳод”, “Ботир гапчилар”, “Кўр каламуш”, “иноғомовчилик”, “бадриддиновчилик”, «18 лар гуруҳи” кабилар сингари “Миллий истиқлол”ни 1929-йилда “фош” этди. Тадқиқотчи Ўктам Убайдуллаев Ўзбекистонда фаолият юритган мухолифат уюшмалари тарихини аввалдан таъқиқланган махфий ҳужжатлар орқали ўрганар экан, Мунаввар қори 86 нафар сафдоши билан қатағон домига тортилиб, қатл этилганлигини афсус — надомат билан ёзган.
Шу кунларда бу улуғ зот таваллудининг 145-йиллиги кенг нишонланмоқда. Зеро, эзгу ва хайрли ишлари абадиятга муҳрланган Мунаввар қори Абдурашидхонов тимсоли халқимиз қалбида умрбоқий яшайди. Унинг собитқадам, эътиқодда мустаҳкам ҳаёт йўли ва фаолияти бугунги авлодни мустақиллик ғояларига содиқ бўлишда йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади.
Шодмон ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат университети Жаҳон тарихи кафедраси
ўқитувчиси, тарих фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг