Маърифат чароғбони

14:18 16 Январь 2025 Жамият
154 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Бу йил юртимизда таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланадиган буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий, серқирра истеъдод соҳиби, забардаст тилшунос Исҳоқхон Ибрат каби миллатимиз ойдинларининг ўз даврида кутубхоналар очиб, халққа зиё улашгани тарихдан яхши маълум.

Ёшларимизни илму урфонга чорлаб, уларнинг маънавий камолотга эришуви йўлида фидойилик кўрсатаётган, бу эзгу ишни ҳаётининг мазмунига айлантирган юртдошларимиз бугунги кунда ҳам кўплаб топилади. Тарих фанлари доктори, профессор, халқаро “Антик дунё” академиясининг аъзоси Раҳмон Машарипов ана шундай маърифат чароғбони, маънавият жонкуярларидан бири. Юртдошларимиз устозни “Хоразм тарихи”, “Мозий садолари ва сабоқлари”, “Хоразмлик буюк олимлар” каби йигирмадан ортиқ илмий асар ва дарсликлари, матбуот нашрларида эълон қилинган юзлаб мақолалари, “Яхшиларни ой нурига ўранглар”, “Дилнома”, ”Садоқатнома” каби ўндан ортиқ шеърий тўпламлари орқали яхши билишади.

Раҳмон бобо узоқ йиллар вилоят миқёсида раҳбарлик лавозимларида ишлади, умумтаълим мактабларида, Урганч давлат университетида ёшларга сабоқ берди. Бугун ёши тўқсонга яқинлашган табаррук отахоннинг умр бўйи тўплаган бойлиги мўъжазгина ҳовли-жойининг тенг ярмини эгаллаган. Булар 12 та тилда чоп этилган 15 мингдан ортиқ илмий, бадиий, тарихий китоблар, мингдан ортиқ тарих ва этнографияга оид музей экспонатлари, ноёб фотосуратлардан иборат. Уйнинг қолган қисмида эса бобо фарзандлари, невара-чеваралари билан истиқомат қилади. Қарийб етмиш йил давомида тўплаган бу нодир хазинадан бутун эл манфаат топишини ўйлаган Раҳмон бобо уйида ажойиб кутубхона ҳамда “Тожмаҳал” деб номланган тарих ва ўлкашунослик музейини ташкил қилган.

— Шахсий кутубхонамдан фарзандларим, невара-чевараларим, таниш-билишлар аввалдан фойдаланиб келар эди, — дейди Раҳмон Машарипов. — Президентимизнинг китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган қароридан сўнг, унинг ижросини таъминлашга мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишим керак, деган хулосага келдим. Ўйлаб қарасам, бу маънавий хазинадан фақат ўзим, оилам фойдаланиши билан кифояланиб қолиш гўё чашмадан бировга сув бермаслик билан баробар. Умр бўйи йиққан китобларимнинг жавонда чанг босиб ётмасдан ўқувчилар ўртасида қўлма-қўл бўлаётганидан, элдошларимга нафи тегаётганидан хурсандман.

Талабалик йилларида бошқа харажатлардан тежаб стипендиясининг бир қисмига китоб сотиб олишга одатланган Раҳмон бобо бу анъанани шу бугунгача давом эттириб келади. Ҳар ой нафақа пули қўлига теккач янги китоблардан харид қилиш учун вилоят марказидаги китоб дўконларига йўл олади. Китобсевар ёшлар, турли соҳаларда илмий изланиш олиб бораётган талабалар бу хонадонга тез-тез келиб туришади. Раҳмон бобо ташкил қилган кутубхонанинг бошқа кутубхоналардан фарқли яна бир жиҳати бор: бу масканда дам олиш кунлари ва соатлари йўқ, зиё масканининг эшиклари илм толиблари учун доим очиқ!

Китоб излаб келган ёшлар тарих ва ўлкашуносликка оид ноёб экспонатларга эга мўъжазгина музейни томоша қилмасдан кетмайди. Бу ерга ёши улуғ инсонлар, илмий тадқиқотчилар ҳам тез-тез ташриф буюришади. Музейнинг тилак ва истаклар битиладиган китобига Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк университети профессори Ленда Грен қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирган: ”Мен жаноб Раҳмон Машарипов ташкил қилган музей экспонатлари ва кутубхонадаги адабиётлар билан икки кун давомида танишиб Хоразм дунё цивилизацияси марказларидан бири эканлигига амин бўлдим. Ватанимга қайтгач бу ерда ўрганган билим ва олган бой таассуротларимни талабаларимга, ҳамкасбларимга албатта етказаман”.

Аслида Раҳмон бобонинг тарих ва адабиётга қизиқиши бежиз эмас. Отахоннинг шажараси улуғ шоир, тарихнавис ва таржимон Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийга бориб тақалади. Буюк аждодлари меросини ўрганиш ва муносиб давомчиси бўлиш унинг умр мазмунига,ҳаётий шиорига айланган. Нуроний отахонни таълим масканларида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказиладиган тадбирларга тез-тез таклиф қилишади.

Отахон тўплаган қадимий осори-атиқаларнинг бир қисми жой етишмаслигидан болохонада сақланяпти. Агар бино масаласида амалий ёрдам берилса, музей ва кутубхона фаолиятини янада кенгайтириш мумкин. Раҳмон бобонинг табаррук ёшида маънавий-маърифий жараёнларда фаол иштирок этаётгани, у кишидаги ғайрат ва шижоат ибратга лойиқ. “Шахсий кутубхонамда фалонта китоб тўплаганман”, деб мақтаниш ўрнига, отахондан ўрнак олиб ушбу китоблардан ҳеч бўлмаганда маҳалла аҳлининг фойдаланишига рухсат берсак ҳам юртимизда мутолаа маданиятини янада юксалтиришга ўз ҳиссамизни қўшган бўлар эдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?