Марғилонда “Отабек ва Кумуш уйи” қачон қурилади?

13:51 09 Январь 2025 Жамият
211 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Марғилон шаҳрида халқимизнинг севимли ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўткан кунлар” романи қаҳрамонлари билан боғлиқ хотиралар ҳамон сақланиб қолмоқда. Авлоддан авлодга ўтиб келаётган бундай таассуротлар адиб ижоди абадиятга дахлдорлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, Марғилон деганда “Ўткан кунлар” романидаги Отабек ва Кумуш покиза туйғулари, ибо ва ҳаёси, кулгиси ўзига ярашган дилбар қизнинг маъсума қарашлари, ошиқ йигитнинг бедор қалби, мумтоз наволар сеҳри кўз олдимизга келади. Ширин хаёллар бизни бир зумда еттинчи осмонда сайр қилдиради. Бир лаҳзада ўша севимли қаҳрамонларимиз қалбимизни ўзига маҳлиё этади.

Бундан тўрт-беш йил олдин бошланган эзгу ташаббусга кўра, Марғилонда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Отабек ва Кумуш, Мирзакарим қутидорнинг рамзий уйи, ўзбекона ҳовлисини барпо этиш режалаштирилганди. Аммо баъзи сабаблар билан ушбу ташаббус амалга ошмай қолди. Тўғрироғи, шоирона ибора билан айтганда, туғилдию шу он бўғилди...

Ҳақиқатан ҳам бу кўҳна кентда зиёрат туризмини жадал ривожлантириш учун барча қулайлик мавжуд. Боиси бугунги кунда шаҳарда 40 дан зиёд маданий мерос объектида сайёҳлар ташриф буюриши учун барча шароит яратилган. Кейинги йилларда туризм ривожига қаратилган эътибор ва рағбат туфайли Марғилонда меҳмонхоналар сони 10 дан ошди. Уй меҳмонхоналари, хостеллар қурилди.

Атлас, Буюк ипак йўли фольклор фестиваллари ўтказилиши доимий анъанага айланиб, тадбирлар доирасида хориждан ва маҳаллий сайёҳлар оқими тобора кўпайиб бораётир. Ҳозир вилоятда Қўқон ва Марғилон шаҳри, Риштон тумани сайёҳлар энг кўп келадиган ҳудудлар сирасига киради.

Айни йўналишда вилоят туризм бошқармаси, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, хусусан, воҳадан водийга келаётган сайёҳлар сонини таҳлил қилиш орқали сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорликда 5 кунлик саёҳат пакети, янги маршрутлар ташкил этиш доимий эътиборда. Шу мақсадда Марғилондан бошланадиган сайёҳлик йўналиши Тошкент, Самарқанд ва Бухоро бўйлаб давом этиши кўзда тутилган.

Яқин йилларда Марғилон Жаҳон ҳунармандлари шаҳри мақомига эга бўлгани, бугунги кунда ҳунармандлар томонидан тайёрланаётган ўнлаб турдаги ноёб ипак матолар, атлас ва адраслар дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатига етказиб берилаётгани ҳам сайёҳлар эътиборини жалб этувчи яна бир жиҳат ҳисобланади.

Марғилондаги Узунҳовуз деган тарихий жойда эски маҳалла бор. Дастлаб Отабек ва Кумушнинг уйини айнан шу ердан қуриш ният қилинганди. Бу бўйича туризм маршрути ҳам ишлаб чиқилиб, лойсувоқли уйлардан иборат эски маҳалла бунёд этиш, сайёҳлар мароқли ҳордиқ чиқариши учун миллий қадриятларга хос ҳовлилар, айвонлар, ўриндиқлар ташкил қилиш режалаштирилганди. Афсуски, қандайдир сабаблар билан мазкур ташаббус тўхтаб қолди. Аммо ҳали лойиҳадан буткул воз кечилгани ҳам йўқ,

— Ўтган йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳримизда “Янги Ўзбекистон” массиви қурилишига киришилди, — дейди Марғилон шаҳар ҳокими ўринбосари Тўланбой Бекназаров. — Замонавий ва муҳташам қиёфага эга бўладиган янги массивда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа муассасалари, яшил хиёбонлар билан бирга Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси ҳам бунёд этилади. Отабек ва Кумуш уйини ҳам айнан ушбу ҳудудда жойлаштириш мақсад қилинган.

Халқимизда ҳолва деган билан оғиз чучимайди, деган ибора бор. Шу маънода, яшни ният яхши, лекин турли сабаблар билан пайсалга солавермай, унинг ижобати тезроқ тўлиқ таъминланса, янада маъқул бўлар эди.

Ишонамизки, бу сафар эзгу ният яна ваъдалар соясида, пуч хаёллигича қолиб кетмайди. Замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қад ростлаётган янги массивда Отабек ва Кумуш уйи қуриб битказилади ҳамда ушбу табаррук маскан Марғилоннинг ўзига хос туризм брендларидан бирига айланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер