Марғилонда “Атлас байрами” олтинчи халқаро фестивали бошланди

16:34 19 Сентябр 2024 Жамият
220 0

Ботир МАДИЁРОВ/“Халқ сўзи”. Жорий йилнинг 19-21 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида “Атлас байрами” олтинчи Халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтади.

Бугун Марғилон шаҳридаги Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида фестивалнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган таниқли ҳунарманд, дизайнер ва рассомлар билан бирга Австралия, Болгария, Буюк Британия, Испания, Италия, Португалия, Швейцария, Латвия, Эстония, Ҳиндистон, Малайзия, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби 20 дан ортиқ хорижий давлатлардан меҳмонлар келишди.

Ушбу фестивал анъанавий тўқимачилик соҳасига хос билим ҳамда кўникмаларни тарғиб қилишда ўзига хос мулоқот майдонига айланди. Шунингдек, мазкур анжуман ҳунармандлар, дизайнерлар, мода соҳаси мутахассислари, ишлаб чиқарувчилар ва тўқимачилик бўйича мутахассисларга янги ва инновацион ғоялар учун фойдали платформа вазифасини бажармоқда.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Бутунжаҳон ҳунармандчилик кенгаши ва Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, Туризм қўмитаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бу галги фестиваль тадбирлари жуда ранг-баранглиги билан эътирофга лойиқ.

— Фестиваль олдидан Марказий Осиё мамлакатларидан жалб этилган ҳунарманд ва дизайнерлар учун ўтказилган бир ҳафталик семинар иштирокчиларига сертификатлар топширилди, — дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов. — Биринчи кун учун мўлжалланган дастурлар доирасида фотосуратлар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади. Ҳунармандлар марказида анъанавий мато ва ипак гилам тўқимачилиги бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.

Ижодкорлар боғида “Мерос ва тараққиёт: Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси бозори салоҳиятини ўрганиш” мавзусида давра суҳбати, “Ёдгорлик” корхонасида анъанавий мато тўқимачилиги бўйича мулоқот, Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида ёш дизайнерларнинг либослар намойиши ташкил этилади.

Айтиш жоиз, фестиваль тадбирларида бу йил илк бор турли давлатлардан келган рассомлар ҳамда тўқимачилик соҳаси бўйича дизайнерлар ҳам қатнашмоқда.

“Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивали 21 сентябрь кунига қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?