Марғилон шаҳрида илмий-маърифий ва туризм мажмуаси қурилишига киришилди

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Юртимизда Наврўз байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда Фарғона вилояти фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ипакчилар шаҳри – Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номи билан аталадиган илмий-амалий ва туризм мажмуасини бунёд этиш ишлари бошланди.
Эзгу ташаббусга кўра, мажмуага уйғун ҳолда «яшил жамоат парки» ҳам барпо этилади.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров қатнашиб, ўтган йилнинг 11-12 июль кунлари давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғида берган топшириғи асосида бу борада замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари бўйича мукаммал лойиҳа ишлаб чиқилганлигини таъкидлади. Лойиҳа тайёрланиши жараёнида мажмуада Марғилон шаҳрининг кўҳна тарихи, илм-фани, маданияти ҳамда бугунги тараққиёт мезонлари ўзаро уйғунлаштирилгани айтиб ўтилди.
— Яқин истиқболда ушбу мажмуа вилоятимизнинг ўзига хос илмий-маърифий ҳамда туризм марказига айланишига ишонамиз, — дейди Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Мирзаев. — Маълум бўлишича, бу ерда нафақат Бурҳониддин Марғиноний илмий мероси абадийлаштирилади, шу билан бирга Фарғона вилояти тарихида илм-фан, адабиёт, санъат ва маданият йўналишида ўчмас из қолдирган буюк аждодларимиз сиймоси акс этадиган хиёбонлар барпо этилади.
Ҳунармандчилик ва туризм маркази қад ростлайди. Ўз навбатида меҳмонхоналар, савдо марказлари, мусиқали фавворалар мажмуаси қуриб битказилади. Шу тариқа ташриф буюрувчилар Фарғона тарихини ўрганиш билан бирга туризм мажмуасида дам олиш, ҳунармандлар томонидан яратилган маҳсулотларни кўриш ҳамда мазкур жараёнда бевосита қатнашиш имконига эга бўлади.
Айтиш жоиз, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мажмуа ҳудудида «яшил жамоат парки» ташкил этиш ҳамда бир миллион тупга яқин манзарали дарахтлар экиш режалаштирилган. Тадбир давомида чинор, каштан, япон софораси, элдар қарағайи, биргин арчаси ҳамда оқ қарағай каби дарахт кўчатлари экилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг