Манфаатли ҳамкорлик: «C5+1» саммити — янги имкониятлар эшиги

16:20 11 Ноябрь 2025 Сиёсат
540 0

Иллюстратив фото

Нуриддин ИСМОИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери

Дунёдаги янги сиёсий мувозанатлар тез ўзгариб бораётган ҳозирги даврда, геоиқтисодий рақобат, энергия хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва трансчегаравий муаммолар давлатлардан янги ёндашувни талаб қилмоқда.

Президентимизнинг мамлакатимиз ва минтақамиз манфаатларидан келиб чиқиб олиб бораётган ўзига хос фаол ташқи сиёсати ўзининг ижобий натижаларини бераётганлиги бугунги кундаги муҳим воқеалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг очиқлик ва ўзаро ишончга асосланиб яқин қўшнилар билан олиб бораётган сиёсати, минтақамизга янги мазмун, руҳ олиб кирди.

Қўшни мамлакатлар ўртасида рақобатдан кўра ҳамкорлик кайфияти ҳукм сурмоқда, минтақада бирдамлик ва янги мувозанат шаклланмоқда.

Президентимизнинг АҚШ Президенти Дональд Трамп ва АҚШнинг бошқа юқори мартабали раҳбарлари билан учрашувлари икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқмоқда. Икки томонлама учрашув якунлари, айниқса, АҚШ Президентининг бизнинг Президентимиз ҳақидаги фикрлари АҚШнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишонч билан қараётганидан далолат беради.

Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ етакчиларининг “C5+1” форматидаги саммити эса Марказий Осиёнинг нафақат минтақавий, балки глобал масалаларни ҳал этишда ишончли ҳамкор сифатида ўрни ошиб бораётганини кўрсатмоқда.

Дарҳақиқат, минтақамизда хавфсизликни таъминлаш билан бирга барқарор ривожланишга эришиш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон учун ушбу платформа нафақат дипломатик мулоқотни, балки иқтисодий ривожланиш, инновацияларни жорий қилиш ва халқаро майдонда фаол иштирок этиш имкониятини ҳам таъминлайди.

Давлатимиз раҳбари саммитда сўзга чиқиб, “C5+1” формати доирасида амалий характерга эга бўлган ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, “C5+1” доирасида доимий фаолият юритадиган Котибият ташкил этиш, Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш, “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини йўлга қўйиш, Минтақавий агротехнологик шериклик платформасига асос солиш каби ташаббуслари, албатта, “C5+1” форматидаги алоқалар натижадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари нафақат давлат раҳбарлари, балки қонун чиқарувчи органлар ўртасида ҳам изчил ривожланмоқда. Саммит доирасида Президентимиз АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари билан ҳам учрашув ўтказгани аҳамиятли жиҳатлардан бири бўлди. Бу мамлакатимиз раҳбарининг ҳар бир халқаро ташрифда парламент дипломатиясига алоҳида эътибор қаратаётганининг яққол ифодасидир.

Учрашувда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва икки мамлакат парламентларининг амалий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, АҚШ Конгрессида Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус фаолияти орқали парламент дипломатияси янада ривожланмоқда. Ҳар йили Вакиллар палатасида кокус кўмагида Ўзбекистон кунлари ўтказиб келинаётгани икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг АҚШга ташрифи фақат сиёсий эмас, иқтисодий, инвестициявий жиҳатдан ҳам юксак тарихий аҳамият касб этди. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Америка Қўшма Штатларининг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари вакиллари билан самарали учрашувлар ўтказилди. Давлатимиз раҳбари Америка бизнеси билан стратегик шерикликнинг янги йўналишларини очиқ ва аниқ тарзда кўрсатиб ўтди.

Албатта, Америка Қўшма Штатлари билан иқтисодий алоқаларнинг изчил кенгайиши мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш, хусусий секторни ривожлантириш ва замонавий технологиялар жалб этишга хизмат қилади. Бу эса миллий манфаатларимизга тўла мос келади ва давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг ташрифи якунлари кенг кўламли бўлиб, давлатимиз ва жамиятимизни фаол ривожлантириш учун янги имкониятлар очади. Ўзбекистон парламенти Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий йўлини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда эришилган келишувларни амалга оширишда парламентнинг таъсирчан иштирокини таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирларни кўриб, миллий ва минтақавий даражада келишувларнинг самарали амалга оширилиши учун зарур қонунчилик базасини мустаҳкамлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?