«Манчестер Сити» афсонаси клубни тарк этмоқда

17:14 04 Апрель 2025 Спорт
234 0

Фото: AP

Бельгиялик ярим ҳимоячи Кевин Де Брюне жорий мавсум охирида Англиянинг «Манчестер Сити» клубини тарк этади. Бу ҳақда спортчи «Х» ижтимоий тармоғида ёзди.

«Бу менинг «Манчестер Сити»даги сўнгги ойларим. Бир кун келиб шундай кун келишини барча футболчилар билади. Ва ўша кун келди. Футбол мени Манчестерга олиб келди. Мен орзуларимнинг ортидан юрардим ва фаолиятимнинг бу босқичи ҳаётимни ўзгартиришини билмасдим. Бу ердаги одамлар туфайли мен кўп нарсага эга бўлдим. Ва биз ҳаммасини ютдик. Бироқ, хайрлашиш вақти келди», деб ёзган бельгиялик футболчи.

Кевин Де Брюне 2015 йилдан бери «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилмоқда. Ўтган ўн йил давомида у 6 марта Англия чемпиони бўлди, беш марта Англия Лига кубогини, икки марта Англия кубогини қўлга киритди. 2022/23 йилги мавсумда Чемпионлар лигаси ғолибига айланди.

Жорий мавсумда ярим ҳимоячи барча турнирларда 31 та учрашувда майдонга тушди. Бу ўйинларда у тўртта гол урди ва еттита голли узатмани амалга оширди.

«Footmercato» портали хабарига кўра, 33 ёшли Де Брюне фаолиятини Саудия Арабистонининг иккинчи дивизионида иштирок этувчи «Неом» клубида давом эттириши мумкин.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, айни пайтда «Манчестер Сити» шарафини ўзбекистонлик ҳимояси Абдуқодир Ҳусанов ҳимоя қилмоқда. Жорий йилнинг январида ушбу жамоа аъзосига айланган ҳамюртимиз ўтган вақт давомида Англия чемпионатида 6, Англия кубогида 2 ва Европа чемпионлар лигасида бир учрашувда майдонга тушди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?