Маънавий жасорат соҳиби

1 март — Озод Шарафиддинов таваллуд топган кун
Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов бугун ҳаёт бўлганида 95 баҳорни кутиб олган бўларди.
Заҳматкаш бу инсон миллий адабиётимиз ривожига, халқимизнинг маънавий юксалишига салмоқли ҳисса қўшди. Моҳир мунаққид сифатида сўз санъатининг янги истеъдодларини кашф этишга, яратилаётган асарларга ҳаққоний баҳо беришга, уларнинг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини ўқувчиларга ширали тил ва содда услубда тушунтиришга интилди. Унинг “Замон. Қалб. Поэзия”, “Адабий этюдлар”, “Биринчи мўъжиза”, “Адабиёт — ҳаёт дарслиги”, “Чўлпонни англаш”, “Ижодни англаш бахти”, “Довондаги ўйлар” ва бошқа кўплаб асарлари ана шу изланишлар, машаққатли меҳнатлар маҳсули ўлароқ дунё юзини кўрди. Бу бебаҳо асарлар халқимизнинг маънавий-бадиий савиясини, руҳини кўтаргани, адабиётга, истиқлол ғояларига садоқатини юксалтиргани учун ҳам асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмаслиги шубҳасиз.
Озод Шарафиддинов ўз умр йўли, салмоқли мероси, ибратли фаолияти билан эл-юрт тақдирига жонкуярлик, эзгу мақсадлар йўлида курашиб яшаш, маънавий жасорат ва матонат, ватанпарварлик тимсолига айлана олди.
ЭЪТИҚОДИМНИ НЕГА ЎЗГАРТИРДИМ?
Эскиган, чириган тамаллар
Йўқликка эгри йўл изларкан,
Нега мен ундан юз ўгирмай?
БОТУ
1996 йил бошларида «Труд» газетасида Россия Коммунистлар партияси раҳбари Геннадий Зюгановнинг суҳбати босилди. Унда қуйидаги гаплар ҳам бор эди: «Бутун умрини тинч яшаб, мамлакати, халқи ҳақида яхши гаплар гапириб келган, кейин айниган одамни кўрсам, ҳазар қиламан. Агар у бутун умри давомида ёлғон гапирган бўлса, ҳар куни уйига қайси юз билан кирди экан, яқинлари билан қандай мулоқотда бўлди экан? Одам олтмиш ёшга кирганида, чинакамига кўзи очилиши ва ўтмишни қаҳру ғазаб билан қоралаб, оёқости қилиши мумкинлигига негадир ақлим бовар қилмайди».
Аввалига бу гапларга унчалик эътибор берганим йўқ — бамайлихотир юравердим. Лекин негадир юрагим ғашланаверди, аллақаерим зирапча киргандек лўқ-лўқ қилиб тинчлик бермасди. Ўйлаб қарасам, бу аччиқ гаплар тўғридан-тўғри менинг шаънимга айтилган экан. Ахир, мен ўттиз йиллик партия аъзоси эдим, олтмиш ёшга кирганда партиядан чиқдим, бутун умрим мобайнида мамлакат ҳақида, халқ тўғрисида яхши гаплар айтиб келган эдим, бугун эса ўзимнинг коммунистча ўтмишимни астойдил қоралаш билан бандман. Мана, эътиқодимни ўзгартирганим учун ўртоқ Зюгановнинг маломатига қолиб ўтирибман, Зюгановнинг дашноми ачиб турган ярага туз сепгандай бўлди. Негаки, эътиқодсизлик чиндан хам ёмон нарса. Ўзим ҳам бўлар-бўлмасга эътиқодини янгилайверадиган беқарор ва бебурд одамни ёмон кўраман. Айниқса, шахсий манфаат йўлида дўстини, оға-инисини, устозини чақса кепакка сотиб юборишдан тоймайдиганлардан мен ҳам ҳазар қиламан. Бироқ эътиқодингиз ҳаёт синовига дош беролмаган ва сизни аллақа
чон боши берк кўчага киритиб қўйгани исботланган, муқаддас деб ҳисоблаб келган байроғингизнинг сохталиги билиниб қолса, нима қилмоқ лозим? Шунда ҳам одам миси чиққан эътиқодига кўр ҳассасига ёпишганидек ёпишиб олмоғи керакми? Шунда ҳам Қўқон бозоридаги ўжар деҳқонга ўхшаб, «диғоним — диғон» деб безрайиб туравериши зарурми? Йўлингизда тўсин учраб қолса, «мен фақат тўғри юраман» деган ақида билан бориб унга пешонангизни уриш доноликдан эмас-ку, ахир!
Шундай қилиб, мен олтмиш ёшимда эътиқодимни ўзгартдим ва Зюгановнинг маломатига қолдим. Начора, бу ҳам бир кўргулик-да! Ўртоқ Зюганов менга таъна тошларини отиб, анча-мунча хумордан чиқиб олган бўлса ажаб эмас. Аммо масаланинг «лекин»и шундаки, ўша кезларда эътиқодини ўзгартган биргина мен ёки Эшмат билан Тошмат эмас эди. Ундайлар минглаб, юз минглаб, ҳатто миллионлаб эди. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг, бир замонлар РСДРП, кейин—РКП (б), ундан сўнг — ВКП (б) ва ниҳоят, КПСС деган ном билан довруғ қозонган партия сафида 80-йилларнинг охирига келиб тахминан 20 миллион аъзо бор эди. 20 миллион-а! Айтмоққа осон! Бу саноқ ўртача нуфусли Овруло мамлакатининг аҳолисига тенг келади.
Бугун шунча одамнинг ҳаммаси бўлмаса-да, мутлақ кўпчилиги коммунистик мафкурадан узил-кесил юз ўгириб, эътиқодини ўзгартирди. Тузукроқ ўйлаб қаранг, маънавий суянчиғи барбод бўлган, ихлос билан ишонган идеаллари сароб бўлиб чиққан салкам 20 миллион одам! Ҳаётининг ярмидан кўпини яшаб қўйгач, бирдан шунча умр бехуда кетганини англаб қолган, дунёни поклашдек олий ниятга хизмат қиляпман деб ўйлаган, аслида эса ўзи буткул «кирланиб» битган 20 миилион одам! Башарият тарихида ҳали ҳеч қачон бунақа ката фалокат, бунчалик беҳудуд фожиа рўй берган эмас эди ва, эҳтимолки, бундан кейин ҳам ҳеч қачон рўй бермас. Бу шундай мислсиз фалокат, шу қадар улкан маънавий емирилишки, унинг оқибатида курралар меҳваридан чиқади, жамиятнинг руҳий мувозанати бузилади, қанчадан-қанча одам тўсатдан ўзини жунун водийсига тушиб қолгандай ҳис қилади ва янги суянч тоғларини излаб ҳар томон сарсари югуради. Шундоқ экан, беқиёс фалокатдан азият чеккан миллион-миллион одамдан «ҳазар қ
илиш» билан масала ҳал бўлармикан? Улар «ўз ўтмишларини оёқости қилмоқдалар» дея таъна тошини отган билан иш битармикан? Тўғри, ўтмишни қоралашдан фойда йўқ. Чунки ўтмиш — ўтмиш-да! У аллақачон тарихга айланган. Унинг бирор кемтигини бутлаб қўйиш мумкин бўлмаганидек, бирор бесунақай жойини пардозлаб, текислаб ҳам бўлмайди. Ундан фақат сабоқ олиш мумкин.
ХХ аср сўнггида юз берган бу мислсиз маънавий ҳалокат жуда кўп одамларни гарангситиб, саросимага солиб қўйди. Олимлар, мутафаккирлар унинг сабабларини ўрганишга киришди. Хозирнинг ўзида бу тўғрида ўнлаб, юзлаб салмоқли тадқиқотлар майдонга келди. Келажакда улар янада кўпроқ яратилар. Албатта, улкан тарихий эврилишлар силсиласида биргина одамнинг бошидан ўтганлари махсус эътибор бериб ўтиришга арзийдиган катта воқеа эмас. Масалан, мен нега эътиқодимни ўзгартдим, бу жараёнда қандай изтироблар чекдим, қандай ўйлар, ўкинчлар, афсусу надоматлар кўнглимдан кечди — бунинг кимга ҳам қизиғи бор дейсиз? Аммо ҳамма титраб-қақшаб зулматни қоралаётган чоғда биттагина шамчироқ ёқилсаю ўша зулматнинг бир чеккаси сал бўлсада ёришса нима қипти? Дарёлар ирмоқлардан, ирмоқлар томчилардан ташкил топади. Шундоқ экан, бир одамнинг аччиқ тажрибаси ҳам нимагадир асқотиб қолиши мумкин-ку! Хамма бўлмаса ҳам, лоақал невара-чевараларим ўқиб, мен бошимдан кечирган адашишлар ва хатоликлар йўлига қадам қўйишдан ўзларини тиярлар.
* * *
Абдулла Қаҳҳорнинг ибораси билан айтганда, мен партияга чақириқ қоғози билан кирган эмасман. Бинобарин, менинг коммунистча эътиқодим ҳам қандайдир мажбуриятлар туфайли, кимларнингдир қийин-қистови билан шаклланган эмас. Аксинча, эсимни танибманки, мен юрган йўллар тўппа-тўғри партияга олиб келувчи йўллар бўлган эди. Балоғат ёшига қадам қўйишим биланоқ партияга аъзо бўлиш, коммунистлар сафида одим отмоқ ҳаётимнинг бош мақсадига айланган эди. Мени бунга ҳеч ким мажбурлагани йўқ, лекин бутун турмуш тарзим, мактабда кечирган ҳаётим ҳам, оиламиздаги шароит ҳам, умуман, мен яшаб нафас олаётган муҳит бошидан оёғигача буткул менда шу иштиёқни туғдирди ва яшнатиб авж олдирди.
Бугун йиллар қаъридан назар ташласам, болалигим қирмизи алвонлар ял-ял товланиб, тантанавор мусиқа садолари яйраб турган, гулларга тўлиқ, чароғон нурларга кўмилган муаззам гўшадан чиқиб келаётгандек туюлади. Айниқса, мактаб йиллари… Барабан садолари, горн оҳанглари, пионер бўйинбоғларининг ҳилпираши, қувноқ қўшиқлар, сафларда шахдам юришлар… Қоматлар тик, бошлар мағрур кўтарилган. Том маънода ўзимизни бахтиёр ҳис қилардик. Тўғри, устимиз юпунгина эди, қорнимиз бирда тўйса, бирда тўймай қолар эди. Кўча-кўйларда ҳам, дала-даштларда ҳам беташвиш, ҳамма нарсадан мамнун одамлардан кўра, тунд, қовоғи солиқ, пешонаси тиришган, тажанг одамлар кўпроқ рўпара келарди. Улар қандайдир мусибат остида эзилгандай кўринарди. Аммо бу ташвишлар билан бизнинг ишимиз йўқ эди. Биз бахтиёр эдик ва бахтиёрлигимиз учун меҳрибон отамиз — доҳий Сталинга раҳматлар айтишдан бўшамасдик. Табиийки, у пайтларда биз дунёни боланинг кўзи билан кўрар, кўрганларимизни боланинг ақли билан идрок этар эдик — бизни исталган кўйга солса бўларди, биздан исталган қўғирчоқни ясаш мумкин эди. Бизга нимани уқтирсалар, шуни ҳақиқат деб қабул қилардик. Қулоқдан кирган панд-насиҳатлар, кўзимиз кўрган шиору чақириқлар юрагимизга бажарилиши шарт бўлган ҳарбий буйруқлардек ўрнашиб қоларди.
Кейин балоғат ёшига етдик. Кечаги юриш-туришимизда ўйинга мойил томонлар кучли бўлган бўлса, бугун уларнинг ҳаммаси жиддий тус олди. Биз ўзимизни анча улғайган, ҳамма ишни мустақил ҳал эта оладиган одамлар сифатида ҳис қилдик. Комсомолга кирдик. Бу — ҳаётимизнинг илк босқичидаги энг жиддий, энг аҳамиятли воқеа эди. Сўровномалар тўлдирдик, ижтимоий келиб чиқишимизни баён қилдик, мажлисларга масала бўлдик, раён комсомол қўмиталарининг бюро мажлисларида тик туриб саволларга жавоблар бердик, низомда айтилган талабларни оғишмай бажараман, деб қасамёд қилдик ва уни адо этишга бақадри имкон тиришдик ҳам. Комсомол билети биз учун энг муқаддас ашё эди — уни кўз қорачиғидай асрардик. Комсомоллик йилларимиз уруш даврига тўғри келди. Биз ҳали ҳам юпун, чала қурсоқ эдик, яшаш шароитимиз жуда қолоқ ва оғир эди. Турмушда ҳали тузукроқ рўшнолик кўрганимиз йўқ, хонадонларимизда биримиз икки бўлгани йўқ, юртимиз ҳам ободончиликдан йироқ эди. Биз буларнинг барини урушга йўярдик-да, ҳамон ўзимизни бахтиёр ҳисоблардик. Тўғри, юрагимизнинг аллақаерида шу бахтимиз кемтиклигини ғира-шира ҳис қилардик. Лекин «Нега шунақа? Бу кемтиклик нимада?» деб ўз-ўзимиздан сўрамасдик. Сўролмасдик ҳам. Биров ман этгани учун эмас, балки сўраб ўрганмаган эдик. Умуман, советча ҳаётимизнинг бирор жиҳатига шубҳа билдириш, бирон ишимизга шак келтириш ёки ақидамиздан гумон қилиш бизга ёт эди. Биз бахтиёр эдик, чунки бизга «Сенлар — бахтиёрсан» деб уқтиришган эди. Биз Сталиннинг фарзандлари эдик.
Сталинга садоқатимиз шу қадар улуғ эдики, уни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмасди. Биров «Сталин учун жон беришинг керак» деса, кўпчилигимиз сира иккиланмасдан «Мен тайёр!» дея олдинга чиқардик. Биз ана шундай садоқатли ва фидокор эдик.
Анча йиллар ўтиб кетгандан кейин билдим — фашистлар Германиясидаги бизга тенгқур ёшлар ҳам Гитлерга садоқатда худди ўзимизга ўхшар экан, улар ҳам ўзларининг фашистча идеаллари йўлида жон фидо қилишга тайёр тураркан. Қизиқ, бир-бирига ашаддий душман икки мамлакат, бир-бири билан ҳаёт-мамот жанги олиб борган икки партия ўз ёшларини бир хил йўлда тарбия қилибди, уларни бир хил фазилатлар эгаси қилиб етиштирмоқчи бўлибди. Кейин-кейин улғайиб, тажриба орттириб, беш-олти кўйлакни йиртгандан кейин мулоҳаза юритиб билдимки, садоқат деганлари ҳам, шак, гумон деганлари ҳам ҳар хил бўлар экан.
Садоқат деганлари жуда яхши, қимматли фазилат, аммо у кўр-кўрона, ақл ўтхоналарида тобланмаган бўлса, фазилат деб аташ қийин. Бундай «фазилат»дан фақат кулфат келиши мумкин. Худди шунингдек, ҳар қандай эркин фикр, ақлиёт бобидаги ҳар қандай кашфиёт гумондан, шакдан бошланади, лекин «гумон» ҳам кўр-кўрона бўлса, меъёр ва чегарадан чиқиб кетса, одамни беҳаловат қилади, ҳамма нарсадан юз ўгириб, ҳар қандай кеъматни оёқости қилувчи, ҳатто иймонини ҳам сустлаштирувчи махлуққа айлантиради. Аммо биз бу ҳақиқатлардан тамом бехабар эдик, комсомолга, Сталинга, коммунизмга садоқатимиз билан ҳеч нарсани ўйлашга, фикр юритишга қобил бўлмаган, бунинг ўрнига ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажаришга тайёр турган манқуртсифат одамга айланиб бораётганимизни билмас эдик.
Яна йиллар ўтди. Уруш тугади. Биз мактабни битириб, талаба бўлдик.
Талабалик чиндан ҳам олтин давр. Беш йил мобайнида онадан бутунлай янги туғилгандай бўласиз. Ҳар куни бир янги кашфиёт юз очгандек, ақлга ақл қўшилгандек бўлади. Очиқ кўзлар янгидан очилади — ҳайрат билан амин бўласизки, олам аввал кўриб юрганингиздан бўлакча! Лекин сезасизки, эски, кўниккан одатларингиз сизни тарк этишга шошмайди, айниқса, асосий масалаларда сиз ҳамон ўша-ўшасиз! Қалбингизни кўпдан чирмаб келган кишанлар яна ҳам мустаҳкам бўлса бўлибдики, асло бўшашмабди. Газеталар, радио, жилд-жилд китобу рисолалар, кино экранлари ҳамон қулоғингизга сотсиализмнинг буюк афзаллиги, доҳиймизнинг донолиги, партиянинг қудрати ҳақидаги чўпчакларни қуйишдан толиққани йўқ. Албатта, сиз ҳам бу гапларнинг ҳақлигига заррача шубҳа қилмайсиз ва фақат бизда — дунёнинг олтидан бирини ташкил қилувчи улуғ мамлакатдагина бахтлар салтанати қурилганига иймон келтирасиз.
Коммунистик ғоялар талаба нигоҳида жозибадор ранглар билан намоён бўларди. Бу жозибага алоқадор нарсалар моҳиятини англамоқ учун китоб титишдан чарчамас эдик. Сўнг билдикки, «коммунизм» деган сўз аслида лотинча бўлиб, «умумийлик, муштараклик, биргалик, аҳиллик» деган маъноларни билдирар экан. Коммунистча ғояларда инсониятнинг энг олижаноб орзулари, инжа тилаклари мужассам экан. Ахир, инсон инсон бўлганидан бери яхшиликни қўмсайди. Яхшилик салтанатини барпо этишни орзу қилади. Бу салтанатда ҳамма тенг, бир-бирига меҳрибон, ғамхўр бўлади. Унда ҳар қадамда, ҳар ишда адолат қарор топади, зулм, ҳақсизликлар унутилади, одамлар уруш нелигини эсдан чиқаради. Ҳамма юртлар, ҳамма элатлар, ҳамма халқлар бир-бирига қўлни бериб, бир-бирига кўмаклашиб, бунёдкор меҳнат билан банд бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, қандай олижаноб ғоялар! Умумбашарий ғоялар. Уларни рад этиш, уларга қарши чиқиш мумкинми ахир?! Аммо билмайсизки, ҳаёт бошқа — унда ҳар қадамда қалбакиликка, алдамчиликка рўпара келасиз. Унда кўпинча гап бошқаю амал бошқа, суврат ўзгачаю сийрат бўлакча. Ҳаётда бир ҳовуч ёвуз кучлар бор—улар қора ниятларини ниқоблаб, ана шу умуминсоний, олижаноб ғояларни ўзларига шиор қилиб олганлар, уларни ўзларича талқин қилиб, шу ғоялар соясида давру даврон суришга жаҳд қилганлар. Улар одамларнинг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, ўзларининг қора мақсадларига эришишда улардан восита сифатида фойдаланмоқчи бўлганлар.
Бироқ бу ҳақиқатни сиз анча кейин, кўп йиллар ўтгандан сўнггина англайсиз — буни англаш учун бутун умрингизни сарфлашингиз, кўпдан-кўп қурбонлар беришингиз, кўп изтироблар ва азоб-уқубатлар чекишингиз керак бўлади. У пайтларда эса ҳали олдига похол солса кўниб кетаверадиган, ҳар нарсага лаққа тушадиган, осонгина алданаверадиган, кўзи очиқ бўлса ҳам, аслида ҳеч нарсани кўрмайдиган ёшгина толиб йигит эдингиз. Ҳали ҳаётнинг паст-баландини унча кўрмагансиз, аччиқ-чучугини етарли татимагансиз, ҳали оёғингиз ерда бўлса ҳам, кўнглингиз самоларда — романтик хаёллар оғушидасиз. Шунинг учун ёшингиз улғайиб, комсомол сафини тарк этишингиз биланоқ коммунистлар партиясига киришга қатъий аҳд қиласиз…
Шундай қилиб, мен йигирма ёшга тўлиб-тўлмай — 50-йилларнинг бошида партияга кириш ҳаракатига тушиб қолдим. Бир қарашда бу йўлда мен учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди: партиянинг дастури ва низоми билан танишман, уларни тан оламан; ўқишларим яхши, жамоатчилик ишларида фаолман; ижтимоий келиб чиқишим ҳам ёмон эмас — қариндош-уруғлар орасида бирон гумон туғдирадиган йўқ; комсомол тавсия берган, мени биладиган коммунистлар ҳам тавсия беришга тайёр.
Хуллас, ҳаммаси жойида. Йўқ, барибир, бўлмади — ҳозир зиёлилардан камроқ қабул қиляпмиз, деган рад жавобини олдим. Дарҳақиқат, ўша кезларда зиёлилар яна «қовун туширган» эди — уларнинг ичидан бир гуруҳ халқ душманлари чиқиб қолди. Буни қарангки, бу галги халқ душманларининг ҳаммаси ўзимиз яхши билган, яқиндан мулоқотда бўлган, элу юрт олдида катта ҳурматларга сазовор Шайхзода, Саид Аҳмад, Шуҳрат, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Ҳамид Сулаймон каби одамлар эди. Одам оласи ичида деганлари шу экан-да! Бўлмаса, Ҳамид Сулаймон бизга Ғарб адабиётидан бир йил дарс берган эди. Ҳали роса ғўр эканмиз — бир йил шу одамнинг маърузаларини эшитибмиз-у, бир марта ҳам душманлигини пайқамабмиз-а! Асл қиёфасини зўр маҳорат билан яшириб юрар эканлар-да! Шунча таниш-билишлар қамалган бўлса-да, биз бир дақиқа ҳам уларнинг айбдорлигига шубҳа қилганимиз йўқ, чунки онгимизга «шонли чекистларимиз сира хато қилмайди!» деган гап сингдирилган эди. Шунинг учун бирор киши қайсарлик қилиб, бирон қамалган одамнинг гуноҳкорлигига шубҳа билдирса, ғашимиз келарди.
Саида Зуннунова деган ёш шоира бизнинг факултетда ўқирди. Эндигина илк китоби чоп этилган, умидли ижодкор ҳисобланарди. У андижонлик бўлиб, яқинда Саид Аҳмадга турмушга чиққан эди. Раҳбарият шоирадан эридан воз кечишни, кўпчилик олдида эрини қоралашни талаб қилди. Негаки, талабалар сафи ғоявий соғлом бўлмоғи керак, унда халқ душманларининг хотинларига ўрин йўқ эди. Саидаси тушмагур эса, ўзи жинқарчадай бўлатуриб, «Чиқадиган эрим йўқ, эрим гуноҳсиз!» деб оёқ тираб туриб олди. Саидага ачинамиз — ҳарқалай, нима бўлганда ҳам ўзимизга ўхшаган толиба, турмушга чиқиб, ҳали бирон бир рўшнолик кўргани йўқ, энди эса «ҳе» йўқ, «бе» йўқ, боши очиқ қолса алам қилади-да! Бунақа десангиз, топган эри душман чиқиб қолган бўлса, нима дейсиз! Борингки, Саида эридан ажрамади — уни университетдан ҳайдадилар. Биз эса томоша қилиб, бақрайиб туравердик.
Хуллас, мен университетни тугатганимдаёқ партия аъзоси бўлмоғим керак эди, лекин бир гуруҳ душман зиёлилар бунга халақит берди.
Шунақа ташвишлар билан талабалик ҳам ортда қолди. Кейин Москвага кетдим. Жаҳон адабиёти институтининг аспирантурасида ўқидим. Бу ерда ҳам пешқадамлардан эдим. Ҳатто икки йил давомида институт комсомол ташкилотининг котиби ҳам бўлдим. Табиийки, партияга кириш орзуси ҳамон кўнгилда жўш уриб турарди ва ҳатто янада кучлироқ ўт оларди. Бунинг боиси қуйидагича эди: институтимиз Боровский кўчасида жойлашган бўлиб, Краснопресненск раёнига карарди. ВКП (б) тарихининг қисқа курсини хатм қилган ҳар бир сўтакка яхши маълумки, Краснопресненск рус инқилобининг марказларидан бири бўлган. 1905 йилги инқилоб кунларида рус пролетариати баррикадаларда туриб эксплуататорларга қарши қонли жанглар қилган. Ҳозир ўша жойларда ҳатто «Баррикада» деган кинотеатр ҳам бор. Қисқаси, қутлуғ жой. Ана шундай тарихий манзилда жойлашган институтда ўқишнинг ўзи қандай буюк шараф! Шу раёнда партияга кирсангиз-чи, савобига нима етсин! Бу билан бутун умр фахрланиб юрсангиз арзийди! Бу ерда ҳам ишларим
анча силжиб қолган эди — ҳатто раён қўмитаси котибининг суҳбатидан ҳам ўтган эдим, фақат бюро мажлисидан ўтсам, бас, муродим ҳосил бўларди. Аммо партияга кириш бу гал ҳам насиб қилмаган экан — 1953 йилнинг март ойида Сталин вафот этдию ҳаётимиздаги жуда кўп нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Табиийки, Краснопресненск райкомининг Тошкентдан келган бир ўзбекни партияга қабул қилишдан кўра муҳимроқ ташвишлари бошидан ошиб ётарди. Шундай қилиб, 1955 йилда Тошкентга қайтдим ва шу йилнинг центябр ойидан бошлаб Тошкент Давлат дорилфунунида ишлай бошладим. Бу ерда фаолият бошлашим биланоқ, албатта, яна ўша иштиёқ — партияга кириш орзуси мени тинч қўймади. Ниҳоят, 1959 йилнинг январ ойида орзуим ушалди — мен партия аъзоси бўлдим.
* * *
Ҳа, мен партияга аъзо бўлдим. Ҳаётимда жуда катта ўзгариш содир бўлди — ўзимни ниятлари пок, виждони тоза, олижаноб, мард, фидокор ва содиқ одамлар гуруҳига қўшилган, улар билан бирга дунёда улуғ, энг бахтиёр, энг адолатли жамият қуришдек катта иш йўлида ҳаммаслак бўлган одам деб ҳисоблай бошладим. Мен партияга бирон мансаб ёхуд имтиёз таъмасида кирганим йўқ эди. Партия мабода, бирор имтиёз берса, ҳамиша жангларда олдинги сафда бўлиш, жабҳаларнинг энг оғир жойларида чолишиш, масъулиятнинг энг мушкулини зиммага олиш имтиёзини беришини яхши билардим. Коммунист дегани мен учун энг фаол ижодкор, эски дунёни таг-туги билан барбод қилиб, ўрнига янги дунё яратувчи курашчи эди. Авваллари у мен учун етиб бўлмас юксакликдаги нарса эди, энди эса мен шундай одамлар билан ҳамсаф, ҳамнафас бўлдим. Бугун буларнинг ҳаммаси жуда анойи, гўл одамнинг ҳавойи гапларидек туюлади, лекин ўша кезларда буларнинг бари чинлигига астойдил ишонар эдик.
1959 йил мен учун ана шундай кўтаринки кайфият билан бошланди, аммо йилнинг охирига бориб кутилмаган воқеалар бошимга тушдики, улар мендаги ишончнинг томирига болта урди, биринчи марта танлаган йўлимнинг тўғрилигига шубҳа қила бошладим. Тўғри, ҳали шубҳа-гумонларимни ҳеч кимга ошкор этмаган эсам-да, лекин барибир гумон қуртлари мени ич-ичимдан кемира бошлаган эди. Воқеа бундай бўлган эди. Табиийки, мен партияга кирганим билан ҳали ўзимни эски коммунистларга тенг деб ҳисобламас, ёш коммунист деб билар эдим. Ёш коммунист эса ёши улуғ ҳаммаслакларига етиб олиш учун, уларга муносиб бўлиш учун ўн чандон ортиқроқ хизмат қилмоғи, партиянинг ҳамма топшириғини елиб-югуриб, ортиғи билан адо этишга тиришмоғи керак. Мен шундоқ бўлишга ҳаракат ҳам қилдим: маърузаларимнинг мазмундор ва талабаларга манзур бўлиши учун қайғурдим, жамоатчилик ишларини сидқидилдан бажардим, мунаққид сифатида фаол иш юритдим, ҳатто Москвада ўзбек адабиёти декадасида қатнашиб, у ердан «Шавкатли меҳнати учун» деган медал билан қайтдим.
Орадан кўп ўтмай, менинг елиб-югуришларим сезилди —жамоамизда менга ҳурмат анча ошгандай бўлди. Шунинг натижаси ўлароқ мени бошланғич партия ташкилотига котиб қилиб сайладилар. Бу менга билдирилган жуда катта ишонч эди. Айни чоғда зиммамга ҳаддан зиёд масъулият ҳам юкпанганди. Бундан буён мен жамоамиз ҳаётининг ҳамма соҳаси учун жавобгар эдим. Ҳаммаслакларимнинг ишончини оқламасликка ҳаққим йўқ эди. Шундай қилиб, ғайратимни ўн чандон орттириб ишлай бошладим. Партия бюросининг мажлисларини мунтазам ўтказиб тура бошладим: уларда енгил-элпи масалалар эмас, ўқиш-ўқитиш ва тарбиянинг энг муҳим масалаларини муҳокама қилдик; партия хўжалигини, умумий мажлисларнинг қарорларини, бюро мажлисларининг қайдномаларини тартибга келтирдим; ҳар бир бюро аъзосининг бирон тайинли иш билан шуғулланишига эришдим; меҳнат интизомини қаттиқ назорат қила бошладик; ётоқлардаги аҳвол билан шуғулландик; факултет бўйича ягона сиёсий-тарбиявий ишлар режасини туздик ва шу режа асосида иш юрита бошладик. Мен бу ишларга бош-қош бўлган эканман, азбаройи худо, бунинг эвазига бирон мукофотга эришарман ёхуд бирон мақ-товга сазовор бўларман деб асло ўйлаган эмасман. Менинг назаримда бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди — ёш коммунист астойдил ғайрат билан енг шимариб ишлаши, роҳат-истироҳат унга бутунлай ёт бўлмоғи керак эди. Албатта, ўшандаги ишларимизда қандайдир нуқсонлар ҳам бўлган бўлиши мумкин. Лекин биз астойдил «тўғри қиляпмиз» деган ишонч билан ишлардик.
Орадан кўп ўтмай, бу ишлар кимларгадир маъқул бўлмагандай, кимларнингдир энсасини қотираётгандай бўлди. Баъзан-баъзан «Югур, ҳа, югур, қуруқ қоляпсан» дегандай истеҳзоларни ҳам ими-жимида сезиб қолардим. Яна қайтариб айтяпман, бу гаплардан ўша пайтдаги ишларимиз мутлақо нуқсонсиз эди, деган хулоса чиқармаслик керак. Жамоамиз унча катта эмас, лекин коммунистлардан ташқари, умуман, партиясиз ўқитувчилар ва талабаларни қўшиб ҳисобласак, унча кичкина ҳам эмас эди. Ҳар қандай ўртача жамоа каби, бизнинг жамоада ҳам ҳар хил одамлар, ҳар хил ёшлар бор эди. Ўша кезларда вазият анчагина мураккаб эди. Яқиндагина ХХ сЪезд бўлиб ўтган, унда Сталин шахсига сиғиниш қаттиқ танқид қилинган эди. Бу ҳол жамиятда фикрий уйғониш жараёнини бошлаб юборди. Ҳар хил тарзда эски ақидаларни тафтиш қилиш бошланди. Бири-биридан қалтис саволлар устма-уст ёғила бошлади. Улар жавоб беришни талаб қиларди. Албатта, бунақа саволларнинг берилмагани, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолавергани тузук эди, аммо бунинг иложи йўқ — ғишт қолипдан кўчган, тўғон ўпирилган эди. Шундай шароитда партия бошланғич ташкилотларда бунақа шаккокликларнинг бўлмаслигига алоҳида аҳамият берди. Аммо қаёқда дейсиз!
Кунлардан бирида дорилфунун кутубхонасининг катта дафтарида «Сотсиалистик реализм — сохта метод! Ундан воз кечиш керак!» деган ёзув пайдо бўлиб қолди. Бу ҳам майлия, муаллиф ёзувнинг тагига катта қилиб «Филология факултетининг талабаси Долгов» деб исм-шарифини ҳам ёзиб қўйибди. Тўполон бўлиб кетди. Қидирсак, талабаларимиз ичида Долгов чиндан ҳам бор экан ва ҳалиги гапларни ҳақиқатан ҳам у ёзган экан. Парткомга югуришлар, райкомга чопишлар бошланди. Гап горкомгача бориб етди. Жуда хунук воқеа рўй берган, бу — жамоамизнинг бутун фаолиятига қора чизиқ тортгандек гап эди. Чунки сотсиалистик реализмни инкор қилиш совет тузумини инкор қилиш билан баробар эди. Буни тўғридан-тўғри ошкора аксилшўровий фаолият деб баҳоласа бўлар эди. Зудлик билан Долговни қайта тарбиялаш бошланди — ўзи билан бир неча марта суҳбатлар ўтказиб, гапини қайтариб олиш таклиф қилинди. Аммо Долгов ёмон ўжар экан, гапида туриб олди. Ҳатто совет адабиётидан кўп йиллар дарс бериб келган, китоблар ёзган донгдор профессорлар ҳам бу талабага «сотсиалистик реализм бор нарса» деб ишонтира олмадилар. Нима қилмоқ керак? Бунақа шаккок талабани даф қилмаса, кўз очиб юмгунча бошқаларни ҳам йўлдан оздириши ҳеч гап эмас, 30- ёки лоақал 40-йиллар бўлганда-ку, бунақалар билан тегишли жойларда гаплашилиб, тезда дами ўчириларди. Аммо энди замон бошқа — муҳит жиндай илий бошлаган, биз ҳам бўй-бастимизга демократларнинг либосларини ўлчаб кўра бошлаган эдик. Шунинг учун мустақил фикрга эга бўлиш важидан талабани ўқишдан ҳайдаш ноқулайроқ эди. Юқори ташкилотлардан маслаҳат бўлди — Долговни бир-икки йилга заводга жўнатинглар, ҳаётни кўрсин, чиниқсин, кейин, ҳуши жойига келганда қайтариб оларсизлар. Шундай қилдик. Долгов шу кетганича тинчиб кетди. Ўшандан кейин десангиз, талабалар ичида бунақанги намойиш қиладигани бошқа чиқмади. Тинчидик.
Тинчидиг-у, бу воқеадан менинг юрагимда чандиқ қолди. Мен ўша пайтга қадар соддалигимга бориб, ишчилар жамоасига аъзо бўлиш — ҳар бир инсон учун улуғ мукофот, шон-шараф иши, деб ўйлаб юрар эдим. Партиявий раҳбарларимиз бир оз бошқачароқ ўйлар эканлар — бирор гуноҳ қилиб қўйган нобоп одамни жазолаш учун ишчилар жамоасига жўнатар эканлар. Демак, завод ва фабрика ҳам ўзига хос аҳлоқ тузатиш меҳнат лагери экан-да! Ана холос!
Бу нохуш воқеанинг заҳри кетиб улгурмасдан жамоамизда яна бир воқеа рўй берди — иккита профессор кўпчилик олдида айтишиб қолиб, бири иккинчисини қаттиқ ҳақорат қилибди. Албатта, профессор одамнинг жанжаллашиб юриши уят гап, лекин начора — ҳаёт-да! Баъзан шунақаси ҳам бўлади. Бунинг ваҳима қиладиган жойи йўқ. Иккала жанжалкашни чақириб, «Бунақа қилманглар, уят!» деб танбеҳ бериб кўяқолса-ку, бас! Лекин бу гал ҳам тўполон бўлиб кетди. Гап шундаки, профессорлардан бири юқорироқ доираларга яқин экан. Шунинг учун «ювиндихўр» деган таъна унга қаттиқ ботибди. У партия Марказий Комитетига шикоят ёзибди. Дарҳол шаҳар партия комитетининг комиссияси тузилди. Комиссия раиси Октябр раён комитетининг биринчи котиби эди. Комиссия қаттиқ ишлади, фақат икки профессор можаросини эмас, бутун факултет ҳаётининг ҳамма томонини атрофлича чуқур ўрганиб чиқди. Таомилга кўра, комиссия бизнинг ҳам мулоҳаза ва таклифларимизни инобатга олган ҳолда шаҳар партия қўмитаси бюросининг қарори лойиҳасини тайёрлаб бермоғи керак экан. Бундай лойиҳа тайёрланди — унда аҳвол холисанилло баҳоланган ва маъқул таклифлар айтилган эди. Бироқ бюро мажлисида иш бирдан чаппасига кетди. Факултетда кекса журналистлардан Расул Муҳаммадий деган одам ишларди. Беайб — парвардигор деганларидек, домласи тушмагур бир оз майда гапга мойилроқ эдилар. Факултетдаги Турсун Собиров деган домла билан сира чиқишмас эдилар. Бу тўғрида икковлари билан ҳам бир неча марта гаплашдик, ҳатто масалани партбюро мажлисида ҳам кўриб чиқиб, икковларига жиддий танбеҳ берган бўлдик. Шу домла горком бюросида сўзга чиқдию ёлғон-яшиқларни қўшиб жуда қаттиқ гапирди. У кишининг гапига қараганда, факултет жуда катта ўпирилиш гирдобида ва ҳеч ким аҳволни тузатиш йўлида ҳеч нарса қилаётгани йўқ экан. У Турсун Собиров билан ўрталаридаги можарони жуда муҳим, принтсипиал тортишув тарзида баён этди-да, бу масалада партбюро унга мутлақо ёрдам бермаётганини айтди.
— Ҳай, ҳай, бу гап ғирт ёлғон-ку! — дедим мен ўрнимдан сапчиб туриб.
— Ўтиринг! — деб жеркиб берди мажлисни бошқариб бораётган горком котиби Қаюм Муртазоев. — Сизга сўз берилгани йўқ! Сўз берилганда гапирасиз.
Расул Муҳаммадийнинг гапи вазиятни кескин ўзгартириб юборди, шундай таассурот қолдики, гўё комиссия аҳволни тузукроқ ўрганмаган, лойиҳада кўп камчиликлар хаспўшлаб кўрсатилган. Муртазоев қаламнинг кети билан столга бир-икки урди-да, танаффус эълон қилди. Танаффус чоғида бюро аъзолари қарорни ўзгартириш ҳақида келишиб олди, шекилли, танаффусдан кейин Муртазоев факултетдан икки-уч кишини қаттиқ жазолаш ҳақида таклиф киритди. Булар ичида мен ҳам бор эдим.
— Бошланғич ташкилот котиби Озод Шарафиддиновга шахсий варақасига ёзиш шарти билан қаттиқ виговор эълон қилинсин. Розимисизлар, ўртоқлар? Қани, ўртоқ Шарафиддинов, ўзингиз нима дейсиз? Розимисиз?
Буни эшитдиму ҳанг-манг бўлиб қолдим. Чунки шахсий варақага ёзиладиган қаттиқ виговор жуда оғир жазо эди. У одамга умрбод ёпиштирилган тавқи-лаънат билан баробар эди. Албатта, бир-икки йил яхши ишласангиз, бу жазони берган ташкилот уни олиб ташларди. Бироқ бунинг сиз учун ҳеч қанақа аҳамияти йўқ эди. Бундан кейин сиз бошқа бирон ишга ўтар чоғингизда ёхуд чет элга боришингизга тўғри келиб қолганда ё бошқа бирон сабаб билан сўровнома тўлғазадиган бўлсангиз, албатта, «Партия жазоси олганмисиз?» деган саволга жавоб беришингиз талаб қилинарди. «Ха, олганман» деган жавоб эса дарҳол қаршингиздаги истиқбол эшигини буткул тамбалаб ташларди — сиз эски ҳаммом, эски тослигингизча қолаверардингиз. Мен ёш коммунист бўлсам ҳам бу жазонинг нақадар даҳшатли эканини, бу жазога мустаҳиқ бўлган киши ўз-ўзидан иккинчи даражали одамга айланиб қолажагини яхши билардим. Муртазоевнинг саволидан кейин дунём бутунлай ағдар-тўнтар бўлиб кетгандай бўлди, тиззаларим қалтиради, рангим бўзарди. Бир зумда хаёлимдан аллақанча ўйлар қуюндай ўтди. Котибнинг саволига нима деб жавоб беришимни билмасдим. Ногаҳон бир фикр, тўғрироғи, бир савол миямга келди.
— Ўртоқ котиб! — дедим ҳаяжонимни босолмай. — Менга горком бюросига эътироз билдиришим мумкин эмас деб тушунтирилган эди. Шунинг учун саволингизга нима жавоб беришни билолмай қолдим. Фақат битта илтимосим бор, мен партияга кирганимда ҳукумат мени юксак мукофот — медал билан мукофотлаган эди. Тўққиз ой партия сафида бўлганимдан кейин менга шахсий варақамга ёзиш шарти билан қаттиқ виговор бериляпти. Қандай қилиб медалга сазовор бўлган йигит тўққиз ой партия тарбиясини кўриб, қаттиқ виговор оладиган даражада тубан кетиши мумкин? Шунинг мантиқини тушунтириб берсанглар, майли, ҳар қандай жазога тайёрман.
— Нима деяпсиз? — деди котиб. — Нега тўққиз ой?
— Шунақа-да! Партияга кирганимга энди тўққиз ой бўлди.
Котиб қаттиқ ғазабланди. Қўлидаги қаламнинг кети билан столга қаттиқ урди.
— Қани, дорилфунун парткомининг котиби борми? Ўрнидан турсин!
Партком котиби ўрнидан турди.
— Сиз қанақа одамсиз ўзи?! — Энди унинг бошида калтак қасир-қусур сина бошлади. Иш бунақа томонга айланиб кетишини мен хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Хижолат ичида ғўддайганимча турибман. — Сиз уставни биласизми? Бу кишини котиб қилаётиб қаёққа қараган эдингиз? Ахир, уставда аниқ ёзиб қўйилган-ку — бир йиллик стажи бўлмаса, бошланғич ташкилотга котиб қилиб сайлаб бўлмайди!
Мен қолиб кетдим, гапнинг қуюғини бечора партком котиби эшитди. Ниҳоят, бюро аъзолари уни сўка-сўка чарчашди шекилли, яна менга қайтишди.
— Қани, нима дейсизлар? Шарафиддиновни нима қиламиз? — деди Муртазоев.
— Оддий виговор бера қолайлик, — деди бюро аъзоларидан бири.
Мен яна эътироз билдирмоқчи бўлиб ўрнимдан қўзғалган эдим, ёнимда ўтирган кексагина одам қўлимдан тортиб ўтқазиб қўйди.
— Бас, бўлди, енгиллик қилаверма. Ноилож жойимга ўтирдим. Мен берган саволга ҳеч ким жавоб бермади. Лекин мени жазолашди. Оддий виговор деганлари партиявий жазолар ичида энг енгилларидан, лекин барибир жазо эди. Бир йилдан кейин виговор олиб ташланди. Енгил тортдим — гўё баданимга ёпишиб олган алланечук кирдан поклангандай бўлдим. Аммо шу бир йил мобайнида танамга ювган билан кетказиб бўлмайдиган аллақанча янги кирлар ёпишиб улгурган эди.
Ўша кунги бюро мажлисидан кейин юрагимда бир нарса чирт узилди — назаримда, эътиқодимнинг бир томири узилган эди. Кейинчалик мен уни аслига қайтаришга анча уриндим, аммо ғишт қолипдан кўчганидан сўнг бунинг иложи йўқ экан. Ахир, партия, унинг раҳбар идоралари менинг учун олий саждагоҳ эди, мен унга садоқатли фарзанддай хизмат қилмоғим, у ҳам мени ўз фарзандидай ардоқламоғи керак эди. Энг муҳими, партия ўз аъзоларининг ҳар қандай саволларига ҳаққоний жавоб бермоғи, ҳар қандай мушкулотини адолат билан ечиб бермоғи лозим эди. Ўша куни шу ишончим дарз кетди. Мен партия учун жонимни жабборга бериб, шунчалик хизмат қилсам-у, бир оғиз «раҳмат» ўрнига жазога мустаҳиқ бўлиб ўтирсам?! Адолат деганлари шуми ҳали? Бу учига чиққан ноҳақлик эмасми? Сиз партияни бошингизга кўтариб ардоқлаганингиз билан партия олдида қилча ҳам қадрингиз йўқ экан-да! Сидқидилдан унга қилган хизматларингиз нимаю ўзингиз нимасиз? Бувим раҳматли айтиб юрадиган бир нақл бўларди: «Қозиқнинг учи ҳам бўлма, боши ҳам бўлма: учи бўлсанг — ерга кирасан, боши бўлсанг — тўқмоқ ейсан. Қозиқнинг бели бўл, болам». Бу менга буржуа ахлоқининг ақидаси бўлиб туюлар ва мен уни ҳазм қилолмас эдим. Аммо жонажон партиям оғушида кечирган ҳаётим мени бу масалага бошқача қарашга ундади. Унчалик гўл бўлмаслик керак экан, теварак-атрофингизга кўзни каттароқ очиб қараш лозим экан. Кўзни каттароқ очиб қарасам, қаршимда шундай ҳақиқатлар намоён бўла бошладики, улар олдида ақлим шошиб қолди. Кўзни каттароқ очиб қарасам… партиянинг ҳаёти инсоний мантиқдан холи, ҳақиқат ва адолатдан йироқ, кўпинча ёлғон асосга қурилган ҳаёт эди. Нафақат партия ҳаёти, партия раҳбарлигида барпо этилган жамият ҳаётида ҳам соғлом ақлга зид, ҳар қандай мантиқдан тамоман узоқ ишлар кўп эди. Уларнинг тагига етаман деб ҳарчанд уринманг, уринишларингиз бекор кетарди.
Бир неча йил мобайнида факултетимиз Ҳадрадаги беш қаватли катта бир иморатда фаолият кўрсатди. Бир вақтлар унинг ёнида «Родина» кинотеатри бўларди. У 40-йилда қуриб битказилган, жуда кўркам, олд томонида баланд-баланд устунлари бор, пештоқлари оврупоча иморатларникига ўхшатиб ишланган эди. Одамлар бу кинотеатрни жуда яхши кўрар, унда ҳар доим янги филмлар намойиш этилар ва ҳамиша гавжум бўларди. Кунларнинг бирида тўсатдан кинотеатр ёпилдию уни таъмир қила бошладилар.
Биз ҳайрон бўлдик — кинотеатр янги бўлса, ҳали бирор жойи дарз кетмаган бўлса, унинг нимасини таъмир қиладилар? Бунақа нарсани биздан сўраб ўтирармиди? Шундай қилиб, таъмир давом этаверди. Биз ярим вайрона ҳолга келтирилган кинотеатр манзарасига кўникиб ҳам қолдик. Секин-аста бир йил ўтди, икки йил ўтди, уч йил ўтди. Таъмир эса сира охирига етмайди. «Нега бундай?» деб суриштирсак, бу ерда таъмир бўлаётгани йўқ, Ҳамза номидаги театрга янги бино қурилаётган экан. Ҳамза театри чиндан ҳам янги бинога муҳтож эди, бу бинони чиндан ҳам Ҳадра майдонининг бирор жойига қурмоқ даркор эди. Аммо нега энди келиб-келиб «Родина» кинотеатрининг ўрнига қурмоқ керак? Нега яп-янги, муҳташам, шаҳарга кўрк бериб турган бир бинони олиб ташлаб, унинг ўрнига бутунлай бошқа бир бинони қўндирмоқ зарур? Ўша бинони бошқа жойга қурсалар, Эскишаҳардаги муҳташам бинолар сони биттага кўпаяр эди-ку! Яна бир масала — Ҳамза театрининг янги биноси қуриб битказилгунча ўтган вақт ичида «Родина» кинотеатри ишлаб турганда, бунақа театрлардан иккита-учтасини қуришга етадиган даромад тушарди-ку! Нега бунинг ҳисоби қилинмади? Бу тарихий «таъмирлаш» сири кейин аён бўлди. Ўша кезларда давлат ҳар доимдагидек камхаржроқ бўлиб қолган экан. Шунга кўра ҳар хил томошахоналар қуришга маблағ бермай қўйибди. Лекин таъмирлаш учун ҳар қанча маблағ керак бўлса, берар экан. Қайси бир уддабуррон каттамиз шундан фойдаланибдию Ҳамза театрига янги бино куришга маблағ ундирибди… Руслар бунақа ишни «афера» дейди. Афера — ўғирликнинг бир тури ҳисобланади. Ўзбекчада буни «фирибгарлик» дейдилар. Фирибгарлик илгариги жамиятларда уят иш деб билинган. Фақат биздагина коммунистик партия раҳнамолигида хўжалик юритишнинг барча соҳаларида қўлласа бўлаверадиган оддий ишлар қаторига кирди. Бундай фирибгарликлар ҳамманинг кўз ўнгида содир бўлар, лекин ҳеч ким бунга қарши лом-мим деб оғиз очмас эди.
Ҳар йили талабалар пахтага — ҳашарга олиб чиқиларди. Бунга ҳамма кўникиб қолган, ҳатто ҳар йили «Қачон пахтага жўнаймиз?» деб сабрсизлик билан кутадиганлар ҳам бўларди. Чунки пахтага чиқишнинг ўзига яраша нашъаси ҳам бўларди. Аммо режани бажариш кечикса, талабалар ёғин-сочинли кунларга қолиб кетса, совуқ бошланиб қолса ёмон бўларди. Айниқса, декабр ойига қолиб кетсак, аҳвол жуда оғирлашарди. Эрталаблар — ер музлаган, қаҳратон аёз, кун илигандан кейин эса музлар эриб, ҳамма ёқ билч-билч лойга айланади. Оёққа ботмон-ботмон лой илашиб, юриб бўлмайди. Лекин шўрлик талабалар шунда ҳам далани тарк қилмайди, ушуқдан кўкариб кетган панжаларига уҳлай-уҳлай теримда давом этадилар. Баъзан эса пахта қолмаган бўлади. Аммо раҳбарларимиз шунда ҳам даладан кетишга рухсат бермайди. Талаба эрталабдан кечгача далада бўлмоғи керак. Болалар ичида касал кўпаяди, интизом бўшашади. Лекин барибир рухсат йўқ.
Машиналарда райком котиблари ва бошқа катталар изғиб юради.
— Қани, бу талабаларнинг раҳбари ким?
— Мен,— дейман ботқоқ даладан судралиб чиқиб каттамизнинг олдига борар эканман.
— Нега терим суръати пасайиб кетди? Мана кечаги маълумотномангиз, киши бошига ярим килограммдан ҳам тушмаяпти. Бу қанақаси бўлди?
— Кўриб турибсиз-ку, далада пахта қолмаган. Кун бўйи қиртишлаганда ярим кило чиқмайди. Умуман, бундай шароитда талабаларни далада тутишдан нима маъно бор?
Каттамиз менга еб юборгудай ўқрайиб қарайди, ранги бўзаради, ижирғаниб дейди:
— Сизни ким раҳбар қилиб қўйган? Партиянинг пахта сиёсатини тушунмас экансиз. Сиз билан бошқача гаплашамиз!
Каттамиз кетганидан кейин анча вактгача «партиянинг пахта сиёсати»ни тушуниб олишга тиришиб миямни ишлатаман — мияларим торс ёрилиб кетгудай бўлади. Бу тиришишлар оқибатида фақат бир нарсани тушуниб етаман — қиш даласида пахта сира қолмаган бўлса-да, катталаримизга «пахта йўқ» деб бўлмас экан, уларга фақат «хўб бўлади, бажарамиз!» деб турмоғингиз керак экан. Шундагина уларнинг қаҳр-ғазабидан омон қолишингиз мумкин. Шундай қилиб, ҳаловатингизни сақлаб қолиш, беҳуда жазоларга мустаҳиқ бўлмаслик учун жиндай ёлғон суқилиб кирди, керак бўлса-бўлмаса ундан «унумли» фойдалана бошладик, ҳатто санъат соҳасида ҳам бошдан-оёқ ёлғонга асосланган, ёлғонга сажда қилиб яратилган, ёлғонни байроқ этган асарлар пайдо бўлди. Ўнлаб-юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Мана биттагина мисол. Ҳамза ҳақидаги давомли филмни эсланг. Номи «Оловли йўллар» эди, шекилли. Ҳамза — қуролфуруш, курашчи, Рабиндранат Тҳакурнинг дўсти, Миср инқилобининг ташкилотчиларидан ва ҳоказо ва ҳоказо. У инқилобчилик бобида шунақа чўққиларга кўтариладики, ҳатто Ленинни ҳам бир чўқишда қочирадиган даражага етади. Назаримда, бу филмнинг номи «Ҳамза мавзуидаги хомхаёллар» деб қўйилса тўғрироқ бўлармиди? Қизиғи шундаки, шундай филм ҳам жамиятда ҳеч қандай эътироз туғдирмади, аксинча, унинг тўғрисида матбуотда кўпдан-кўп мактовли мақолалар эълон қилинди. Филмни ясаганлар ҳам, уни томоша қилганлар ҳам хижолат чекиб, бир-бирларидан кўзларини олиб қочмадилар. Негаки, ёлғон гапириш, ёлғонга сажда қилиш жамиятда аллақачон одат тусига кириб кетган эди.
Жонажон партиямнинг бағрида юриб кашф этган ҳақиқатларимдан бири шу бўлдики, у тили бошқа, дили бошқа партия экан. Катта-катта мажлисларнинг қарорларида, тантанали йиғинларда, шиорлар ва хитобларда бир хил гап айтиларди-да, амалдаги иш унга сира тўғри келмас эди. Масалан, партияни алдаш, унга ёлғон гапириш энг оғир гуноҳлардан ҳисобланарди, аммо партия аъзоси ҳар қадамда ёлғон гапирмаса, бошига фалокат ёғилар, куни ўтмас эди. Дейлик, ўтмишда ота-боболаримиздан бирортаси руҳоний ёки савдогарлик билан шуғулланган бадавлатроқ одам бўлган бўлса, буни албатта яширмоқ даркор эди. Тўғрисини айтиб қўйсангиз, бошингиз маломатдан чиқмасди. Назаримда, партияга ҳақиқатни гапирадиган ростгўй ва самимий одамлар эмас, балки керакли гапни гапирадиган, раҳбарларга маъқул гапларни айтадиган, зарур фурсатда ҳар қандай ёлғонни қўллашдан тап тортмайдиган чечан ва уддабурронлар керак эди. Келинг, яхшиси, мен бир воқеани айтиб берай, хулосани ўзингиз чиқариб олинг.
Бир домламиз бўларди — Тоҳирий деган. Бу одам яхши маънодаги эски зиёлилардан эди. У киши педагогикадан дарс берар, лекцияни артистона маҳорат билан ўқир, том маънода қомусий билимларга эга эди. Талабалар у кишини жуда ёқтирар, маърузаларини мароқ билан тинглар, теварагидан сира одам аримасди. Домла ёши бир жойга етиб, ишни тарк этар муддати яқинлашганда партияга киришни ихтиёр қилибдилар. Анча елиб-югуришлардан кейин ҳужжатлар тайёр бўлган.
Кунлардан бирида дорилфунун парткомининг мажлисида домланинг аризаси кўрилди. Одатдагидек, домла партиянинг дастури ва низомини тан олишини айтди, саволларга жавоб қайтарди. Мажлис аҳлидан кимдир ҳаммани қизиқтирган бир саволни ўртага ташлади:
— Нега шу пайтгача партияга кирмай, қариганда бу ишга аҳд қилдингиз?
Домла сира кутилмаган бир жавобни берди:
— Шу пайтгача ўзимни партияга нолойиқ деб ҳисоблаб келдим, негаки мен яқин-яқингача миллатчи эдим. Эндигина шу иллатдан қутулдим.
Бирдан бомба портлагандай бўлди — мажлис аҳлининг кўпчилиги «миллатчи» деган сўзни эшитган бўлса ҳам, тирик миллатчини кўрмаган эди. Умуман, бундай даврада «мен миллатчи эдим-у, энди тузалдим» деган гап илгари янграмаган бўлса керак. Ҳамма ҳанг-манг бўлиб қолди. Домласи тушмагур, «Партияни алдаб бўлмайди, унинг қаршисида самимий бўлмоқ керак» деб ўйлаб бор гапни ошкора айтди-қўйди. Айтди-қўйди-ю, лекин ишнинг пачавасини чиқарди — собиқ миллатчини, албатта, партияга қабул қилмадилар. «Ахир, у миллатчилигидан халос бўлган-ку! Шундай бўлмаса, ўтмишини бу қадар ростгўйлик билан айтиб ўтирмасди. Уни самимияти учун жазоламайлик» деган гаплар ўтмади. Кейин анча вактгача хар хил партиявий йиғинларда собиқ миллатчини партияга олишига сал қолгани ҳақида гапириб, дорилфунунга таъна тошларини ёғдириб юрдилар.
Партиянинг ички ҳаётида ёлғон, алдов ва ғирромликнинг авж олиши жамият ҳаётида кўпдан-кўп иллатларнинг томир отишига сабаб бўлди. Одамлар ошкора тилёғламалик, қалб амрига қарши бориб, виждонини ютиб иш тутиш ва фақат ўз манфаатини ўйлаб фаолият кўрсатиш каби қусурлардан ҳазар қилмай қўйдилар.
* * *
Мен нафақат олий ўқув юртида дарс берган педагогман, айни чоғда танқидчилик ҳам қилганман. Фаолиятимнинг анча қисми Ёзувчилар уюшмаси билан боғлиқ кечган. Бу ердаги катта-катта йиғинларда ёзувчи дўстларимнинг иккиюзламачилигини, риёкорлигини кўриб кўп изтироблар чекканман.
Бир куни Ёзувчилар уюшмасида катта йиғин бўлди. Унда Пастернак деган рус ёзувчисининг хиёнаткорона ишларини қоралашимиз керак эди. Борис Пастернак шоир ва таржимон эди. Шеърият мухлисларининг айтишича, у жуда истеъдодли, ўзига хос, ялтоқиликдан узоқ шоир бўлган. У ўзбеклар ўртасида унча машҳур эмас эди. Ва умуман, бу шоирнинг расмий доиралар билан муомаласи чатоқ бўлиб, уни имкони борича саноққа қўшмасликка, китобларини чиқармасликка, ўзининг борлигини сезмасликка ҳаракат қилардилар. Шу одам «Доктор Живаго» деган роман ёзибди. Романда инқилобни қоралабди, оқ гвардиячиларни тузуккина одам сифатида тасвирлабди. Бунақа асарнинг бизда нашр бўлиши мумкин эмас эди — уни чет эллардаги аллақайси буржуа нашриётлари босиб чиқарибди, унга ҳатто Нобел мукофоти берилибди. Шундан кейин адабиёт оламида катта ҳангомалар бошланди. Партиянинг буйруғи билан Москвада таниқли ёзувчилардан бир гуруҳи Пастернакка очиқ хат ёзиб, уни ватанфурушликда, ғоясизликда, буржуа мафкурасига мойилликда айблади. Нобел мукофотидан воз кечишга ундади.
Мамлакатдаги барча республикалар Ёзувчилар уюшмаларида уни қоралаб йиғинлар ўтказилди. Албатта, энди — бугунги кунда бундай йиғинлар ўтганининг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ деб қараймиз. Зеро, шўролар замонида қолипга сиғмаган ёзувчи ҳамма вақт ҳар хил йўллар билан қораланиб келган. Мени лол қолдиргани бошқа нарса эди — бизнинг уюшмамиздаги йиғинга бел боғлаб келганлар ичида Пастернакни биладиган одамларгина эмас, умрида унинг номини эшитмаган зотлар ҳам «зўр ҳужум»га шай турарди. Улар орасида «Доктор Живаго» романини ўқиганлар эса умуман йўқ эди. Шунга қарамай, сўзга чиққанлар «Мен «Доктор Живаго»ни ўқиган эмасман, лекин Пастернакни бутунлай қоралайман, бунақа хоинга совет ёзувчилари сафида ўрин йўқ!» деб ҳайқирдилар. Мажлис Пастернакни якдиллик билан қоралади. Ёзувчилар, яъни халқ назарида энг пешқадам, энг фикри очиқ, энг халқпарвар зиёлилар йиғинида бир одам топилмадики, «Эй биродарлар, асарни ҳеч қайсимиз ўқимаган бўлсак, гап нима тўғрида бораётганидан бехабар бўлсак ва умуман, Пастернакнинг ўзини тузукроқ билмасак, унинг фикр-мулоҳазаларини эшитмаган бўлсак, қандай қилиб уни қоралашимиз мумкин? Бу виждонга, инсофга хилоф иш-ку!» деса…
Ўшанда биз донолик билан эмас, жоҳиллик билан Пастернакнинг юзига тупурган эдик. Энди аён бўлмокдаки, ўшанда… Пастернакнинг эмас, ўзимизнинг башарамизга туфлаган эканмиз.
Афсуски, партиянинг ички ҳаётидан ҳам, умуман, ўша даврлардаги жамият ҳаётидан ҳам бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг бари биз партия раҳбарлигида сотсиалистик жамият эмас, аллақандай тўнкарилган тескари жамият қурганимиздан далолат беради. Тўғри, ҳаётимиз аввалгидан бирмунча дуруст бўлиб қолган эди. Еб-ичишимиз ҳам, яшаш шароитларимиз ҳам хийла эпақага келиб қолган эди. Бироқ жамият ҳаётида ёлғон-яшиқнинг кучайиши, инсоний қадр-қимматнинг камайиши, ҳаромхўрлик ва нопокликнинг авж олиши ахлоқни хароб этиб, эътиқодларнинг томирини қурита бошлаган эди.
Мен онамни «ая» дердим. Аям Қўқоннинг ёнгинасидаги Охунқайнар қишлоғида туғилиб ўсган, сўнг тақдир тақозоси билан аввал Қўқонга, кейин Тошкентга келиб қолган. Аям чамаси ўн йилча савдо соҳасида меҳнат қилганларидан кейин — 1938 йилда партияга кирдилар. У киши партияга чин юракдан ихлосманд эдилар. Аёлликларига қарамай, у кишини том маънода партиянинг солдати деса бўларди. Партия қайси ишга, қандай лавозимга қўймасин, аям уларни гап-сўзсиз, эътирозсиз бажарар, партиянинг ҳар бир топшириғини сидқидилдан адо этишга тиришар эди. Биз оилада тўрт фарзанд эдик; очиғини айтганда, болаликда она меҳрига тўйганмизми-йўқми, аниқ айта олмайман. Биз уйқудан турмасдан аям ишга кетган бўлар, кечқурун у киши ишдан қайтганда биз ухлаб қолардик. Шу алфозда йиллар ўтди — биз улғайдик, уйли-жойли бўлдик, аям ҳам салкам ярим асрлик аъзолик стажига эга бўлган партия фахрийсига айландилар. Аммо бир кун келиб, кексалик кор қилдими ё кўп йиллик «қадрдон» касаллари — диабет енгдими, ҳар ҳолда аям ётиб қолдилар. Бутун умри одамлар орасида — ҳаракатда, фаолиятда ўтган одам ётиб қолмасин экан. Негаки, ташқи дунёдан узилиб, тўрт девор ичига қамалиб қолишдан ёмони йўқ. Биз — фарзандлар, албатта, қўлимиздан келганча аямнинг аҳволини енгиллатишга ҳаракат қилдик, лекин у киши алам ва изтироблар ичида ҳаётдан кўз юмдилар. Кейин ўйлаб қарасам, у кишининг умрига завол бўлган нарса фақат қанд касалининг тажовузларигина эмас экан. Шак йўқ, ўлим ҳақ! Аммо одамни қисматидан беш кун бурун бу дунё билан видолашувга мажбур қиладиган сабаблар ҳам кўп экан. Аямнинг ҳадеганда тилга чиқавермайдиган алланечук оғир пинҳоний бир дарди бор эди. Кўпинча ишдан қайтиб, ҳузурларига кирсам, кўзлари намиққан, юзлари тунд бўларди.
— Яна йиғладингизми, ая?
— Йўқ, болам, нега йиғлай? Шунчаки сиқилдим-да, — дердилар аям шикаста овозда.
Бир куни ўзлари ёрилдилар:
— Нега бундай-а, ўғлим? Мен эллик йиллик умримни партияга бағишладим, сочимни супурги, қўлимни косов этиб, унинг хизматини қилдим, энди эса партия ширамни сўриб олиб, пўстимни туфлаб ташлади. Шунча хизматларим қумга сингиб кетдими?
Дарҳақиқат, аям ётиб қолганларидан кейин у киши аъзо бўлган ташкилот аямни ҳисобдан чиқариб, маҳалладаги мактабнинг партия ташкилотига киритиб қўйган эди. Бу тўғрида бир одам келиб хабар бериб кетди-ю, ундан кейин бошқа ҳеч ким келмади. Орадан ойлар ўтди. Партия аъзоси ҳар ойда аъзолик бадали тўлаб турмоғи керак. Бу — партия аъзоси учун сўзсиз бажарилиши лозим бўлган темир қонун эди. Агар уч ой аъзолик бадали тўланмаса, у ўз-ўзидан партиядан чиқиб кетарди. Аям шундан қаттиқ безовта бўлди ва мени мактабга жўнатди.
— Э, домла, шунга ташвиш қилиб юрибсизми? — деди котиб беғамгина оҳангда. — Нафақадаги одам бор-йўғи йигирма тийин бадал тўлайди. Ўзимиз тўлаб юборяпмиз.
Аямнинг куйганича бор эди — партия ўзининг хасталикка учраб, ишга ярамай қолган аъзосидан бутунлай юз ўгирган эди. Мен эса у кишининг аламли саволига тузукроқ жавоб топиб беролмай гаранг эдим. Ҳа, бизнинг партия учун одам чўт эмас эди — инсон қадри ҳақида оғизда кўп баландпарвоз гаплар айтилса-да, амалда зарур бўлиб қолса, у ҳар қандай одамнинг баҳридан ўтиб кетаверарди.
Орадан кўп ўтмай шунга ўхшаш кўргулик ўзимнинг бошимга тушди.
80-йилларнинг бошларида одамларга чорбоғ тарқатиш расм бўлди. Бир гуруҳ ёзувчилар ҳам бу насибадан қуруқ қолмади. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Ростини айтсам, менга бир шапалоқ ер текканига жуда суюндим — одам ёши ўтиб борган сари ерга яқинроқ бўлишни хоҳлаб қоларкан. Тўғри, жиндай узоқлиги бор — Тошкентдан ўттиз беш чақирим келади. Нима қипти, йигирма йилдан бери гижинглатиб миниб юрган машинам бор, ҳар қандай узоғимни яқин қилади.
Ер ташландиқ, заранг экан, тупроғи шўх. Бунисини ҳам эплаймиз. Жойимиз дўнгроқ экан — сув чиқиши қийин. Бу ҳам шаштимизни қайтара олмади. Аммо ишни бирор бошпана барпо этишдан бошламоқ керак эди. Бутун оила аъзоларимиз баҳамжиҳат ишга киришдик. Қурилиш материаллари топиш қийин эди, уларни топсангиз, машина топилмайди, машина топилса, сабил қолгур пул топилмай хуноб қилади. Ҳарқалай, ёру дўстлар, ошна-оғайнилар жонга ора кирдилар. Ўша йили ёзи билан ҳар куни чорбоғда ҳашар бўлди ва бу ҳашарларда иштирок этмаган биронта ёш ижодкор ёхуд шогирд қолмади. Хуллас, иморатни кўпчиликлашиб тиклаб олдик. Лекин унинг пардоздан чиқиб узил-кесил битишига ҳали уч-тўрт қовун пишиғи бор эди. Шапалоқдек ерни эпақага келтириш, бошпана бўладиган мўъжазгина бир кулбани битириб олиш бунақа қийин бўлишини билганимда, чорбоғ деганини сира ҳам ҳавас қилмаган бўлардим. Аммо на илож — бошлаган ишни охирига етказиш керак.
Шу аҳволда кунлар ўтиб турарди, кунлардан бирида газетада «Чорбоғчилар» деган фелетон чиқиб қолди. Қарасам, уч-тўрт киши қаторида менинг ҳам фамилиям бор. Фелетончиси тушмагур роса боплабди — унинг гапига қараса, мендай расво, мендай бойликка ружу қўйган махлуқ йўқ, нафсим ҳакалак отиб, икки қаватли шоҳона қаср қуриб олибман. Ё тавбангдан кетай, ёлғон ҳам эви билан-да… Аммо партия ташкилоти учун матбуотда чиққан материал жиддий сигнал ҳисобланарди. Асосий машмашалар фелетон чиққанидан кейин бошланди — партия мажлисида масалам кўрилди, кетма-кет парткому райкомларга чақирилдим, изоҳномалар, тушунтириш хатлари ёздим. Ниҳоят, мендан уйнинг иккинчи қаватини бузиб ташлаш талаб қилинди. Яхшими, ёмонми, ўз қўлинг билан барпо этган нарсани бузиш жуда оғир бўлар экан. «Тайёр битган иморатни нега бузмоқ керак, ундан кўра уни олинглар, болалар боғчаси қиласизлар», дедим. «Йўқ», дедилар. «Бўлмаса, болахона қурганим учун жарима тўлай, лоақал йўлимизни асфалт қилишга харжларсизлар», дедим. «Йўқ», дедилар. «Бузинг, бўлмаса, партиядан ўчирамиз». Мен, албатта, партиядан ўчишни истамас эдим. «Майли, бузаман. Лоақал, ёзгача рухсат беринглар», дедим. «Йўқ!» Баҳорнинг илиқ кунларидан бирида уч-тўрт киши бўлиб болахонани қўпориб ташладик. Лекин томни ёполмадик. Кейин ёғингарчилик бошланди. Аксига олиб, ўша йили баҳор жуда серёғин бўлди. Ёзгача иморатнинг бари шўралаб, шувоқлари кўчиб тушди, деворлари ҳам уқаланиб яроқсиз ҳолга келди. Уч ой олдин бежиримгина турган иморат бомба тушган вайронага айланди-қолди.
Ўша пайтдаги изтиробларимни эсласам, ҳозир ҳам куйиб-ўртаниб кетаман. Чорбоғ деган нарсадан буткул кўнглим совиди. Ҳар гал ўша вайронани кўрганда чаласига ўзим ўт қўйиб юборгим келади. Лекин бундан ҳам ёмонроқ алам қилгани бошқа нарса бўлди. Қандай гуноҳим бор эдики, мени шунчалар бадном қилдилар? Ўғрилик қилган бўлмасам, бировнинг ҳақини емаган бўлсам, чорбоғни қуриб, даромад манбаига айлантирган бўлмасам? Ахир, менинг ёшимдаги донороқ дўстларим сира жонларини койитмай, ҳатто ойлик ижара ҳақини тўламай, ҳукумат қуриб берган ҳашаматли чорбоғларда яшаяпти-ку! Мен бўлсам, ҳукуматни чиқимдор қилмай деб ҳаммасини ўз меҳнатим билан қуриб юрибман. Ва раҳмат эшитиш ўрнига яна фелетон бўлиб ўтирсам! Мени элу юрт олдида бадном қилсалар! Ахир, одамлар назарида жиндай обрўга эга бўлсам, мен буни йиллар мобайнида ҳалол меҳнатим, тўғрилигим эвазига мисқоллаб тўплаган эдим. Менинг обрўйим мен аъзо бўлган партиянинг обрўйи эмасмиди? Нега партия мени бу адолатсизликдан ҳимоя қилмади? Демак, унга менинг обрўйим ҳам, ўзим ҳам керак эмас эканман-да! Ўшанда мен бу саволларнинг биронтасига жавоб топганим йўқ. Ўйлашлар оқибатида афсусу надоматларга тўлиқ яна бир хитоб туғилди, холос: «Бу дунё бунчалар телба-тескари бўлмаса?!»
Албатта, бунақа хўрликлар ва ноҳақликларга дош бериш қийин эди. Ўйлай-ўйлай бир нарсадан тасалли топдим — бунақа ишлар ҳаётимизда янгилик эмас-ку! Сен-ку партиянинг бир оддий аъзосисан, сендан юз чандон катта одамлар, том маънодаги улуғ одамлар ҳам бунақа тескари қисматдан бена-сиб қолмаганлар-ку! Уларнинг ҳам ҳеч қанақа гуноҳлари йўқ эди.
Шундай деб ўйлаганимда улуғ инсон ва улуғ олим Ҳабиб Абдуллаевнинг қисмати кўз олдимда гавдаланарди. Дунёга донғи кетган олим. Олтин топишнинг самарали йўлларини кашф этган; у топган конлардан миллион-миллион даромад кўрилган ва ҳозир ҳам кўрилмокда. Унинг раҳбарлигида Фанлар академияси ҳам беқиёс ўсди. Бунақа олим юз йилда бир туғилади, миллат у билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Бундай олим хорижий мамлакатлардан биронтасида яшаганида, шубҳасиз, жуда катта иззат-икром кўрган ва фаровон ҳаёт кечирган бўларди. Аммо шундай одам эллик ёшга кириб-кирмай оламдан ўтди. Ҳа, умри қисқа экан. Аммо унинг умрини қисқа қилишга ўзимиз ҳам анча-мунча ҳисса қўшдик-ку! Ўзининг ҳалол пулига анчайин иморат қургани учун уни бадном қилган, тупроққа қориштирган ўзимиз эдик-ку! Гўё бир томонда сонмингта Ҳабиб Абдуллаев қалашиб ётибдию бунисини улоқтириб ташлаб, ўрнига янгисини қўйиб қўйиш мумкиндай. Олим теварагида ғийбат қозони қайнаб ётганда партиядан «Ҳой биродарлар, бир катта олим дурустроқ уй қуриб олган бўлса нима бўлибди? Бу ўзимизга обрў олиб келади» деган садо чиқмади-ку!
Йўқ, арзимаган «гуноҳлар» баҳонасида одамларни ёмонотлиқ қилиш, бурнини ерга ишқаб, қанотини қайириб олиш партиянинг севимли ишларидан эди. Ҳар хил йўллар билан одамни хўрлаш, таҳқирлаш ва шу тарзда «попугини пасайтириб» қўйиш бизнинг ҳаётимизда оддий иш бўлиб қолган эди.
Шу гапларни ёзяпману кўз ўнгимда улуғ санъаткоримиз Шукур Бурҳоновнинг нуроний сиймоси гавдаланади. Ўйлайманки, юртимизда биронта одамга унинг кимлигини тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак. Шукур Бурҳонов бетоб кунлардан бирида унинг иштирокисиз, орқасидан мажлис қилибдилар-да, ишдан бўшатиб, «патта»сини уйига элтиб берибдилар. Ҳолбуки, санъаткорнинг бутун умри шу театрда ўтган, у ҳаётини театрдан ташқарида тасаввур ҳам қилолмасди. Буни қандай тушуниб, қандай изоҳлаш мумкин? Ҳар қанча узрли сабаблар рўкач қилинмасин, улар Шукур Бурҳонни театрдан қувган одамларнинг бағритошлигини оқлай олармикан? Ахир, биз бағрикенг, серсаховат, меҳридарё халқ сифатида танилган эдик-ку! Дини ислом, мусулмон ахлоқи асрлар мобайнида бизга одамийликни, раҳмдилликни, шафқатни сингдириб келган эди. Нега энди бугунга келиб шу қадар меҳрсиз ва бағритош бўлиб қолдик? Яқинларимизга қанча кўп озор етказсак, шунча кўпроқ ҳузурланамиз. Бу иллат бизга қачон, қандай ёпишган? Шўролар замонида кенг томир ёйган инсонга лоқайд қараш, уни қадрламаслик шундай оқибатларга олиб келмадими?
Албатта, бу мулоҳазалар кимгадир маъқул бўлмаслиги, кимдадир эътироз туғдириши мумкин. Кимдир «Муболаға ҳам эви билан-да! Уч-тўртта ҳодисани санаб, шундан инсонга лоқайд қараш партия амалиётининг умумий тамойили бўлган дейиш мумкинми?» деб ўйлаётгандир ҳам. Бунга нима деб жавоб берса бўлади? Менинг гапларимда муболаға йўқ, биродарлар. Сизларни бунга яна бир бор амин қилмоқ учун қуйидаги далилни келтираман. Сизлар, албатта, Динмуҳаммад Қўнаев ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У катта-катта кашфиётлар қилган атоқли геолог олим эди. Аммо кенг халқ оммасига геолог бўлиб эмас, йирик давлат арбоби ва донгдор партия ходими сифатида кўпроқ танилган эди. Қўнаев қирқ йилдан зиёдроқ раҳбарлик лавозимларида ишлади, шундан йигирма бир йил мобайнида партия Марказий Комитети Сиёсий Бюросига аъзо бўлди. Албатта, бу одам партиянинг ички ҳаётини яхши билган, унинг бу борада айтган гапларини сира шубҳа туғдирмайдиган далил тарзида қабул қилса бўлади. Яқинда Алматида унинг «Менинг даврим тўғрисида» деган хотиралар китоби чиқди. Унда шундай сатрлар бор: «Сен ҳокимият курсисида ўтирган бўлсанг, ҳурматга сазовор, муносиб одамсан. Мансабдан кетишинг билан сени эртасигаёқ унутиб юборадилар. Кўп ҳолларда эса менинг аҳволимга тушасан — янги чиққан раҳбарнинг қутқуси билан менинг устимга ҳар хил бўлар-бўлмас айблар тўнкадилар ва ўзимни оқлагани бирон оғиз гап айтишга мутлақо имкон бермадилар.»
Қўнаевнинг бошига тушган можаролар партия ўз аъзоларини қандай «қадрлаган»ини яққол кўрсатади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Коммунистик партия раҳбарлари оғизда гуманистик ақидаларни алқаган бўлсалар-да, амалда одамларга ўз мақсадларига эришиш йўлида бир восита деб қараганлар. Шунинг учун коммунистик жамият қуриш ёки уни ҳимоя қилиш йўлида миллион-миллион одамларни қурбон қилиб юбораверганлар. Улар бу қилмишларини оқлаш учун махсус назариялар ҳам тўқиб чиқарганлар.
«Одамлар давлат машинасининг мурватлари ва парракларидир» деган эди Сталин. Буюк доҳий яна бир жойда: «Бизда алмаштириб бўлмайдиган одам йўқ!» деган шиорни олдинга сурган эди. Бугунга келиб бу гаплар нақадар аксил-инсоний мазмунга эга экани аён бўлди. Ахир, бу дунёда инсондан буюкроқ, инсондан мўъжизавийроқ жонзот йўқ! Инсоннинг чиқити бўлмайди, унинг бири — тош, бири — гул. Ўз ўрнида иккови ҳам керак. Аммо коммунистик партия инсон тақдири ҳақида гап кетганда бу ақидани буткул унутар эди.
Қарс икки қўлдан деган гап бор. Партияки ўз аъзосини қадрламаса, аъзолар ўз партиясини нечук қадрласин?
Мен нафақат мунаққид ва адабиётшуносман, балки мунтазам равишда таржимачилик билан ҳам шуғулланганман. Таржима қилган асарларим орасида Ленинга бағишланганлари кўп. У пайтларда мен Ленин ҳақидаги очерк ва ҳикоялар, қиссалар ва романларни ўзбек китобхонига етказишни жуда муҳим иш деб ҳисоблардим. Ўзбек ёшлари бу китобларни ўқиб доҳийдан ибрат олса, унга ўхшаган баркамол бўлишга ҳаракат қилса қандай яхши! У кезларда кўпгина совет кишилари каби Ленинни парвардигордек бенуқсон деб билардим. Жиндай тили чучуклигини айтмаса, бошқа айби йўқ эди. 20-йиллардаёқ матбуот саҳифаларида «Ленин пайғамбарми, йўқми?» деган мавзуда жуда жиддий баҳс ўтган. Ҳар ҳолда, унинг бутун дунё меҳнаткашларининг доҳийси эканига совет кишиларида заррача шубҳа йўқ эди. Лекин бир гал менда алланечук гумон пайдо бўлган.
Ўшанда мен биринчи марта хорижий сафарга чиқиб, Мисрга борган эдим. Сафар давомида мисрлик оддий одамлар билан мулоқотда бўлишга ҳаракат қилдим. Лениннинг тасвири зарбланган нишонлардан анча-мунча олиб олган эдим. Мисрликлар нишонларни бажону дил олишди, у ёқ-бу ёғини айлантириб томоша қилишди, сўнг расмни кўрсатиб «Бу ким?» деб сўрашди. Қизиқ-а, улар меҳнаткаш бўлатуриб, ўз доҳийларини танимадилар. «Бу — Ленин» дейман ранжиганимни билдирмасликка тиришиб. Улар эса менга бақрайиб тураверадилар. «Ленин ким?» деб сўрайдилар. Кейин-кейин билдимки, хорижда Лениннинг шуҳрати унчалик эмас экан, у ердаги одамлар Ленинсиз ҳам бинойидек кунларини кўриб турар эканлар. Бизнинг назаримизда эса, Ленин бўлмаса, ер юзида ҳаёт тўхтаб қоладигандай эди. Мабодо, оламда бирон мангу турадиган нарса бўлса, бу — Ленин бўлмоғи керак эди.
Кейин ошкоралик ва қайта қуриш бошланди. Илгари яшириб келинган ҳақиқатлар юзага чиқа бошлади. Кўзимиз очилди. Лекин… Шу ўринда Чўлпоннинг бир байти эсга тушади:
Нечун очилди кўзим, қайга кетди уйқуларим?
Бу уйғонишда тўлиб-тошди, ошди қайғуларим.
Кўзимиз очилиб кўрдикки, Ленин бобо ҳам ўзимиз қатори эканлар, кўпда бенуқсон эмас, аксинча, анча-мунча жиноятларга қўл уришдан қайтмаган, анча-мунча одамнинг ҳаётига зомин ҳам бўлган эканлар. Ленин бобо ҳам нафс балосига гирифтор бўлган осий бандалардан эканлар, фақат еб-ичиш, молу дунё орттириш касалига эмас, бутун дунёни ўз бичимига мослаб қайта қуриш дардига мубтало бўлган эканлар. У киши фаолият майдонига кириб келишлари биланоқ Архимеднинг машҳур гапини ўз манфаатларига мослаб, «Менга таянч нуқтасини беринг, бутун дунёни ағдар-тўнтар қиламан!» деб ҳайқирган эдилар. Кейин партияни ўзлари учун шунақа таянч нуқтаси қилиб олдилар, партия аъзолари ва партияга аъзо бўлмаган оддий одамларни ўзларининг хомхаёлларини рўёбга чиқаришда восита деб билдилар. Бу ғаройиб ҳодисани идрок эт-моқчи бўлиб ҳарчанд уринаман, лекин тагига етолмайман. Қандоқ бўлдики, Россия империясидек катта бир мамлакат бир ҳовуч найрангбознинг тузоғига илинди? Нечук эс-ҳуши жойида, ақли расо миллион-миллион одамлар болшевиклар тўқиган афсоналарга чиппа-чин ишонди? Ўтмиш ҳақида қанча кўп ўйласам, бунақа саволлар шунча кўпроқ пайдо бўлади.
Аммо биз савол бериб ўрганмаган эдик. Негаки савол бермоқ учун одам синчков бўлмоғи, ҳар нарсанинг тагига етишга тиришмоғи керак, фикрлайдиган одам бўлмоғи шарт. Биз айни шу фикрлаш масаласида оқсар эдик, юқоридан айтилган ёхуд матбуотда ёзилган ҳар қандай гапни таҳлил чиғириғидан ўтказмай, ҳақиқат деб қабул қилишга кўникиб қолган эдик. Бунинг натижасида ҳар хил ёлғон-яшиқлар, бўлар-бўлмас афсоналар онгимизга сингдириларди. Ҳар куни такрор-такрор айтаверганидан кейин ёлғон ҳам ростга ўхшаб қолар экан. Гап қуруқ бўлмасин, бир-иккита мисол келтирай.
Кўп йиллар мобайнида «Улуғ Октябр инқилоби инсоният тарихида янги давр очди» деган ибора бизнинг «бисмилло»миз бўлган. Ҳар бир маърузада, ҳар бир мақолада, ҳар бир китобда бу гап қайта-қайта таъкидланар, қайта-қайта қулоққа қуйилар эди. Лекин ҳеч ким «1917 йил октябрида ўзи инқилоб бўлганми ёхуд шунчаки давлат тўнтаришими? Ё бир ҳовуч саргузаштталаб унсурлар уюштирган фитнамиди у? Тўнтариш ёки фитна бўлса, уни «улуғ» деб бўладими? Бу тўнтариш очган «янги давр» нималарда акс этади?» деган саволларни бермас эди.
Кўп китобларда Ўзбекистондаги фуқаролар уруши ҳақида гап кетганда «Фарғона водийсида шонли аскарларимиз юз минг босмачини қириб ташлади» деб ёзиларди. Буни ўқиб, «Ў, фрунзенинг шоввозлари-эй! Роса босмачиларнинг таъзирини берган экан-да» деб юраверганмиз. Ҳолбуки, жиндай фикр юритилса, жиндай таҳлил қилинса, бу сафсатанинг миси чиқади: ажабо, юз минг босмачи қирилган бўлса, тирик қолгани қанча экан? Боринг, ана, босмачиларнинг бешдан бири қирилган бўлсин. Унда қўлда қурол билан шўроларга қарши курашган босмачилар 500 минг кишини ташкил қилади-ку! Водий аҳолисининг ҳаммаси оёққа турган экан-да! Ундай бўлса, бутун халқни «босмачи» деб бўладими? Шўро ҳукумати ҳам халқнинг хоҳиш-иродасига қарши ўрнатилган экан-да?!
Фикрлашдан қочиш, «оч қорним — тинч қулоғим» фалсафаси одамни лоқайд қилади. Фирқа арбоблари эса бундан фойдаланиб, оммани ўзларининг ноғорасига истаганча ўйнатаверадилар. Ҳеч ким уларнинг мушугини «пишт» дейишга журъат қилолмай қолади.
Қайта қуриш авж олган кезларда Сатин деган бир кимсани аллақаердан топиб келиб, Тошкент шаҳар партия қўмитасига котиб қилиб қўйдилар. Бу зотнинг ўзбекларда қасди бор эканми, ҳар қалай, кўп одамни қийратди. У одамни айблаганда даъволарни қалаштириб ташлар, лекин далил-исботини ўйлаб ҳам ўтирмас эди. Бир кун катта бир йиғинда Тошкент дорилфунунини миллатчилик уяси сифатида таърифлади ва бунинг далилига «Талабаларнинг 50 фоизи ўзбек экан» деган гапни айтди. На ўша мажлисда, на йиғиндан кейин биронта одам чиқиб, «Дорилфунун талабаларининг ярми ўзбек бўлса, жуда оз экан, ахир, дорилфунун бошиданоқ маҳаллий миллат болаларига олий таълим бериш мақсадида тузилган» деган гапни айтмади. Шу тарзда Сатин ҳам миллатчиларни фош қилиш ишига муносиб ҳиссасини қўшди.
Қайта қуриш даври кўп давом этгани йўқ. Аммо беш-олти йиллик қисқа муддат мобайнида нафақат Ленин тўғрисида, балки партиянинг бошқа доҳийлари тўғрисида, партиянинг ўзи ҳақида шунақа ҳақиқатлар очилиб кетдики, улар эътиқодимизнинг қолган-қутганини ҳам барбод этди. Бу даврда эълон қилинган ҳужжатларда жинояткорлар бир тўда экани, етмиш йил мобайнида дунёнинг олтидан бир қисмини ёвузлик салтанатига айлантиргани, одамларни иймон ва виждондан, фаоллик ва ҳалолликдан маҳрум этгани узил-кесил исбот қилинди. Партия қулади. У елга учраган тутундай ғойиб бўлди. Ундан хотира сифатида мамлакат тарихида сира битмас бир яра бўлиб қора ўпқон қолди. Партия қулади-ю, унинг харобалари остида миллионлаб оддий партия аъзолари қолди. Мен шулардан бири эдим. Мен партия асоратидан қутулдим — эндиликда бўлар-бўлмас мажлисларда соатлаб қадалиб ўтиришларга, ҳисобот беришларга, ёлғон гапиришларга, ўзимда йўқ фазилатларни сотишга, риёкорликка ҳожат қолмади. Аммо бу — ўттиз йил мобайнида вужудимга сингиб кетган партиявий иллатларнинг қўланса бўйидан буткул халос бўлдим деган маънони билдирмайди. Ўттиз йил давомида кўнглимга жо бўлган, онгимга ўрнашиб олган оғулар ҳамон фикримни заҳарлашда давом этмоқда. Партия сафида ўтган ўттиз йиллик умримни сарҳисоб қилиб, «Нима орттирдиму нималардан маҳрум бўлдим?» деган саволни қўйсам, орттирганим бир ҳовуч бўлса, йўқотганим тоғдай беқиёс!
Мен партияга жуда катта орзу-умидлар бйлан кирган эдим. Мақсадим —мансаб эмас, имтиёзлар эмас, балки маслакдош дўстлар билан биргаликда улуғ ишларни амалга ошириш, маънавият юксакликларида парвоз қилиш, инсон деган номга доғ туширмай яшаш эди. Минг афсуски, бу орзулар ушалмади. Аксинча, партия сафида юриб, жиндай риёкор, жиндай алдамчи, жиндай иккиюзламачи бўлиб қолдим, меҳнат қилиш ўрнига ўзимни меҳнат қилаётгандай қилиб кўрсатишни ўргандим, сафсатабозликка, кўзбўямачиликка кўникдим.
Оскар Уайлд деган инглиз ёзувчисининг «Дориан Грейнинг портрети» деган ажойиб романи бор. Роман қаҳрамони Дориан Грей — бўй-басти келишган, ҳар қандай қиз бир кўрса ошиқу беқарор бўлиб қоладиган баркамол йигит. У мустақил ҳаётга энди қадам қўяр экан, Иблис билан учрашади; Иблис унинг иймони эвазига то вафотига қадар бутун навқиронлиги ва жозибадорлигини сақлаб қолишни ваъда қилади. Дориан рози бўлади — умрини айшу ишратда, ҳузур-ҳаловатда ўтказади, сира қаримайди — умрининг охиригача ёшликдаги баркамоллигини сақлаб қолади. Ниҳоят, вақт-соати етиб, оламдан ўтади. У ўлим тўшагида ётар экан, кўз ўнгида йиллар давомида шаклланган: ҳақиқий қиёфаси намоён бўлади. Бу қиёфа одамни жиркантирадиган даражада хунук — пешоналар тиришган, кўзлар чақчайган, пастки лаблар осилиб тушган, сўйлоқ тишлар йиртқич ҳайвонникидек туртиб чиққан… Ҳузур-ҳаловат, роҳат-фароғат, маишатнинг баҳоси бу…
Дориан Грейнинг ўлим тўшагида намоён бўлган асл қиёфаси — иймонсизлик ва маънавиятсизликнинг қиёфаси. Мен партия сафларида кечирган ҳаётимга якун ясамоқчи бўлсам, ҳар гал Дориан Грейнинг асл қиёфаси кўз олдимда гавдаланаверади. Партиянинг сохта талаблари, шафқатсизлиги, ғайриинсонийлиги мени иккиюзламачи, риёкор қилди, иймондан маҳрум этди, қинғир йўлларга бошлади. Шундоқ экан, нечук мен бундай партиядан кечмай? Нечук эътиқодимни ўзгартирмай? Бунинг учун мендан ҳазар қилиш керакми? Аксинча, мени ва менга ўхшаш бошқа миллионларни шу кўйга солган партиядан ҳазар қилмоқ керак эмасми? Ҳа, кўзлар жуда кечикиб очилди, ақл кечикиб кирди. Лекин мен кечикиб бўлса ҳам кўзим очилганига шукрлар қиламан.
Компартия тарқаб кетганидан кейин янги партиялар тузилди. Мени ҳам улар сафига киришга таклиф қилдилар. «Мени қўйинглар, биродарлар,— деб жавоб бердим. — Келинг, энди бу ёғига адашсам, ўзим адашай, ўзим тузатай ва ўзим жавоб берай». Мендан сўрашлари мумкин — хўп, коммунистик эътиқоддан воз кечибсиз, бошқа партиялардан бош тортибсиз, энди эътиқодсиз яшамоқчимисиз? Нега энди эътиқодсиз яшар эканман? Аксинча, бугун иймоним бутроқ, эътиқодим мустаҳкамроқ бўлиб қолди. Бугун мен умумбашарий қадриятларга, яхшиликка, ҳалолликка, диёнат ва инсофга эътиқод қўйдим. Менинг бахтимга, менга ўхшаган миллионларнинг бахтига жонажон юртимиз бошида мустақиллик байроғи ҳилпирай бошлади. Мустақиллик бизга эркинлик олиб келди ва шу билан бирга, ҳар биримизга юксак масъулиятлар юклади. Энди биз теранроқ ва дадилроқ фикрлайдиган бўлмоғимиз керак, маънавиятимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Биз янги, мустаҳкам ва юксак иймонга эга бўлмоғимиз даркор. Янги иймонга эга бўлмоқ учун эса бутунлай покланмоқ шарт. Бунинг учун қолган умр етиб берса, бас!
Озод ШАРАФИДДИНОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг