Маънавий матонат ва уйғоқ виждон тимсоли — Озод Шарафиддинов
Қуш парвоз учун, одамзод яшаш учун яратилади. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов айтган ушбу фикр бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Чунки у зот талқинида «яшаш» — шунчаки биологик жараён эмас, балки миллат дарди билан нафас олиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш ва тафаккур эркинлиги учун курашиш демакдир. Бугун мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс” пойдевори барпо этилаётган бир даврда бу жараённинг маънавий таянчларидан бири сифатида Озод Шарафиддинов меросига мурожаат қилиш тобора долзарб тус олмоқда.
1929 йил баҳорида Қўқоннинг Охунқайнар қишлоғида туғилган олимнинг ҳаёт йўли ХХ аср ўзбек маънавиятининг энг мураккаб ва синовли босқичларини ўзида мужассам этган. Қатағон ва мафкуравий тазйиқлар кучайган муҳитда вояга етган бўлса-да, у қалбидаги жадидона маърифат руҳини сақлаб қолди. Унинг “Замон. Қалб. Поэзия” асари адабий танқид доирасидан чиқиб, фикр ва тафаккурни янгилашга даъват этган концептуал чиқиш сифатида баҳоланади. Муаллиф адабиётни мафкуравий қолиплардан чиқариб, унинг марказига шахс ва унинг ички дунёси масаласини қўйди. Бугун таълим жараёнида танқидий тафаккурни шакллантириш устувор вазифа сифатида тилга олинаётган бўлса, бу ғоянинг илк назарий асослари айнан шу мактаб томонидан илгари сурилганини унутмаслик керак.
Олимнинг фуқаролик позицияси ва маънавий жасорати, айниқса, “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” мақоласида яққол намоён бўлади. Унда муаллиф шахсий қарашлар эволюциясини очиқ тан олади, кечаги фикрларга бугунги нуқтаи назардан холис баҳо беради. Бу — зиёли инсонга хос масъулият ва ички ҳалоллик намунасидир. Айниқса, бугун ахборот майдонида юзаки машҳурлик ортидан қувиш, хатони тан олмаслик ҳолатлари учраб турган бир пайтда, бундай ёндашув ёшлар учун муҳим ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
“Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан...” мақоласида эса Ватан тушунчасига чуқур маънавий таъриф берилади. Муаллиф Ватанни фақат ҳудуд эмас, балки она тили, адабиёт ва тарихий хотира уйғунлиги сифатида талқин қилади. Глобаллашув шароитида миллий ўзлик масаласи янада кескин тус олган бир пайтда бу фикрлар алоҳида аҳамият касб этади. Миллий қадриятлар билан яшаган инсон қаерда бўлмасин, маънан Ватан бағрида экани, ўз тили ва маданиятидан узилиш эса энг оғир йўқотиш экани таъкидланади.
Озод Шарафиддинов ҳаётининг сўнгги йиллари матонат ва ирода намунаси сифатида эътироф этилади. Оғир хасталик ва жисмоний чекловларга қарамасдан, у ижод ва таржима фаолиятини тўхтатмади. Лев Толстойнинг мураккаб “Иқрорнома” асарини ўзбек тилига ўгириши, “Жаҳон адабиёти” журналини йўлга қўйишдаги ташаббуси — маънавий куч ва фидойиликнинг ёрқин ифодасидир. Бу тажриба қийинчилик олдида тушкунликка тушаётган ёшлар учун амалий намуна бўла олади: жисм чекланиши мумкин, аммо ижодий руҳ ва тафаккур эркинлигини тўхтатиб бўлмайди.
Олимнинг “Зиёли одам — жамиятнинг асаб толаси” деган фикри бугун ҳам долзарб. Чунки замонавий жамият фақат технология билан эмас, балки маънавий иммунитет билан ҳам ривожланади. Бугун ёш авлоддан рақамли кўникмалар билан бир қаторда миллий ғоя ва қадриятларни тарғиб қила олиш салоҳияти ҳам талаб этилмоқда. Бу борада Озод Шарафиддинов қолдирган илмий ва публицистик мерос мустаҳкам маънавий асос вазифасини ўтайди.
Хулоса шуки, унинг қарашлари ва асарлари бугун ҳам фаол фуқаролик позицияси, холис тафаккур ва маънавий масъулиятга чорловчи манба бўлиб қолмоқда. Зеро, у таъкидлаганидек, адабиёт — миллат виждонининг ҳисоботидир. Бу виждоннинг уйғоқ бўлиши эса жамият тараққиётининг энг муҳим шартидир.
Сирожиддин САМАНДАРОВ
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг