Маънавий хазиналар ганжинаси
Темур ЭШБОЕВ/“Халқ сўзи“. Мактабда ўқиб юрган кезларимиз ёзги таътилда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрига саёҳатга борганмиз. Ўшанда диққатга сазовор жойлар қаторида ушбу шаҳарнинг асосчиси Пётр I уй музейи билан ҳам танишгандик.
Ёғочдан тикланган ушбу иморат қарийб уч аср ўтган бўлса-да борича сақланиб қолган. Уй ичидаги экспонатлар рус императорининг турмуш тутуми ҳақида ҳикоя қилиб, оппоқ чойшаблар устида ҳукмдор минг-минглаб кишиларнинг ҳаёти эвазига ботқоқ устида ушбу шаҳарни бунёд этганлиги ҳаёлимизга ҳам кириб чиқмаган. Аксинча, экскурсиячининг уй ва шаҳарнинг қурилишида монархнинг ўзи ҳам иштирок этганлиги ҳақида завқ билан сўзлаши унга нисбатан ўшанда илиқ таассурот уйғотганлиги бор гап.
Кейинги таътилларимизда қадим Бухоронинг машҳур Арк ва Ситораи Моҳи Хоса мажмуаларига саёҳат қилдик. Экскурсиячи амирнинг мазкур қароргоҳлари билан таништириб, ушбу кошоналарнинг лойи халқнинг қони билан қорилгани, турли бедодлик ва амирнинг маиший ҳаёти ҳақида ҳикоя қиларкан, қанчадан-қанча одамлар зиндонларда бит ва каналарга ем бўлганлиги ҳақидаги сўзлари ҳамон қулоғимиз остида.
Ўз тарихимиз, ўтмиш ҳукмдорларимизга нисбатан сингдирилган таассурот ва тасаввурлар шу тахлит улардан қолган маданий мерос ёдгорликларга нисбатан муносабатимизни ҳам белгилаган бўлса не ажаб. Тарихнинг маълум даври, ўша замонларнинг меъморий обидалари, маданий мерос объектларига нисбатан нафрат ҳисси билан улғайдик. Шу нафрат туфайли улар хўрланди.
Навоий вилоятининг Кармана шаҳридаги Кўҳнақўрғон маҳалласида Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1900 — 1905-йилларда қурилган Мирзачорбоғ қароргоҳи шулардан бири.
— Амир қароргоҳининг қурилишига маҳаллий уста Абдураҳим Турдимурод ўғли Ғозғоний бош-қош бўлиб, саройнинг ганч ўймакор нақшлари уста Ширин Муродов томонидан амалга оширилган, — дейди ўлкашунос олим Нурхон Бекниёзов. — Ушбу усталар номларининг ўзи мазкур қароргоҳнинг қурилишда санъат намунаси даражасига етганлигини англатади. Шарқ ва Ғарб меъморчилиги анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда бунёд этилган ушбу кошона Навоий шаҳрига асос солингунга (1958 йил) қадар ҳудуднинг энг ҳашаматли саройларидан бири бўлган. Агар Пётр кулбасига қаратилган эътиборнинг ўндан бири бўлганида ҳам ушбу қароргоҳ ҳудуд сайёҳлик хазинасида жозибадор гавҳар бўлиб қоларди.
Афсуски, 1942–1943 йилларда Мирзачорбоғдан поляк аскарлари учун казарма, урушдан кейин жамоа хўжалигининг идораси сифатида фойдаланилди. Кейинчалик 1974–1975 йилларда пиллачилик идораси жойлаштирилган. Қарийб қирқ йил қаровсиз қолган иморатнинг атрофи тагидан одамлар амирдан қолган хазиналарни ахтариб, хароба ҳолига келтирди.
Коризлар қаъридаги тарих
Ҳудуднинг ўтган асрда хўрланган тарихий обидалардан яна бири Нурота коризларидир. Ушбу иншоотларнинг тарихи олис минг-минг йилликларга қадалиб, дунёда камдан-кам халқлар эга бўлган осори атиқаларидан бири.
Ўз даврининг улкан сув иншооти, замон тили билан таърифласак, антиқа ирригация тармоғи бўлган коризлар ёрдамида маҳаллий аҳоли тоғолди адирликларида юзлаб қудуқларни бир-бирига туташтириш орқали ер ости сувларини юзага чиқариб, деҳқончилик қилишган.
Нурота коризлар тарихи ҳақида илмий асосланмаган қараш ва фаразлар мавжуд. Улардан бирида коризларнинг пайдо бўлиши эрамиздан олдинги 329-327 йилларда Ўрта Осиёга бостириб кирган македониялик Искандар(Александр Македонский) номи билан боғланади. Унинг иродаси билан қўшини томонидан 366та коризни қазилганлиги ҳақида миш-мишлар мавжуд. Қанчалик асосли бунга яна қайтамиз, ҳозир коризлар ҳақидаги ўрганганларимизни баҳам кўрайлик.
— “Кориз” форсча “ках” – сомон, “рез” – тўк деган сўзларнинг бирикишидан ҳосил бўлган, — дейди тарихчи ўлкашунос Рамазон Эгамов. — Нишаблик ва сувнинг оқиши ўша даврда қудуққа сомон ташлаш ёрдамида аниқланган. Яъни, кориз суви дамланмаётганлигини текшириш учун – биринчи қудуққа ках (сомон) ташланиб, охирги қудуқда кутиб олинган. Шу йўл билан нафақат сувнинг равон оқаётганлиги, балки оқиш тезлигига қараб сув миқдори ҳам аниқланган.
Коризларнинг яратилиш жараёнига батафсил тўхтай олмаймиз. Шунга қарамасдан у ўта машаққатли қўл меҳнати маҳсули ҳам эканлигини биргина мисол билан таърифласак. Айтайлик, 3 километр узунликка эга Мастон коризи 280 қудуқдан иборат бўлиб, бош қудуғининг чуқурлиги 14 метрни ташкил этади. Қудуқлар 1-1,5 метрлик, 0,005 метр нишабликка эга “лаҳм”(туннел)лар орқали туташтирилган. Ҳозирги ҳисоб-китоблар мазкур коризни қазишда қарийб 10 минг куб метр тупроқ қазиб чиқарилганлигини кўрсатади. Мазкур иш кўлами эса Александр Македонский Нуротада коризларни қаздирган деган фаразларга нисбатан рад этиб бўлмас шубҳа уйғотади. Қолаверса, қайси босқинчи ўз ҳудудидан ташқарида бунёдкорлик қилибди, дейсиз.
Нурота коризларининг аксарияти бугунги кунда кўмилиб кетган. Яқин-яқинларда ҳам ишлаб тургани, Нурота шаҳрининг шундоқ биқинидаги Калта кориз эса айрим шахслар томонидан ноқонуний чиқинди ташлаш жойларига айланиб қолган.
Тарихнинг бугунга тутган кўзгуси
— Ҳар қандай истило энг аввало аҳолининг илмли қатламини маҳв этиш ёхуд тиғдан ўтказиш, тарихий илдизи, моддий ва маънавий меросидан маҳрум этиш билан ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаган, — дейди тарихчи олим Рустам Қаршиев. — Боиси маънавий илдизидан мосуво халқни бошқариш осон кечади. Тарихий манбалардан маълумки, собиқ Шўро тузумини Карманада ўрнатишда темир йўл станциясидаги бронепоезд дастлаб тўғридан-тўғри Қосим Шайх мажмуасини тўпга тутади. Кейинчалик ушбу мажмуадан автогараж сифатида фойдаланилади.
Маънавий ва маданий меросимизнинг моддийлашган бойликларини хўрлаш сиёсати туфайли ҳозирги Навоий вилояти ҳудудидан Хатирчидаги Оқмачит минерал ўғитлар, Қизилтепадаги Тошмачит кимёвий унсурлар сақлаш мақсадларида ишлатилган бўлса, Работи Малик мажмуаси ўртасидан асфальт ётқизиб юборилди. Гадой Селкин зиёратгоҳи уй-жой учун бўлиб берилган. Конимехдаги Қилич ота қадамжоси экинзорга қўшиб юборилган. Нурота Чашмаси эшикларига қулф урилиб, кейинчалик омборга айлантирилган. Мавлоно Ориф Деггароний масжиди устунлари жамоа хўжалиги молхонасига ишлатилиб, ўн биринчи асрга тегишли иншоотдан омбор сифатида фойдаланилган. Хўжа Хисрав мақбараси ҳовлисидан зовур ўтказилди. Бундай бедодликлар рўйхатини охирига етказиш мушкул.
— Мамлакатимизда 1989 йилдаёқ Ўзбек тилига Давлат тили мақомини бериб, маънавий мустақиллигимиз пойдеворини қўйган эди, — дейди тилшунос олим Абдуҳамид Холмуродов, — Шу ўринда ҳар қандай миллат ва халқ аввало маънавий мустақилликка эга бўлмай туриб, иқтисодий, ҳудудий, маъмурий озодликка эриша олмаслиги ўшанда ниҳоятда нозик дид билан илғаниб, юксак жасорат билан амалга оширилган тадбир эканлигини таъкидлаш лозим.
Шу тахлит миллий ўзликни англаш асрий қадриятларни ардоқловчи, ҳимоя қилувчи ва халқни ҳаракатлантирувчи кучга айланди. Улкан маънавий захираларга эътибор қаратилди. Шу эътибор билан қадим Карманада кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, Қосим Шайх, Мир Саид Баҳром, Сардоба, Хўжа Хисрав қадим-қаддини тиклади. Нурота Чашмасининггина эмас, бебаҳо маънавий меросимиз булоқларининг кўзлари очилди гўё. Шунчаки иморатларнинг эмас, улуғ аждодларимизга эҳтиромнинг дунёси очилмоқда энди.
Адолат тантанаси
Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилиб, давлат муҳофазасига олинган вилоятнинг Ғозғон шаҳридаги “Шейхон” МФЙда жойлашган “Шоҳимардон”, Кармана тумани “Кўҳна Қўрғон” МФЙда жойлашган “Мирзачарбоғ” қароргоҳи, “Ҳазора” МФЙда жойлашган “Мавлоно Ориф Деггороний” масжиди архитектура ёдгорликлари ҳамда Навбаҳор тумани “М.Улуғбек” МФЙда жойлашган “Сармишсой” давлат музей қўриқхонаси ҳудудида бугунги кунда Маданий мерос агентлигининг 2023 йилги реставрация объектлари режа графиги асосида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Бугун “Мирзачорбоғ” қароргоҳида реставрация, таъмирлаш-тиклаш ишлари учун 4,1 млрд. сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, пудратчи ташкилот “Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси” ДМ ҳамда ёрдамчи пудратчи ташкилот “Марс 2000” МЧЖ билан объектда таъмирлаш ишлари учун 2024 йил 1 февралда шартнома имзоланган.
Мазкур шартномага асосан 2 млрд.сўм маблағ молиялаштирилиб ёрдамчи пудратчи ташкилот “Марс 2000” МЧЖ томонидан қароргоҳнинг таъмирлаш олди (демонтаж) ишлари объектнинг ички ва том қисмларида мавжуд тупроқдан тозалаш, ҳамда қиш мавсумида объектга зарар етмаслик мақсадида бир қисмини шифер билан(вақтинча) ёпиш ишлари олиб борилди.
— “Шоҳимардон” архитектура ёдгорлигини таъмирлаш учун эса 1,721 млрд. сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, — дейди Навоий вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Бекзод Раҳматов. — Пудратчи ташкилот “Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси” ДМ ва ёрдамчи пудратчи ташкилот “Ғолиб Бекзод” МЧЖ ўртасида объектда таъмирлаш ишлари учун 1,6 млрд. сўмлик шартнома имзоланиб, 410 млн.сўми молиялаштирилди.
Маҳаллий аҳоли вакиллари томонида мазкур лойиҳага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларига асосан Маданий мерос лойиҳа институти томонидан лойиҳага қўшимча ва ўзгартиришлар яъни бинонинг кириш қисмини ўзгартириш ва мажмуа ҳудудидан инфратизим объектлари қуриш бўйича қўшимча лойиҳа ишлаб чиқилиб, у Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг 2024 йил 8 майдаги йиғилиш баённомаси билан маъқулланди.
Ушбу лойиҳага қўшимча 1,2 млрд. сўмлик смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертизага хулосаси олиш учун тақдим этилган ҳамда 2024 йил 22 июлдаги экспертизага хулосасига асосан 965 223 559 сўм қўшимча ишлар учун маблағ ажратилиши белгиланди.
Ёрдамчи пудратчи ташкилот “Ғолиб-Бекзод” МЧЖ томонидан “Шоҳимардон” маданий мерос объектининг том қисмида, ички ва ташқи деворларида, ҳовлисида, кириш қисмида таъмирлаш олди (демонтаж) ишлари амалга оширилиб бугунги кунда мажмуанинг ташқи ва ишки қисмларини сувоқлаш ҳамда мажмуанинг ички шифт қисмларини гилганч қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Мустақиллик халқимиз тарихига адолат кўзи билан қараш, кечмиши ёзма мозийданда кексароқ ўтмишимизга холис муносабатда бўлиш имконини берди. Шу асосда бебаҳо қўлёзмалар, улкан маънавий хазиналар ўрганилиб, минг-минг йиллик тарихий давр ва тараққиётларни қамраб олувчи меъморий обидалар қадим қаддини тикламоқда. Табиийки, буларнинг барчасидан кўзланган мақсад бугунги маънавий тафаккуримизни қадим илдизларига туташтиришдир. Шу жиҳатдан аждодларимиз яратган бебаҳо бойликларни тиклашгина эмас, асраш, улардан мерос зумрад юзидаги гардни артиб туриш муҳим.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг