Маънавий бойликларимиз сарчашмаси

16:34 12 Ноябрь 2024 Жамият
269 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Бугунги глобаллашув даврида ижтимоий ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораётган, ахборот-коммуникация технологиялари барча соҳани қамраб олаётган бўлса-да, китоб ва газета-журналларни варақлаб ўқишнинг завқи ўзгача.

Инсонни комиллик сари етаклайдиган китоб мутолааси ҳақида гап кетганда, кўз олдимизда кутубхоналар намоён бўлади. Президентимизнинг 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикасининг 15 та туманида ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилган.

Марказимизда китобхонларга қулайликлар яратиш мақсадида 7 та бўлим ва 5 та сектор фаолият кўрсатмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона маркази директори Инжигул Шарапова. — Тан олишимиз керак, бугунги ахборотлашган даврда китобхонни кутубхоналарга жалб қилиш осон иш эмас. Шу боис биз ҳудуддаги барча ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларининг малакасини ошириб бориш учун “Методистлар мактаби”, “Каталогизатор мактаби”, “Библиограф мактаби”, “Ахборот-кутубхона фондларини жойлаштириш ва сақлаш” каби онлайн ва офлайн тарзда ўқув машғулотлари ва семинарлар ўтказиб келамиз.

Олий ўқув юртлари талабалари билан биргаликда ахборот-кутубхона муассасаларида 4 та “Китобхонлар клуби” ташкил этилган. Уларда китоб кўргазмалари, давра суҳбатлари, янги китоблар тақдимоти, кўрик-танловлар ва мутолаа кечалари сингари тадбирлар ўтказиб келинади.

Китобхонларнинг таклифлари бўйича қайси китобларга эҳтиёж борлигига аниқлик киритилиб, кутубхона жамғармаси янги адабиётлар ва вақтли матбуот нашрлари билан тўлдириб борилади. Бу борада ёш китобхонларнинг қорақалпоқ тилидаги лотин имлосида нашр этилган адабиётларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, зарур адабиётлар, босма нашрлар билан таъминланмоқда. Хусусан, «Билим», «Қарақалпақстан», «Илим», «Илимпаз», «Авангард», «Жети иқлим» «Жазыўшы», «Nur turan print», «Arial», «Print darxan» «Golden print» каби маҳаллий нашриётлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Ахборот-кутубхона марказидаги замонавий коммуникация технологиялари туфайли китобхонларга электрон китобларни масофадан туриб ўқиш имконияти яратган. Марказимизнинг (https://nukus.natlib.uz/) веб-сайтида рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга электрон ресурслар масофадан етказиб берилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона маркази Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонанинг диссертация учун мўлжалланган (https://diss.natlib.uz/qidirish?s) сайтига интеграция қилинган бўлиб, ўқувчиларимиз диссертацияларни онлайн шаклда қидириш ва ўқиши мумкин.

Жамоат жойларида QR-кодлар ёрдамида Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона маркази электрон китоблари тўғрисидаги маълумотларни махсус таблоларда жойлаштириш ва уларни мобиль қурилмаларга юклаб олиш ва ўқиш имконияти яратилди.

Мана бир неча йилдирки, Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона маркази ҳамда туманлардаги ахборот-кутубхона марказлари “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда. 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона марказининг “Ташаббусли бюджет”да 1 миллиард 100 миллион сўмлик лойиҳаси ғолиб бўлди. Нукус, Чимбой, Тахиатош, Кегейли ва Тўрткўл тумани ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган 300-400 миллион сўмлик лойиҳалари ҳам ғолиб деб топилди. Шунингдек, 2023 йилда Нукус тумани ахборот-кутубхона маркази жамоасининг 1 миллиард сўмлик лойиҳаси “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлди. Албатта, ушбу лойиҳалар асосида ахборот-кутубхона марказлари фондлари адабиётлар билан бойитилди ва замонавий техника, мебель жиҳозлари билан таъминланмоқда.

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари сингари Қорақалпоғистонда ҳам жорий йилнинг 21-25 октябрь кунлари “INFOLIB OʻZBEKISTON – 2024” XIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўтказилди.

— Кутубхоналарда ташкил этиладиган тадбирлар ёзувчилар учун ҳам, китобхонлар учун ҳам бирдек манфаатли, — дейди Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Алланазар Абдиев. — Юртимиз бўйлаб ўтказилган ҳафталик доирасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенесбой Каримов бошчилигида ҳудудларда китобхонлар иштирокида ташкил этилган тадбирларда иштирок этдик. Китобхонлар билан асарлардаги воқеалар ва қаҳрамонлар ҳақида дилдан суҳбатлар уюштирилди. Шунингдек, ёзувчи-шоирларнинг янги китоблари тақдимотлари ўтказилиб, ахборот-кутубхона марказларига китоблар туҳфа этилди. Албатта, бу тадбирлар кутубхоналар фондини бойитишга озгина бўлса ҳам ҳисса қўша олса, биз ундан фақатгина хурсанд бўламиз. Китобхонлар билан ўтказган очиқ мулоқотларимиз эса, янги асарлар ёзишга илҳом бағишлайди.

Ёш авлод таълим-тарбиясида китобнинг ўрни ва аҳамияти муҳим. Ёшларни китоб мутолаасига қизиқтириш учун кутубхоналарнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур. Зеро, кутубхоналар глобаллашган замонда ҳам маънавият ва маърифат маскани бўлиб қолиши лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер