Манасликлар ҳаётини ўзгартирган қирқ беш кун

10:13 07 Август 2025 Жамият
102 0

Фото: Архив сурат

Қирқ беш кун... Бу жумла айтилганда миллий адабиётимизнинг таниқли намояндаси, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг шу номдаги асари ёдга тушади.

Маълумки, Катта Фарғона канали халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли қирқ беш кунда қуриб битказилган ва бу шонли воқелик халқ қаҳрамонлигининг ёрқин намунаси сифатида мамлакатимиз тарихи солномасига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган. Бундан қарийб саксон йил олдин умумхалқ ҳашари йўли билан қурилган бу улкан обиҳаёт манбаи она замин бағрини гулу чечакларга, дов-дарахтларга, ноз-неъматларга буркаганча ҳамон ҳаёт қўшиғини айтиб, шарқираб ётибди.

Орадан саксон йил ўтиб яна “Қирқ беш кун”нинг янги нафаси, янгроқ саси халқимизнинг қалбини жунбишга келтирди. “Обод қишлоқ” дастурининг мамлакатимизда энг биринчи бўлиб Мирзачўлнинг бир бўлаги бўлмиш Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида ҳаётга татбиқ этилгани ва бу илк тажрибанинг ҳам қирқ беш кунда амалга ошишида улуғ ҳикмат бордек...

Қирқ беш кун ичида энг хароб қишлоқ энг обод қишлоққа айланиб қолса денг... Минг авайланса-да, пойабзали лойга беланиб сафарга кетган манаслик, қирқ беш кун ўтиб қишлоққа қайтганда асфальт ётқизилган кенг ва равон кўчалар бўйлаб кириб келса... Борлиқ эндигина уйғониб, йўл четига экилган анвойи гуллар ҳамалнинг илк кунларидаёқ сарафроз айтиб солланиб турса денг!..

Бу ҳам майли, маҳалладаги баъзи бировлар уйини таний олмай, анча пайт кўчада анграйиб юрганини айтмайсизми! Ахир, яқиндагина чиқиб кетаётганда, нураб, мунға­йиб қолган кўча деворларию шиферлари синавериб, минг ямоқ бўлган уйининг томига қараб юраги эзилиб кетмаганмиди? Ҳа, деворлари қуламай, ёзгача чидаб берса, бир амаллаб таъмирлаши кераклигини ўйлаб кетганди. Бугун эса уйим, деб тахмин қилган иморатнинг олдида ичкарига киришга журъат қилолмай турибди. Тушми бу ё ўнг? Хаёлотми ёхуд ҳақиқат?

Юқоридаги саволларга жавоб топиш учун кўпам қийналиш шарт эмас, яқин ўтмишга қайтиш кифоя.

Бундан етти йил муқаддам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган эзгу иш халқимизга чинакам умид бағишлади, оиласи ва кўнглига хотиржамлик нури, бахт ҳидини олиб кирди.

Ўша йил вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи Дўстлик туманидаги барча қишлоқ ва маҳаллаларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганди. Шундан сўнг “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш мақсадида биринчилардан бўлиб вилоят марказидан 70 км. узоқликда жойлашган Манас қишлоғи танланди.

Энди энг қувонарли жиҳатга тўхталсак. Ўшанда дастур асосида қишлоқда 34 та кўп қаватли уйнинг томи тўлиқ янгидан ёпилди. Режасиз қурилган кўримсиз бино ва объектлар олиб ташланиб, янгидан ёрдамчи иншоотлар қурилди. Атрофга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 65 км. узунликда сув қувури ётқизилди. 41 километрлик коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди. Эски қишлоқ врачлик пункти ўрнида замонавий оилавий поликлиника бунёд этилди. Иккита умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланиб, қайта жиҳозланди.

Қисқача айтганда, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Обод маҳалла” дастури доирасида ўша йили Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги қирғиз миллатига мансуб 6 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Манас қишлоғи инфратузилмаси тубдан янгиланиб, атиги 45 кунда гўзал шаҳарчага айлантирилди.

Қирқ беш кун инсоният тамаддуни олдида лаҳзадек гапдир, аммо мана шу лаҳзада манасликлар наздида асрларга татигулик ҳодиса рўй берди. Қувонарлиси, қишлоқ аҳли ҳам четда жим қараб турмади, қарийб қайтадан қурилган таълим ва тиббиёт муассасалари топширилишга тайёр бўлгунча улар ҳам қўлидан келганча меҳнат қилди. Жўмраклардан оқаётган тоза ичимлик сувига қувонч билан кафтларини тутаётган ҳамқишлоқлар севинчи еру кўкка сиғмади. Асфальт ётқизилган йўллар атрофига экилган мевали ва манзарали кўчатларнинг барқ уриб яшнашида кўнгилларида орзулар гуллаётган ёшларнинг келажаги кўрингандек бўлди. Негаки, ўртада маълум муддат дарз кетган ўзбек — қирғиз муносабатларидан сўнг манасликларнинг ҳам руҳлари тушиб, аҳвол ўнгланишига умид қилмай қўйишган, қишлоқнинг навқирон авлод вакиллари иш излаб, бирин-кетин ўзга юртларга кета бошлаганди.

— Бутун умрим шу қишлоқда ўтди, — дейди “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Жалил Кенжаев. — Мактабда етакчиликдан иш бошлаган бўлсам, кейинчалик хўжалик бош ҳисобчиси, хўжалик раҳбари лавозимларида фаолият юритдим. Қишлоқдаги ҳар бир оиланинг қувонч-ташвишларига шерик бўлиб келмоқдаман. Ҳар қайси фуқаронинг қандай яшашию нима билан бандлиги менга беш қўлдай аён. Орада қанча қийинчиликларни бошдан ўтказдик. Қийинчиликларга бардош беролмаганлар хориждан бахтини излашга тушди, Манасдан ҳам 300 хўжалик кўчиб кетди. Уларнинг аксарияти ёш оилалар эди. Биз, шу юрт тупроғида илдиз отиб, томир ёйганлар эса кетмадик, тўғрироғи, биз учун муқаддас бўлиб қолган заминни ташлаб кетолмадик. “Сабрнинг таги — сариқ олтин” деганлари рост экан. Мана, ёруғ кунлар келиб, ҳаётимиз ижобий ўзанга тушди.

2018 йил 30 март куни давлатимиз раҳбари Манас маҳалласидаги “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ишлар билан танишгач, маданият саройида ўтказилган йиҚилишда айтган “Мен “Обод қишлоқ” дастурини бекорга Манасда бошламадим, чунки бу ерда танти ва меҳнаткаш халқ яшайди”, деган сўзлари бутун манасликлар кўнглини кўкларга кўтариб юборди. Ободлик кўнгилдан бошланади, деганлари шу бўлса керак-да!

Дарҳақиқат, қирғиз эпоси қаҳрамони номи билан аталувчи Манас қишлоғи оз фурсатларда чинакам дўстлик қўрғонига айланди. Зотан, ўзбек ва қирғиз миллатлари илдизи бир, тили бир, дили бир қардош халқлар эканига шак-шубҳа йўқ. Минг йилликлар давомида бирга, ёнма-ён яшаб келган ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигию биродарлиги таҳсинга лойиқ. Баъзан бир кўчанинг икки томонида, бир сойнинг икки соҳилида истиқомат қилиб, тўю маъракаларини бирга ўтказган, яхши-ёмон кунларида бирга бўлган ўзбек ва қирғиз халқи доим бир-бирига уйининг тўрини берган ва бераётир.

Рост, бу икки миллат ташқи душманларга қарши елкама-елка туриб курашган, муқаддас Турон ўлкасининг озодлиги, мустақиллиги учун жонини фидо қилган. Масалан, қирғиз халқининг жаҳонга машҳур достони “Манас”да бош қаҳрамон Манас ботир Турон ўлкасига кўз тиккан душманлар — қорахитойлар ва жунғорларга қарши мардонавор курашган. Манас ботирнинг ишончли лашкарбошилари эса ўзбек қавми вакилларидан, суюкли ёри Қоникей Бухоро хони Темирхоннинг қизи бўлган. Душманлар Манасни ҳийла йўли билан ҳалок этгач, Манаснинг ёлғиз ўғли Семетей Бухорода тарбия топган. Олимқул мингбоши, Қурмонжон додхоҳ ва бошқа қаҳрамонлар ҳақида тарихдан жуда кўп мисолларни келтиришимиз мумкин.

Бугун ушбу қишлоқ янада кўркамлашганидан қардош қирғизлар ҳам жуда хурсанд. Дейлик, Болосоғун номидаги Қирғизистон миллий университетининг доценти Мирсаид Анарбаев “Очиқ сўз” газетасининг 2018 йил 13 сентябрь сонининг ярим саҳифадан кўпроғини эгаллаган “Беқиёс ўзгарган Манас” сарлавҳали мақоласида ўзининг кўрганларини мароқ билан ҳикоя қилади. Қирғиз олими мақолани шундай якунлаган: “Манас қишлоғи Ўзбекистоннинг 10 та вилояти оралаб ўтиб, мамлакатни Эрон, Афғонис­тон ва Туркманистон билан боғлайдиган улуғ йўлга яқин жойлашган. Энг муҳими, қишлоққа Президентнинг назари тушди. Уни кўргани атайин узоқлардан ташриф буюрувчиларнинг қадами узилмаяпти. Истагимиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти бошлаган ушбу хайрли ташаббус қанот ёзиб, бутун мамлакат обод ва фаровон бўлсин”.

Шунингдек, Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси раиси Нурланбек Қаллибековнинг Ўзбекистонга сафари чоғи бир тадбирда айтган сўзлари ҳам ҳали-ҳамон эсимда...

— Одатда, турли халқларни бир-бирига кўрсатилган меҳр-оқибат ришталари том маънода оҚа-ини, дўст-биродар қилади, — деганди у. — Қирғиз халқ қаҳрамонлигининг тимсоли номи билан аталувчи бу қишлоқнинг обод этилиши, аввало, қирғиз халқига бўлган ҳурмат, деб биламиз. Энг муҳими, миллатдошларимиз турмуш тарзи билан танишиб, уларнинг Ўзбекистонда миллатлараро тинчлик, дўстлик, тотувлик тамойиллари асосида яшаётганига гувоҳ бўлдик. Атоқли адиб, улкан жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллуди Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланди. Бу икки халқнинг тили, дили бирлиги, томирлари туташлигининг далолатидир. Бу ишларнинг бошида турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Худо сийласин!

Бундай эътирофлар ҳар қандай ўз юртини севувчи, ватанпарвар инсонни бефарқ қолдирмайди, албатта.

Қирғизларда қишлоқнинг аччиғию чучугида, яхшию ёмонида бош бўлиб турадиган, ўтидан кириб, сувидан чиқадиган улуғлари “ўтоға” деб номланади, иззат-ҳурмат қилинади. Жалил Кенжаевга ҳам маҳалла раисидан ҳам кўра, ўтоға сифати жуда мос келади.

Бугун яна йўлимиз Манасга тушиб, маҳалла идорасига кириб борар эканмиз, у ердаги ободлик, озодаликдан кўнглимиз равшан тортди ва ўтоғамизни саволга тортдик: “Хўш, кечаги кун қувончлари нафақат бугунни, балки эртани ҳам ёритиши учун қандай амаллар қилиняпти? Натижалар қандай? Манасликларнинг кайфияти яхшими?”

— Аъло даражада, — дейди у. — Манасликлар ўзларига кўрсатилган ғамхўрликдан сўнг ҳаётга янгича руҳ билан қараб, имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Кўп қаватли уйларда яшовчи ҳамда аҳолининг кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар таркибига кирувчи қатламларига моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида 30 та шундай оилага 7 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, она-бола сигирлар олиб берилганди. Кимдир шартнома билан чорвачилик фермаларидан пул ўтказиш йўли билан, кимдир бозорда ўзи танлаган молга банк тўлови билан чорва моллари харид қилди. Энг асосийси, қишлоқдаги 34 та кўп қаватли уйда яшовчи оилаларга ўз қорамолларини сақлаш учун қишлоқ четидан 150 бош қорамолни боқишга мўлжалланган замонавий молхонанинг қуриб берилиши фуқароларни куз-қиш мавсумида жой қидириш ташвишидан халос этди.

Ҳозирги кунда ўша оилалар моллари туёғини анча кўпайтириб олишган. Ана шундай оила вакилларидан бирини суҳбатга тортдик.

— Қишлоғимизда “Обод қишлоқ” дастури бошланганида турмуш ўртоғим ва уч нафар фарзандим билан 2 қаватли уйда яшар эдик, — дейди Саодат Тапканова. — Мен мактабда фаррош, турмуш ўртоғим эса фермер хўжалигида мавсумий ишчи бўлиб ишлардик. Уйимиз таъмирталаб эди. Фарзандларимизни сут-қатиқ билан таъминлаш учун сигир олайлик, десак, қурбимиз етмасди, чунки топган даромадимиз кунлик рўзғордан ортмасди. Дастур доирасида бизнинг уйимиз таъмирланди, 7 фоизлик имтиёзли кредит асосида бизга она-бола сигир олиб берилди. Бугунги кунда қорамолларимизнинг туёғи кўпайиб қолди. Фарзандларимиз доимий сут-қатиқ билан таъминланяпти, улардан ортганини сотяпмиз, бу ҳам оиламиз бюджетига қўшимча даромад келтирмоқда.

— Қорамолимизнинг туёғи кўпайди, дейсиз-да, сонини айтмайсиз. Қорамолингиз неча бошга кўпайди? — деймиз қувлик билан опага.

— Айтсам, кўз тегади, деб қўрқаман. Келинг, шуни айтмай қўя қолай, — дейди опа қишлоқ аёлларига хос соддалик билан жилмайиб. Мен ҳам унинг очиқ чеҳрасига боқиб:

— Ҳай, майли, туёғи кўпаяверсин, — дейман.

Яна бир севинчли хабар. Ўтган йили кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 20 нафар ёшга 1 гектардан 20 гектар ер ажратиб берилган экан. Қайси маҳсулот экилса, деҳқон кўпроқ ҳосил олиб, даромади ошади, деган савол қўйилиб, брокколи экишга қарор қилинибди. Маҳалла аҳли бу экинни аввал етиштирмаган, парваришда хатога йўл қўйса, бутун меҳнат чиппакка чиқиши мумкин. Шу хавотирда шу ишнинг ҳадисини билган деҳқонлардан амалий сабоқ олиш керак, деган маслаҳат билан сурхондарёлик деҳқонларни Манасга олиб келишибди. Улар Сурхондарёдан ўзлари билан кўчат олиб келиб, манаслик ёшларга брокколи экиш ва парваришлаш сирларини ўргатиб кетишибди.

Ёшлар биринчи йили иккинчи экинга брокколи экиб, яхши даромад олишибди. Бу йил эса биринчи экинга қовун-тарвуз етиштирибди, улар йиғиб олингач, иккинчисига яна шу экинни экишни мўлжаллаб туришибди экан.

Хайрли ташаббуслар ортидан хайрли ишлар эргашиб юришига кўпчилик ишонади. Гап шундаки, 1 гектардан ер олган ҳар бир ёшга ўзига ажратилган ернинг бир чеккасидан 4 сотихдан иссиқхона ҳам қуриб берилибди. Мазкур иссиқхоналарда помидор, бодринг сингари резавор экинлар етиштирган ёш деҳқонларнинг бугун қўли-қўлига тегмаяпти. Рустам Норбоев ўша ёшлардан бири. У Россияда ишлаб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, юрт қадрининг нечоғли улуғлигини англаган йигит. Ёшларга берилаётган имтиёзларни кўрган Рустам она қишлоғида қолиб, деҳқончилик қилишни маъқул кўрди. Ўтган йили Президент ва ёшлар учрашувида иштирок этиб, ўз кечинмаларини изҳор қилганди. Бугун эса у Манаснинг энг фаол ёшларидан бирига айланган.

Қайд этиш жоиз, Манас юртимизда энг қисқа фурсатда қайта қурилган қишлоқ ҳисобланади. Қирқ беш кун давомида амалга оширилган ишларнинг барчасини санаб чиқишнинг ўзи мушкул. Бу ишнинг бутун кўлами ва маҳобатини англаш учун бу ерга келиб кўриш, одамларининг тўлиб-тошиб айтган сўзларини эшитиш, қалб ила ҳис қилиш керак, албатта.

Меҳрибон АБДУРАҲМОНОВА

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?