Мамлакатимизнинг маҳсулоти 100 фоиз экспорт йўналтирилган корхонасини биласизми?!

08:51 28 Май 2021 Иқтисодиёт
1000 0

Ҳақиқатан ҳам шундай корхона бор. Унда нодир ва стратегик хом-ашё - уран ишлаб чиқарилади.

Қизиғи, ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида асос солинган ушбу қувват, дастлаб махфийлик нуқтаи назаридан қўшни Тожикистондаги кимё комбинатининг бир цехи-тажриба майдончаси сифатида фаолият олиб борган.

Бугун эса ташкил этилганлигининг 50 йиллигини нишонлаган ушбу корхона — 5-кон бошқармаси мақоми билан Навоий кон металлургия комбинати таркибида фаолиятини давом эттирмоқда. Шу муносабат билан бошқармага НКМК матбуот хизмати иш режасига кўра пресс-тур уюштирилди.

Вилоят ва Республика ОАВлари вакиллари ҳамда блогерлардан иборат пресс-тур иштирокчиларига бошқарма директори Валижон Назаров кон бошқармаси истиқлол йилларида 4,8 минг кишилик меҳнат жамоасининг заҳмати туфайли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми тўрт, бурғулаш тўққиз, маҳсулдор эритмаларни қайта ишлаш миқдори саккиз, аммоний парренати ишлаб чиқариш ҳажми эса етти бараварга оширганлиги ва бу ютуқларнинг омиллари хусусида маълумот берди.

— Айниқса, маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги лойиҳалар маҳсулот таннархини пасайтириш билан бирга ишлаб чиқаришда корхонамиз барқарорлигини таъминламоқда, — деди В. Назаров. — Дастурга кўра бошқарманинг таъмирлаш-механика цехида 2021 йилда жами 743,2 миллион сўмлик янги типдаги бурғулаш ускуналари ҳамда чўктирма насос қурилмалари учун жами 52 турдаги эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб, йил бошидан буён уларнинг 49 тури ўзлаштирилди.

Таъкидлаш жоиз, бошқарма тасарруфидаги 14 та конда чўктирма насосларнинг техник узилишларсиз ишлаши барқарорликнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу сабаб хом-ашёга ер остида ишлов беришга асосланган ушбу конлардаги 40дан ошиқ қурилманинг 150дан 600 метргача чуқурликда ишлайдиган чўктирма насослар тўхташларининг олди олинмоқда. Мисол учун илгари насос қурилмасининг 700 минг сўм эвазига четда келтирилган ишчи ғилдираги эндиликда бошқарма таъмирлаш- механика цехида тайёрланиб, импорт харажатлари қарийб 30 маротаба тежалишига эришилган. Энг муҳими, биргина шу насоснинг 60га яқин бутловчи қисмига ишлатиладиган хом-ашёнинг барчаси республикамиздаги корхоналардан олинмоқда.

Кон бошқармасида жамоанинг ижтимоий муҳофазаси, спорт ва соғломлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.Шу мақсадда  корхона маъмурий марказида қад ростлаган иншоотлар бугун Зафаробод қўрғони кўркига кўрк қўшмоқда. Хусусан, қўрғонда «Ёшлик» маданият ва спорт маркази бунёд этилиши, бўш турган бинонинг таъмирлаш ва қайта реконструкциялаш натижасида 42 нафар ёш мутахассис ва улар оиласи учун намунавий уй-жойга айлантирилиши, Болалар спорт мажмуаси, 2-сонли мактабгача таълим муассасасининг тўлиқ реконструкция қилиниши қўрғон марказида барпо этилган мусиқали фаввора, ёпиқ сув ҳавзасига эга «Янги ҳаёт» соғломлаштириш мажмуалари кучли ижтимоий ҳимоянинг энг муҳим мезонларидан биридир.

Қатрада қуёш акс этганидек истиқлол йилларида мамлакат миқёсида рўй берган ўзгаришлар Навоий кон металлургия комбинати ва унинг етакчи тизилмаси 5-кон бошқармаси ҳаётида ҳам ўз аксини топиб, унинг кўп минг кишилик ва кўпмиллатли жамоаси ўзларининг эллик йиллик юбилей тантаналарини ёруғ юз билан кутиб олдилар. Уларнинг фидокорона меҳнатлари натижасида асосий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маҳсулот экспорти бўйича жорий йил биринчи чорак режалари ҳам шараф билан уддаланди.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?