Мамлакатимиздаги илк нодавлат врачлар малакасини ошириш маркази битирувчиларига сертификат топширилди

15:41 10 Август 2022 Жамият
894 0

Фото: Халқ сўзи

Шу йили 18 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотда йирик ва нуфузли хусусий шифохоналарга ҳам шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш марказлари очишга рухсат берилишини алоҳида таъкидлаган эди.

Қашқадарё вилояти Китоб туманида тажрибали уролог шифокор, II даражали «Саломатлик» ордени соҳиби Алишер Бобоев ташкил этган «Dr.Boboev health center» хусусий клиникаси қошида нодавлат врачлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази очилди ва бугун унинг илк битирувчиларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.

— «Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун» деган эзгу тамойил, малакали тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштириш борасидаги эзгу мақсадларимизга қаратилган ислоҳотлар самарасининг амалдаги яққол ифодасини мана шу ерда кўриб турибмиз, — деди тадбирда онлайн тарзда иштирок этган соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов. — Пойтахтдаги мутахассис олис тоғ туманига бориб маҳорат ўрганади, деса шу пайтгача биров ишонармиди? Бугун шу марказда таҳсил олиб, эндоуролог мақомига сазовор бўлган шифокорларимиз орасида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Хоразм ва ҳатто Тошкент шаҳридан мутахассислар борлиги ҳайратланарли натижадир. Бу жамоа мамлакатда биринчилардан бўлиб хусусий секторда мутахассислар малакасини ошириш ва тиббий суғурта жамғармаси орқали ордер тизими асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйди.

Тадбирда сўзга чиққан Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Шавкат Ғаффоров, курс битирувчилари ва клиникада даволаниб, саломатлигини тиклаган кекса отахонлар муассаса жамоасига муваффақият тилади.

 

Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?