Малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи энди Конституцияда акс эттирилади
Тошкент давлат юридик университетида «Конституциявий ўзгаришлар — олимлар нигоҳида» мавзусидаги илмий-амалий конференцияда қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланмоқда. Қонунда назарда тутилган ҳолларда, юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади. Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганлар ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.
Йиғилишда сўз олганлар, янгиланаётган Конституциямизда прокуратурага оид конституциявий нормалар қандай алоҳида бобда акс эттирилган бўлса, худди шундай адвокатурага бағишланган янги боб киритилаётганлигини тарихий аҳамиятга эга воқелик сифатида баҳолашди. Зеро, бу орқали айблов ва ҳимоянинг том маънода тенглигини таъминлашнинг мустаҳкам конституциявий асослари яратилмоқда.
Конституцияда белгиланаётганидек, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши назарда тутилмоқда. Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади. Адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланади. Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсқинликсиз ва ҳоли учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Энг муҳими, адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади.
Конференцияда таъкидланганидек, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджетидан амалга оширилиши Конституция билан мустаҳкамланмоқда. Бу ўз навбатида, одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги кўзда тутилмоқда. Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар фақат қонун билан белгиланиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатизимзда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг