Мактабларда «Тарбия» фанини ўқитиш қандай ташкил этилган? Депутатларнинг саволларига Халқ таълими вазири жавоб берди

21:28 01 Декабрь 2020 Жамият
377 0

2020 йил 1 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги «Ҳукумат соати» бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Умумтаълим мактабларида ватанпарвар авлодни тарбиялаш, янги жорий этилган «Тарбия» фани ўқитилишини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар. Халқ вакилларининг ушбу масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жавоб берди.

Вазирнинг таъкидлашича, мамлакатимизда халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мактабларда маънавий-тарбиявий ишлар янгича асосда ташкил этилиб, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанлар асосида ягона «Тарбия» фани жорий қилинди. 2020-2021 ўқув йилидан 1-9-синфларда ўқитиш йўлга қўйилди. 10-11-синфларда эса мазкур фан 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.

Депутатлар «Тарбия» фанини ўқитиш бўйича олиб борилаётган ташкилий ишлар билан қизиқдилар.

Маълумотга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида «Тарбия» фани 1-9-синфларда ҳафтасига 1 соатдан, ўқув йили давомида эса 34 соат ўқитилади. Шунингдек, ўқитувчилар учун «Тарбия» фани бўйича дарсларни ташкил қилиш юзасидан замонавий ёндашувлар ўрин олган услубий қўлланма ишлаб чиқилди. «Тарбия» фанини ўқитиш технологияси” номли қўлланма нашрга тайёрланди. «Тарбия» фани бўйича ўқув-услубий таъминотнинг ахборот платформасини яратиш мақсадида интернет тармоғининг www.tarbiyam.uz доменида фанга доир маълумотлар ва вазифалари баён этилган ўқитувчига услубий ёрдам кўрсатувчи маълумотлар базаси яратилди. Бу платформада ўқитувчилар учун «Тарбия» фанининг мақсад-вазифаларини очиб берувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар – фан концепцияси, Давлат таълим стандартлари, ўқув дастури, услубий тавсиялар, тақвим-режалар, фанни ўқитишга доир технологиялар, дарс ишланмалари, қўшимча манбалар жойлаштирилмоқда. Шунингдек, платформада ўқувчилар ва ота-оналар учун махсус рукнлар ҳам мавжуд.«Тарбия» фанининг 1-9-синфларга мўлжалланган дарсликлари яратилиб, ундаги мавзуларга оид 21 та видеороликлар дарсликларга QR-кoд билан киритилди.

Мазкур дарсликларда ёшларни фикрлашга ўргатадиган, уларни миллий қадриятларимизга содиқ, ватанпарвар этиб тарбиялашга хизмат қиладиган замонавий педагогик технологиялардан фойдаланишга қай даражада эътибор қаратилган? Халқ вакиллари «Ҳукумат соати»да ушбу саволни ҳам ўртага ташлади.

Вазир жавобига кўра, «Тарбия» фанининг ўқув дастури ва дарсликларида ватанпарварлик, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби кўникмаларни шакллантиришга алоҳида урғу берилган. Хусусан, бунда миллий анъаналар, улуғ алломаларнинг ҳаёт ва йўллари, асарлари, замондош қаҳрамонларнинг фаолияти ибрат сифатида кенг фойдаланилган. Мавзуларни ўқитишда бугун жаҳон миқёсида оммалашган «Лойиҳа асосида ўқитиш», «Қизиқишлар асосида таълим бериш», «Арт-фест», «Намуна кўрсатиш», «Мисоллар орқали ўқитиш», «Вазиятларни таҳлил қилиш» каби таълим беришнинг илғор технология ва услублари қўлланилган.

«Ҳукумат соати»да депутатлар таълим муассасаларида ўқувчилар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бадантарбия машғулотлари ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинишини кундалик турмуш тарзига сингдириш, соғлом ва тўғри овқатланишни тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам савол бердилар.

Қайд этилганидек, халқ таълими тизимидаги 10 008 та умумий ўрта таълим муассасасида 6 млн. 236 минг нафар ўқувчи таҳсил олади. Бугунги кун ўқувчи-ёшларни ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб улғайишларини назарда тутиб, вазирликда Соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш шўъбаси ташкил этилган. Шўъба томонидан умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг соғлом овқатланишини ташкил этишни янада такомиллаштириш, белгиланган санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, мактаб ошхонасини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва таомлар сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларининг 7 672 тасида спорт зал, 26 584 та (баскетбол, волейбол, футбол, гандбол, мини-футбол) спорт майдончалари ва теннис кортлари мавжуд. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида республикадаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган тасвирий санъат, мусиқа, спорт, ахборот технологиялари, қизларга касб ўргатиш йўналишидаги тўгараклари ва китобхонлик клублари ташкил этилиб, уларга жами 3,9 млн. нафар ўқувчилар жалб этилган.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой кечган «Ҳукумат соати»да ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни янада ривожлантириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Муҳокамалар якунида мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?