Мактабгача таълим тизимида қамров ва сифат

17:31 03 Март 2026 Жамият
393 0

Бугун Навоий вилоятида 1 479 та МТТлари фаолият кўрсатиб, ҳудуддаги 3-6 ёшгача бўлган болаларнинг 87,8 фоизи мактабгача таълим тизимига қамраб олинган. Ўн йил аввал ушбу кўрсаткич қарийб уч бараварга паст бўлиб, у ҳам бўлса асосан вилоятдаги шаҳар ва қўрғонлар ҳиссасига тўғри келарди.

Ўтганига саловат, галдаги эътибор тизимда таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилиб, Республика Президентининг шу мақсадларни ўзида мужассам этган жорий йил 5 февралидаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ҳудуддаги ОАВ вакиллари учун ўтказган матбуот анжуманида айни масалалар муҳокама этилар экан, асосий эътибор 6 ёшлилар қамровини жорий йилда 99,5 фоизга етказишга қаратилди.

— Бугун илғор дунё тажрибаси мактабгача босқич таълим тизимининг энг ҳал қилувчи даври эканлигини кўрсатмоқда, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Аброр Латипов. —Айнан ҳаётининг мазкур босқичида боланинг жисмоний ва руҳий кўникмалари жадал суръатлар билан ривожланади. Уларда онг, тил, атрофни англаш, муносабатга киришиш, муаммоларни ҳал қила олиш қобилиятлари шаклланади. Ушбу даврнинг бир кунини ўтказиб юбориш ҳам бола қобилиятларининг шаклланиш даражаси ва суръатига бевосита таъсир кўрсатади.

Матбуот анжуманида шунингдек, вилоятдаги МТТларида таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган тажриба ҳамда амалиётга татбиқ этилаётган ғоялар хусусида атрофлича маълумот берилиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Темур ЭШБОЕВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?