Мактабга телефонсиз келаётган болалар

16:49 14 Май 2025 Жамият
114 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Япония таълим тизими бутун дунёда юқори даражадаги сифат ва интизом билан танилган. Токио шаҳрида жойлашган мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Гото Микако ҳамда роботехника ва аниқ фанлар бўйича профессор Коганезава Коичи Фарғонада иш бошлагани ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мазкур таълим муассасаларида 14 минг 149 нафар ўқувчи қамраб олинган. Шундан 200 дан ортиқ синфларда таълим-тарбия жараёни япон ўқитиш методикаси асосида олиб борилмоқда.

— Ҳозирда танлаб олинган умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида дарсларни ўқитиш методлари, математика, информатика, робототехника ва сунъий интеллект йўналишларида ўқувчиларга пухта билим берилмоқда, — дейди Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов. — Кунчиқар юрт тажрибаси асосида таълим ва тарбия жараёни ўзаро уйғун ҳолда ташкил этилган. Фарғона шаҳридаги 26-умумий ўрта таълим мактабида ҳам Япон таълим тизими бўйича дарслар ўтилади.

Мазкур муассасага киришингиз билан мактаб ҳовлисининг саранжом-саришталиги эътиборингизни тортади. Ўқитувчилар хонаси ҳамда бошланғич синф хоналари ўзгача дизайнда, замон талаблари асосида жиҳозланган. Билим даргоҳида 15 та бошланғич синф бўлиб, уларда 482 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ҳар бир дарс электрон доскалар воситасида маънавият дақиқалари ўтишдан бошланади. Ўқув машғулотлари видеороликлар, видеодарслар орқали ташкил этилади.

— Ўқув биносига кираверишда махсус қути ўрнатилган. Ўқувчилар эрталаб телефонини шу ерга қўйиб, дарсдан кейин олиб кетади, — дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Шамсиддин Сиддиқов. — Бу тажрибадан сўнг ота-оналар фарзандлари тарбиясида катта ўзгариш бўлаётганини таъкидламоқда. Чунки мактаб ҳовлиси тозалиги, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига ҳам ўқувчиларнинг ўзи масъул.

Ҳозир уяли алоқа воситалари ва смартфонлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бу қулайлик тезкор ахборот ва маълумотлардан фойдаланишда қулай, аммо фарзандларимиз таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганини унутмаслигимиз керак. Бу эртадан кечгача телефонга ёпишиб қолган болаларимизнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Руҳий мувозанатини бузади. Жиззаки, доим кайфияти тушкун ва лоқайд бўлиб қолади.

— “Телефонсиз мактаб” шиори остидаги эзгу ташаббусимизни амалга ошириш учун ота-оналар ва кенг жамоатчиликка мурожаат қилдик, — дейди Фарғона тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Шавкатжон Юлдашев. — Келажагимиз ворисларини телефон гирдобидан қутқариш, китобхонликка ўргатиш учун ижтимоий тармоқларда тарғибот ишлари кучайтирилди. Натижада тумандаги 64 та умумтаълим мактабларининг барчасида телефонларни сақлаш учун махсус қутилар ташкил этилди. Ўқувчилар эрталаб мактабга келганида телефонини шу қутига жойлайди. Ўқитувчилар ҳам дарсга қўл телефонисиз киради. Қисқа фурсатда ўқувчиларда катта ўзгариш кузатилиб, ўзлаштириш кўрсаткичи ва кайфияти кўтарилди. Ўз-ўзидан телефонга қарамликдан қутулиш иштиёқи кучайди. Айни пайтда махсус сақлов қутиларида телефонлар сони кун сайин камайиб бормоқда.

— Набираларим мактабга телефон олиб бормайдиган бўлди. Дарсдан кейин фақат зарур ҳоллардагина телефон ишлатишга одатланишди, — дейди меҳнат фахрийси Собиржон Дадахўжаев. — Дарс тайёрлашга кўпроқ вақт ажратишаётгани учун баҳолари яхшиланди. Хорижий тиллар, касб-ҳунар ўрганиш мақсадида қўшимча тўгаракларга ҳам қатнай бошлашди. Ўқитувчиларнинг ҳам уяли алоқа воситаларидан фойдаланишига барҳам берилгани дарс сифати ошишини таъминлади. Бу амалиёт ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг камайиши, китобхонликнинг оммалашиши, ноўрин ахборотлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилаётгани қувонарлидир.

Бугунги глобаллашув даврида уяли алоқа воситаларисиз яшаш мумкин эмасдек туюлади. Аммо ўқувчилар таълим-тарбияси, хусусан, мактабда телефондан фойдаланиш масаласини шундай ижобий ҳал этиш мумкин. Токи телефон ўғил-қизларимизнинг олтинга тенг даври беҳуда исроф бўлишининг олдини олиб, келгусида тўғри тақсимланган вақт уларнинг билим ва дунёқараши юксалишига хизмат қилсин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер