Мактаб ичра «маҳорат мактаби» бор

16:11 07 Февраль 2025 Жамият
356 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби гарчи умумтаълим муассасаси бўлсада, уни мисли олий ўқув юртига ўхшатса бўлади. Ўқув-тарбия дастуридаги тиғизлик, чуқур билим беришга асосланган ўзига хос дарс жараёнлари ва пировардида, ўқувчиларининг билим даражаси юқорилиги фикримизга далолатдир. «Мактаб ичида мактаблари бор» ўқув маскани деб аташ ҳам ўринлидир. Чунки ўқувчилар дарсдан сўнг оз эмас, 12 та ихтисослаштирилган тўгаракдаги машғулотларда қатнашиш имконига эга. Тўгаракларки, бари аниқ жадвал ва ўқув-машғулот режаси асосида фаолият юритади. Таъбир жоиз бўлса, ҳар бир тўгарак ўз йўналиши бўйича мукаммал маҳорат мактаби саналади.

— Тўгараклар самарадорлигини оширишда аввало, уларнинг мураббийларини танлашга алоҳида эътибор қаратганмиз, — дейди ижод мактаби директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Покиза Аҳмеджанова. — Маълумки, ижод мактаблари ўқитувчилари белгиланган имтиҳонлар ҳамда касбий малака даражалари асосида кўплаб номзодлар орасидан танлаб олинади. Шу маънода тўгараклар раҳбарлари ҳам маълум ихтисослик бўйича амалий тажриба, юқори малакага эгалигига, энг муҳими, шу йўналишининг профессионал мутахассисилиги ҳисобга олинган ҳолда танланган. Айни шу омил туфайли ўқувчиларимиз мактабдаёқ турли ихтисосликлар бўйича кенг назарий билим ва амалий кўникма олмоқда.

Ҳақиқатан мазкур ижод мактабида ўз соҳаси бўйича вилоятдагина эмас, мамлакатимизда ҳам таниқли ижодкорлар, санъат вакиллари, мутахассислар турли тўгаракларнинг раҳбарлари сифатида жамланган. Масалан, «Дўстлик» ордени соҳиби, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Анорбой Бойбеков «Тасвирий ва амалий санъат», Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Шуҳрат» медали соҳиби Ҳусниддин Ҳайит «Ёш ижодкорлар», Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг истеъдодли актёри Қандиёр Рустамов «Драма» тўгарагини бошқармоқда. Журналистика тўгарагида ҳам медиа соҳасининг профессионал ва таниқли вакиллари фаолият юритмоқда.

«Рақс» тўгараги раҳбари «Дўстлик»ордени соҳибаси Ойша Айтбагамбетовадир. Таниқли балетмейстер олиб бораётган тўгаракда 30 дан зиёд ўқувчи қатнашмоқда. Тўгарак негизида «Навбаҳор» рақс ансамбли ташкил этилган. Унинг чиқишларини профессионал ансамбллар ижросига менгзаса бўлади.

— Тўгараклар фаолиятининг катта самараси ўқувчиларимиз эришаётган ютуқларда ҳам акс этмоқда, — дейди ижод мактаби директори ўринбосари Аҳрор Фатталов. — Бунга ихтисосликлар бўйича тўгараклар аъзоларининг турли танловларда юқори ўринларга муносиб кўрилаётгани мисолдир. Энг муҳими, ўқувчиларимизнинг дарсдан сўнгги бўш вақтлари ҳеч ҳам бекор ўтмайди. Ихтисосликдан ташқари 20 та фан тўгаракларимиз бор. Бу ўқувчиларнинг янада чуқур билим олишлари учун катта имконият.

Ижод мактабида ўқиётган ўқувчи борки, бирор тўгаракда иштирок этади. Аксарияти бир эмас, бир нечасининг аъзоси. Бу дегани, бундай ўқувчилар эрта-индин мактабни битириб, бир неча ихтисослик, яъни касб-ҳунардан ҳам маълум амалий кўникмага эга бўлиб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Ижод мактаби ичра «Маҳорат мактаблари» бўлмиш ихтисосликлар бўйича тўгаракларда ўрганганлари ҳам уларнинг келгусида етук мутахассис бўлиб етишларида муҳим пойдевор сифатида хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?