Майданакнинг имкониятлари: ундан қачон тўлиқ фойдаланамиз?

16:52 06 Сентябр 2024 Жамият
273 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда экотуризм сайёҳликнинг энг муҳим ва истиқболли йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Халқаро статистик рақамларга назар ташласангиз, аксарият сайёҳлар табиат қўйнида дам олиш ёки турли қизиқарли саргузаштлар, экстремал вазиятларга бой саёҳатларни маъқул кўриши аён бўлади. Мамлакатимизда ҳам юртдошларимиз тарихий шаҳарлар ёки маданий фестиваллардан кўра, табиат қўйнидаги саргузаштларга бой саёҳатларга кўпроқ пул сарфламоқда. Йирик дарё ва кўллар атрофидаги, тоғли ҳудудлардаги сайёҳлик манзилларининг доимо одамлар билан гавжумлиги боиси шунда.

Қашқадарё вилоятида экотуризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш учун имкониятлар жуда катта. Бундан олти-етти йил аввал вилоятда «Саҳродан тоғ музликларига қадар» деб номланган лойиҳа ишлаб чиқилиб, тақдимот қилинди. Унда 2018-2019 йиллар давомида Муборак туманидаги чўлларда квадратциклда, от ва туяларда саёҳат қилиш, Миришкор туманидаги Сечанкўл атрофида дам олиш, балиқ овлаш, шунингдек, вилоятнинг бошқа сўлим тоғ ва тоғолди қишлоқларида ҳам треккинг (тоғ сўқмоқлари бўйлаб пиёда саёҳат), рафтинг (сув қайиғида сузиш) ва шу каби жуда кўплаб сайёҳлик йўналишлари йўлга қўйилиши белгиланган эди. Аммо лойиҳа қанчалик жозибадор бўлмасин, амалга ошмаса бекор. Юқоридаги лойиҳаларнинг ҳам аксарияти амалга ошмасдан қолиб кетди.

Сўнгги икки йилда эса ҳудудда экотуризмни ривожлантириш бўйича ишлар яна жойланди. Айни пайтда Китоб, Шаҳрисабз ва Қамаши туманларининг тоғли ҳудудларида бир қатор йирик туристик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 24 – 25 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига асосан, Қамаши туманидаги Майданак обсерваторияси жойлашган ҳудудда туризм зонаси барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Биз Майданакда яратилаётган туризм инфратузилмаси билан танишиш, қолаверса, ҳудуднинг беқиёс табиатидан баҳра олиш баҳонасида ушбу ҳудуд – Қамаши туманининг «Катта ўра» маҳалласи сари сафарга отландик.

Таъкидлаш жоиз, туман марказидан 80 километр узоқликда, пурвиқор тоғ қоялари орасида жойлашган «Катта ўра»нинг бир ёни Деҳқонобод туманининг тоғли қишлоқлари билан чегарадош, яна бир томони эса Майданак обсерваторияси жойлашган чўққи билан туташган. «Майданак баланд тоғ» туристик маркази ҳам ана шу чўққи ёнбағрида барпо этилмоқда.

Тўғрисини айтсак, авваллари кимнингдир саёҳат истаб бу ерларга келиши мумкинлигини тасаввур этиш ҳам қийин эди. Боиси оддий машиналарда бу тоғ йўлларида юриш жуда машаққатли, қиш-қировли кунларда эса қишлоқ ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолган вақтлар кўп бўлган.

Майданакда туризм зонаси қуриш бўйича лойиҳалар илгари сурила бошлангач вазият тубдан ўзгарди. Туманнинг Қизилтепа қишлоғидан то «Катта ўра»гача бўлган йўлларда кенг қамровли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди. Биз «Катта ўра»га боргунга қадар енгил машинада неча тоғ, неча чўққи ошиб ўтган бўлсакда, йўлларнинг текис ва равонлиги боис деярли машаққат чекмадик.

«Катта ўра» маҳалласи марказига борганимиздан сўнг, шу ерлик кишилардан йўл сўрадик. Улар Майданак чўққиси, яъни обсерватория жойлашган ҳудудга қадар 15 чақирим масофа борлигини айтишди.

Суҳбатдошларимизнинг таъкидлашича, ана шу 15 чақирим йўл жуда таъмирталаб, машинада ҳаракатланиш қийин экан. «Йил сўнгига қадар бу йўл ҳам таъмирланади», дейишяпти. Шундай бўлса Майданакка чиқиш анча осон бўлиб қоларди. Ҳозир бу жуда мушкул иш», дейишди улар.

Ҳақиқатан ҳам қишлоқ одамларининг айтганича бор экан. Қизилтепадан «Катта ўра»га қадар 70 километрга яқин йўл юриб умуман қийналмаган бўлсак, қишлоқ марказидан Майданакка қадар бўлган 15 чақирим йўлда жуда кўп машаққат чекдик. Чўққига кўтарилишдаги тош-шағал йўлларда машинамиз сирпаниб қолган, йўл торлигидан тик қоялардан қандайдир ваҳима, қўрқув билан ўтган дамларимиз кўп бўлди. Эътиборли томони, йўлда минг машаққат чекиб бўлсада, биз каби Майданак сари ошиқаётган сайёҳатталаблар кўп эди. Уларни кўриб, агар зарур шарт-шароит яратилса, йўлнинг қолган қисми ҳам таъмирланса, тоғлар орасидаги бу чекка ҳудудга ҳам сайёҳлар оқиб келиши мумкинлигига ишончимиз комил бўлди.

Ниҳоят кўз олдимизда Майданак обсерваторияси намоён бўлди. Атрофимиздаги тоғ қоялари ям-яшил арчазор билан қопланган, бироз этни жунжиктирадиган даражадаги салқин тоғ шамоли кишига хуш ёқарди. Дам олувчилар бу узоқ тоғлар бағрига нега талпинишини тушунгандек бўлдик. Бу ердаги салқин шабада, тоза ҳаво, беқиёс табиат манзараларини ҳамма ерда ҳам топилавермайдида. «Майданак баланд тоғ» туристик марказининг барпо этилиши эса йилнинг барча фаслларида саёҳатчиларнинг бу ерга келиб, ҳордиқ чиқариши, ҳудуднинг гўзал табиати, мусаффо ҳавосидан баҳра олишига замин яратади. Қолаверса, ҳудудда хизмат кўрсатиш, сервис ривожланади, чекка ҳудуддаги минглаб инсонлар иш ўринларига эга бўлишади.

Айни пайтда кўплаб тадбиркорлар ҳудуддан жой олиб, ўтов шаклидаги дам олиш масканларини қуриш, сайёҳлар учун шарт-шароит яратишга киришган.

Якка тартибдаги тадбиркор Ғиёсиддин Суюнов шу ҳудуддан ер олиб, 5 та ўтов уй тиклаган. Ҳар бирида ўн нафардан саёҳатчиларнинг маълум вақт яшаб, ҳордиқ чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

— Бу лойиҳани ўтган йили бошлаган эдик, — дейди у. — Аввал саёҳатга келувчилар кам эди. Лойиҳанинг келажагига ўзимизнинг ҳам ишончимиз сўнган вақтлар бўлди. Лекин бу йил анча яхши. Сайёҳлар оқими сезиларли кўпайди. Бу йилнинг ўзида ўнлаб тадбиркорлар биз каби сайёҳлик уйларини қуришди. Ҳаммаси дам олувчилар билан гавжум.

«Майданак баланд тоғ» туристик маркази доирасидаги лойиҳалар тўлиқ амалга оширилиб, йўлнинг қолган қисми ҳам таъмирланса, бу ерга сайёҳлар оқими янада ошади. Яна янги-янги туристик масканлар, мажмуаларга, хизмат кўрсатиш шохобчаларига эҳтиёж юзага келади. Шуни ўйлаган ҳолда, Ғиёсиддин Суюнов ҳам фаолиятини янада кенгайтириш, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларини ишга тушириш режаларини қилмоқда.

Хуллас, Майданакда ҳозирча шу гаплар. Аҳолининг ҳам, ҳудудга биринчилардан бўлиб сармоя киритган тадбиркорларнинг ҳам умиди «Майданак баланд тоғ» лойиҳаси доирасида бошланган ишларнинг тўлиқ амалга оширилишидан. Агар шундай бўлса, кўп ўтмай бу ерлар ҳам ривожланиб, сайёҳлар гавжум ҳудудлардан бирига айланади. Акс ҳолда эса… Келинг, ниятни яхши қилайлик.

Маълумот ўрнида: лойиҳага кўра, умумий майдони 58,6 гектар ҳудудни эгаллайдиган Майданак туризм зонасида 4830 метр узунликдаги дор йўли, 3 километр узунликка эга тоғ-чанғи комплекси, меҳмонхона, маданий соғломлаштириш мажмуаси ва бошқа кўплаб хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилиши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?