Маҳаллий давлат ҳокимияти тизими такомиллаштирилмоқда

12:42 20 Сентябр 2024 Сиёсат
270 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқароларимиз олдидаги масъулиятини ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, бошқарувнинг янада шаффоф ва самарали бўлишини таъминлайдиган қатор муҳим ўзгаришларни ўз ичига олади.

Унга кўра ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари бир-биридан ажратилиб, эндиликда ҳоким маҳаллий Кенгаш раиси бўла олмаслиги белгиланмоқда.

Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, уни ваколатлари муддати тугагунига қадар лавозимидан озод қилиш тартиби назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб мустаҳкамланмоқда. Бунда ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

Қонун билан вилоят, туман, шаҳар ҳокими ваколатлари ва вазифаларига айрим ўзгартиришлар киритилиб, уларга кўра ҳоким ўз номзодини кўриб чиқишда маҳаллий Кенгашга ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Қонунда маҳаллий Кенгаш раиси ваколатлари ҳам кенгайтирилиб, “Кенгаш сўрови” ва “Кенгаш текшируви” институтлари жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Мажлис давомида сенаторлар томонидан ушбу Қонун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг янада самарали ва демократик тизимини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, Қонун маҳаллий Кенгашларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органи сифатидаги ролини кучайтириш, ҳокимлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг халқ олдидаги масъулиятини ошириш, ҳудудий муаммоларни янада самарали ҳал этишни таъминлаши қайд этилди.

Қизғин муҳокамадан сўнг Қонун бир овоздан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?