Маҳаллани ҳаракатга келтирган еттовлон

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Урганч шаҳридаги «Нурли ҳаёт» маҳалласи энг намунали масканга айланиб бормоқда. Мазкур маҳалла 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, беш минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 30 та кўп қаватли уйлар мавжуд. Уларнинг 25 тасидаги хонадонлар уй-жойга муҳтож фуқароларга имтиёзли тарзда ажратиб берилган. Очиғи, яқингача бошқа маҳаллаларга қараганда, бу ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар кўп эди. Маҳалла еттилиги аҳилликда ишласа, ҳар қандай мураккаб вазифани ҳам уддалаш мумкинлигини амалда исботлашди.
— Маҳалламизда 230 та тадбиркорлик субъекти мавжуд. Шундан 101 тасида 436 та янги иш ўрни яратилди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзод Яқубов. — Ўтган йилда ишсизлар сони 395 нафарни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб 43 нафарга тушди. Ижтимоий нафақа олувчилар 153 нафардан 52 нафарга камайди. Хорижга меҳнат миграцияга кетган фуқаролардан 90 нафарини оиласи бағрига қайтариб, бандлигини таъминлашга эришдик. Ўтган йили ҳисобида маҳалламизда бирорта жиноят содир этилмади.
«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» киритилган ҳамда ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида маҳалланинг ўзида ўқув маркази ташкил қилинди. Ўқув марказида қўшни маҳаллалардан ҳам 700 нафар аёллар касб-ҳунарга ўқитилди. Ушбу лойиҳанинг давоми сифатида маҳаллада фаолият юритиб келаётган тадбиркор Ғайрат Абдуллаев ўз маблағи ҳисобига «Замин нонлари» цехи, «Буюртмалар маркази»и ташкил қилди. Ўқув марказини тамомлаган 25 нафар хотин-қизларни доимий иш билан таъминлади.
— Бу ерда «Call марказ» ташкил қилинган бўлиб, буюртмалар телефон орқали олинади, — дейди тадбиркор Ғайрат Абдуллаев. — Зарур хом-ашёлар юк ташувчи курьерлар томонидан уй шароитида ишловчи ногиронлиги бўлган аёлларнинг уйигача етказиб берилади. Тайёр маҳсулотларни электроскутерлар ёрдамида тарқатиш учун шу маҳалладаги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган 8 нафар фуқаро юк ташувчи сифатида ишга олинган. Натижада ишсиз фуқаролар доимий даромад манбаига эга бўлмоқда. Замонавий хизмат тури яна биттага ортиб, аҳолига қулайлик яратилмоқда.
Маълумот ўрнида: шу пайтгача уйда ишловчи 12 нафар аёллар муқаддам ёлланма ишчи сифатида ойига 1,2 млн сўмдан даромад топган бўлса, марказга ишга жойлашгандан кейин ҳар бирининг даромади ойига ўртача 4-5 млн сўмни ташкил қилмоқда. Юк ташувчи курьерларнинг даромади муқаддам 1,8 млн. сўм бўлса, эндиликда ойига ўртача 5 млн сўмга кўтарилди.
Маҳаллада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида яхши бир тажриба қўлланилди. Кўп қаватли уйлар ертўлалари хатловдан ўтказилиб, бўш турган 27 та ертўла тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 10 нафар тадбиркор, 13 нафар фуқаро, 4 нафар «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга ажратиб берилди. Ушбу ертўлаларда қўзиқорин етиштириш, ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, компьютер хизматлари, тикувчилик, қўл меҳнати билан билан ҳар хил турдаги безаклар ясаш ҳамда логистика марказини ташкил этилиб, жами 193 та янги иш ўрни яратилди.
— Бир неча йиллар хорижда ишлаб, 2-гуруҳ ногиронига айлангандим, — дейди шу маҳалла фуқароси Олияжон Комилжонова. — Кўп қаватли уйнинг ертўласидан жой ажратиб беришгач, у ерда кўрпача тикиш, сувенирлар ясашни йўлга қўйдим. Натижада рўзғоримга барака кириб, қўлим пул кўрди. Ҳозирда 7 нафар шогирд тайёрлаб, фаолиятимизни кенгайтириб боряпмиз.
Маълумки, кўп қаватли уйларни бошқариш, техник хизмат кўрсатиш, коммунал тизимларнинг соз ишлашини таъминлаш доим муаммо бўлиб келган. Бу вазифалар зиммасига юклатилган уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолиятидан аҳоли қониқмасди.
— Илгари биз яшайдиган уйларга уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатарди, — дейди маҳалла фаоли Барно Нуруллаева. — Лифтда ёки коммунал тизимда оддийгина носозлик юз берса, «ана борамиз, мана борамиз, маблағ топилса, тузатамиз» деб пайсалга солиб келарди. Шундан фуқароларнинг ширкатга ишончи қолмади. Аҳоли ойлик бадалларни ҳам тўламай қўйди. Маҳаллада «Хоразм шинам уйлари» бошқарув сервис компанияси ташкил этилгач, бу муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга имконият яратилди. Компания ўзига бириктирилган кўп қаватли уйлардаги умумий мулкни таъмирлаш, соз ҳолатда ишлашини назорат қилиш, уй атрофини ободонлаштиришга масъул.
— 12 та юк ташишга мўлжалланган электромототциклларнинг ҳар бирига 0,75 кВт, «Лабо» автомобилига 1,7 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган. Бу техника воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаб, ёқилғи ва энергия ресурсларини тежашга имкон беради, — дейди «Хоразм шинам уйлари» бошқарув сервис компанияси раҳбари Гулнора Атажанова. — 2 та электроскутер коммунал тизимдаги аварияларни тезкор бартараф этишда, маиший чиқиндиларни ташишга мўлжалланган. 2 та электромотоцикл ҳудуддаги чиқиндиларни ўз вақтида йиғиб олишда қўл келмоқда.
Маҳалла еттилигининг ҳамжиҳатликда қилган меҳнатлари эътиборсиз қолмади. Яқинда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Шавкат Вафоев Урганч шаҳридаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази раҳбари , хотин-қизлар фаоли Ҳулкар Маҳмудова «Тозабоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ёшлар етакчиси Зафар Мадрахимов Ёшлар ишлари агентлигининг Урганч шаҳар бўлими раҳбари лавозимига кўтарилди. Энди улар «Нурли ҳаёт»даги хайрли ташаббусларни кенг миқёсда татбиқ этмоқда. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, солиқчи, ижтимоий ходим ва профилактика инспекторидан иборат маҳалла еттилиги ва фаоллари янги таркибда ҳам шундай ғайрат ва шижоат билан ишни давом эттирса, «Нурли ҳаёт» янада обод бўлишига, камбағалликдан, ишсизлик ва ташқи миграциядан ҳоли ҳудудга айланишига шубҳа қолмайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг