Маҳаллалараро “саломатлик йўлаги”

12:42 08 Октябр 2025 Жамият
252 0

Боёвут туманидаги Маданият, Учтургон, Олмазор маҳаллаларида истиқомат қилаётган фуқаролар бир кунда 5 минг метрдан зиёд масофага юриш учун шу маҳаллалар ҳудудидан ўтган йўлакдан икки марта бориб қайтса бас, ушбу режаси ортиғи билан бажарилади.

Негаки, мазкур “саломатлик йўлаги”нинг узунлиги 1.6 километр бўлиб, туман марказидан Олмазор маҳалласигача чўзилган. Эътиборлиси, унинг ёнидан катта ариқ оқиб ўтади ва бу манзара кишига ўзгача завқ бағишлаши баробарида атроф-жавониб ҳавосининг мусаффолиги ҳамда мўътадиллигини ҳам таъминлайди. Йўлак бўйлаб кўзи ожиз шахсларнинг равон ҳаракатланиши учун бўртма йўлкўрсаткич белгилари бор махсус қопламалар ҳам ётқизилган.

— Саломатликни мустаҳкамлаш мақсадида пиёда юриш машқларини бажариш ҳамда сайр қилиб мароқли дам олишга қулай имкон яратиш учун истироҳат боғларидаги шароитни янада яхшилашга ҳам катта эътибор бериляпти, — дейди Боёвут тумани ҳокими ўринбосари Комилжон Абдалиев. — Марказ ва Наврўз маҳалласида жойлашган шундай масканларда ободонлаштириш амалга оширилди. Туман марказидаги истироҳат паркида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари эса тез орада якунланади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?