Маҳалладошлар ташаббуси билан мактабга қўшимча бино қуриб берилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Олтиариқнинг энг чекка ҳудудлари сирасига кирувчи «Азимобод» маҳалла фуқаролар йиғини аҳли эзгу мақсад йўлидаги уюшқоқлиги билан тилга тушган. Маҳалладошлар ташаббуси туфайли кейинги йилларда ҳудуд инфратузилмаси яхшиланиб, таълим муассасалари, кўчалар обод бўлди.

Хусусан, маҳалладаги 26-умумтаълим мактаби таъмирдан чиқарилди, мактабгача таълим ташкилоти учун 240 ўринли қўшимча бино қурилиб, ярим аср олдин бунёд этилган боғчанинг қамров имкониятлари кенгайтирилди. Шунингдек, 350 млн сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобига маҳалла биноси мукаммал таъмирланди. Эскириб кетган 16 та кичик, 2 та катта кўприклар янгидан қурилиши учун 400 млн сўм ҳомийлик маблағи йиғилди. Ўз навбатида электр, ичимлик суви таъминоти яхшиланди, ички кўчаларга шағал ётқизилди ва асфальтлаштирилди.

— Куни кеча эзгу ташаббуслар давоми сифатида 26-умумтаълим мактабига 360 ўринли қўшимча ўқув биноси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди, — дейди азимободлик таълим фахрийси Бахтиёр Элчиев. — Ўзим узоқ йиллар мазкур таълим муассасасида ўқитувчи, директор бўлиб ишлаганман. Ҳақиқатдан ҳам синф хоналари, бино етишмаслиги катта муаммо эди. Бу ҳамқишлоқларимиз аҳиллигининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, маҳалла аҳли ва таълим соҳаси фидойиларини самимий муборакбод этди. Азимободликларнинг ибратли ташаббуслари барча учун юксак намуна эканлигини таъкидлади.

Айтиш жоиз, бугунги кунда маҳалладаги 1879 та оилада 6 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг