Маҳаллабай ишлаш тизимининг моҳияти нимада? Унинг амалий самаралари қандай? — Вазир шу билан боғлиқ долзарб саволларга батафсил жавоб қайтарди

Бугун Ўзбекистонда маҳалла тизимига бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Зеро, бу аҳоли билан бевосита ишлашнинг энг самарали ва анъанавий механизмидир. Халқ билан мулоқотнинг бундай усулини бошқача қилиб маҳаллабай ишлаш тизими деб атаяпмиз. Умуман, бу борада қандай ишлар қилинмоқда, режалар, мақсадлар нималардан иборат? Мухбиримиз шу каби саволлар билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматовга мурожаат қилди.
— Аввало, сўзимизни жойларда ташкил этилаётган маҳаллабай иш тизими ва бу борада олиб борилаётган вазифалар ижросидан бошласак. Айтингчи, маҳаллабай иш олиб боришнинг асосий моҳияти нимада? Бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳозирда қандай ишлар йўлга қўйилган?
— Албатта, муҳтарам Юртбошимиз томонидан илгари сурилган маҳаллабай ва фуқаробай иш услублари айни дамда аҳоли мурожаатлари ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда жамиятимиздаги барча соҳалар учун энг самарали йўл эканлиги ўз исботини кўрсатмоқда.
Ривожланган давлатлар билан рақобатбардошлик хусусиятини ошириб боришнинг ижтимоий шарти — бошланғич бўғинлардаги оғриқли нуқталарни аниқлаш ва уни бартараф этишда жамоавий ёндашувларни ташкил этиш ҳисобланади.
Маҳаллабай ишлаш тизими мураккаб жараён бўлишига қарамасдан, унда ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, унинг қисматини тубдан ўзгартириш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар билангина эмас, балки аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги билан ўлчаш каби мезонлар мавжуд.
Ушбу тизим ўз навбатида, сиёсий чақирув ҳам ҳисобланади. Унга кўра ижтимоий-иқтисодий реформалар, ички ва ташқи ресурслар ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар, турли идора ва ташкилотларнинг «фаолият йўлаклари» маҳаллалар кесимида ташкил этилади.
Шунинг натижасида айни вақтда юртимиздаги барча соҳалар фаолиятида ва кечаётган ўзгаришлар моҳиятида маҳаллабай сўзининг аҳамияти кундан кун ортиб бормоқда. Республикамиздаги барча ташкилот ва идораларнинг мазкур амалиёт натижасида жойларда ташкил этаётган иш фаолияти айнан маҳаллалардаги ўзгаришлар ва бу орқали мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишига қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Дарҳақиқат, маҳалладаги мавжуд муаммолар ва аҳолининг кундалик масалаларини ҳал этиш биргина маҳалла тизими ходимлари томонидан бартараф этиш имконсиз. Шу сабабли бу жараёнда ҳар бир соҳа масъулларининг иштироки ва аралашуви муҳим жиҳатдир. Жойларда олиб борилаётган маҳаллабай ишлаш механизмининг ҳам муҳим асосини ана шу тамойил — барча соҳа вакилларининг ҳамжиҳат бўлиб, ҳудудлардаги масалаларни ечишга комплекс ёндашиши тушунилади.
Айтайлик, бугун одамларнинг энг муҳим муаммосига айланиб бораётган газ ва иссиқлик таъминотини яхшилаш масаласини «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг жойлардаги масъуллари иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Шунингдек, сув, йўл ва бошқа муҳим соҳаларда сезиларли ўзгариш ясаш учун ҳам шу ҳудуддаги айнан ўша тизим ходимларининг доимий иштироки муҳим аҳамиятга эгадир.
Маҳаллабай ишлаш, бу — барча соҳа мутасаддиларининг бир мушт бўлиб, маҳаллалардаги муаммолар, аҳоли турмушидаги муҳим масалаларни биргаликда ҳал этишнинг янгича механизмидир.
Жойлардаги муаммоларни маҳаллабай аниқлаш ва бартараф этиш, хусусан, ҳудудларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган. Мазкур амалиёт натижасида жойлардаги одамларни қийнаётган кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этилмоқда.
Хусусан, жорий йил давомида Ишчи гуруҳлар томонидан юртимиздаги мураккаб вазиятдаги маҳаллаларнинг ички йўллари, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, шу вақтига қадар чекка маҳаллалардаги 2 904 км ариқ ва зовурлар тозаланди, 232 126 дона мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди, 950 та маиший чиқинди тўплаш маскани тартибга келтирилиб, 39 таси янгидан қурилди, 1186 та тунги ёритгич мосламаси ўрнатилди.
Шунингдек, аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида 80 145 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 5 962 нафарига бепул дори-дармон маҳсулотлари, 1 380 нафарига ногиронлик аравачаси, қўлтиқ таёқ ҳамда протез-ортопедия воситалари тарқатилди. Эҳтиёжманд оила вакилларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 6 413 нафар фуқарога маиший техника, тикув машинаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилган бўлса, 1 024 нафар юртдошимизга моддий ёрдам кўрсатилади.
— «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида аёллар тадбиркорлигини ташкил этиш ва ривожлантириш, эҳтиёжманд оилаларда яшовчи хотин-қизларни олий таълимга кенгроқ қамраб олиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган. Суҳбатимизни мазкур мавзуга оид фикрлар билан давом эттирсак...
— Мазкур Давлат дастурида кўплаб ижтимоий масалалар ижроси қатори 6,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик тадбиркорлик лойиҳаларига ўрнатилган тартибда кредитлар ажратиш, хотин-қизларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш борасида тегишли ташкилотлар қаторида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги олдига ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Шу ўринда айтиб лозимки, вазирликнинг асосий функцияларидан бири ҳам айнан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларга бу борада манзилли ёрдам кўрсатиш билан узвий боғлиқдир. Айни вақтга қадар вазирлик ташаббуси билан 41 110 нафар хотин-қиз ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини бошлаганлиги, 11 минг нафар хотин-қизларга банклар томонидан 1 трлн. сўмдан ортиқ кредитлар ажратилишига кўмаклашилганлиги ҳам фикримиз тасдиғидир.
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари томонидан 3 335 нафар хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳалари учун жами 70 млрд. 922 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди, ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари томонидан 39 600 нафар аёллар тикувчилик, пазандачилик, тадбиркорлик кўникмалари каби йўналишлар бўйича ўқув курсларида ўқитилди.
Давлат дастури асосида жорий йилда ҳам хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича ҳамкор ташкилотлар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар билан узвий ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Эҳтиёжманд оилаларда яшовчи хотин-қизларни олий таълимга кенгроқ қамраб олиш мақсадида айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 23 июндаги 402-cон қарорига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклиф тайёрланмоқда.
Ўйлайманки, киритилаётган мазкур ўзгаришлардан сўнг хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларига янада кўпроқ қамраб олиш имконияти ошади.
— Оғир ижтимоий вазиятдаги хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янгича тизими сифатида йўлга қўйилган «Аёллар дафтари»нинг самарадорлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар га кўрсатилаётган ёрдамлар хусусида тўхталиб ўтсангиз.
— Давлатимиз раҳбари кўрсатмасига асосан йўлга қўйилган «Аёллар дафтари» хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги тизими сифатида, чинакам маънода янги қадам бўлди, дейиш мумкин. Бу эътирофни биргина «Аёллар дафтари»га киритилган 433 мингга яқин хотин-қизларнинг 80 175 нафари ёки 19 фоизининг муаммолари ўрнатилган тартибда тўлиқ ҳал этилганлигидан ҳам кўриш мумкин.
Шу кунга қадар 7 минг 842 та маҳаллалардаги 30 ёшдан юқори бўлган 5 млн 363 минг 640 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлар ўтказилганлиги, мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Электрон дастур яратилди. Бунда энг асосий эътибор, дастурга киритилган хотин-қизларнинг муаммоларига қай даражада ечим топилаётганлигини жамоатчилик иштирокида кузатишга қаратилади.
Бунда аниқланган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида «Манзилли чора-тадбирлар дастури» ишлаб чиқилди ва ундаги белгиланган вазифалар ижроси бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
— Фуқаролар йиғинлари бинолари ва уларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш борасида вазирлик ўз олдига қўйган вазифаларни қай даражада амалга ошириб келмоқда?
— Саволингиза жавоб сифатида бир мисолни келтириб ўтсам. Вазирлик ташкил этилишига қадар республика бўйича 9 098 та фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, шундан 21 таси жамоатчилик асосида (ойлик маош олмасдан) фаолият юритиб келган, шунингдек, 3 217 та фуқаролар йиғинлари ўз хизмат биносига эга эмасди.
Ўтган вақт давомида олиб борилган зарур чора-тадбирлар натижасида республика бўйича 472 та маҳалла биноси янгидан қурилди, 195 тасининг биноси қайта реконструкция қилинди, 1292 таси жорий таъмирланди. 1 602 та маҳалла биноларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди, 656 тасига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида янги бинолар қуриш учун ер майдонлари ажратилди.
2 534 та фуқаролар йиғини компьютер, 1 069 таси мебель жиҳозлари билан таъминланди. 2 279 та маҳалла интернет тармоғига, 2 817 таси телефон тармоғига уланди. 924 та фуқаролар йиғинларининг коммунал тўловлардан 1 млрд 66 млн.сўмлик қарздорлиги тўлиқ қоплаб берилди.
Аҳоли сони 10 мингдан юқори бўлган фуқаролар йиғинларини бўлиш эвазига қўшимча 70 та янги фуқаролар йиғини ташкил этилди. Шунингдек 11 та жамоатчилик асосида фаолият юритаётган фуқаролар йиғинларини давлат бюджетидан молиялаштириш масаласи ҳал этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 февралдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаларини ташкил этиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги 46-сонли қарори асосида 2021-2022 йиллар давомида
2 951 та фуқаролар йиғинлари, жумладан 2021 йилда яна 1 881 та, 2022 йилда эса 1 070 та фуқаролар йиғинлари биноларини қуриш режалаштирилмоқда.
— Вазирлик томонидан нуронийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кекса авлод вакилларини маҳаллалар фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларидан оилавий ажримлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларни тарбиялашда самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида қисқача сўз юритиб ўтсак.
— Юртимизда ёши улуғ отахону мўътабар онахонларимизни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, ҳар бир эзгу ишни уларнинг дуоси билан бошлаш халқимизнинг узоқ асрлик урф-одати, миллий анъаналари ҳамда яшаш тарзининг ажралмас қисмига айланган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу, энг аввало, бизнинг кексаларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборимиз намунаси бўлса, иккинчи томондан ёш авлод учун улкан тарбия ва тажриба мактаби ҳамдир.
Эътиборлиси, сўнгги йилларда бу каби эзгу анъаналар янада сайқал топиб, мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, нуронийларнинг турмуш даражасини яхшилаш, саломатликларини тиклаш, бу борада қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 12 минг 876 нафар нуронийларнинг санаторийларда саломатликлари тикланиб, 66 минг нафар отахон ва онахонлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Нуронийлар иштирокида 3 978 та нотинч оила яраштирилиб, 3784 нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобдан чиқарилди.
Муҳтарам Президентимизнинг пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида айни вақтда бой ҳаётий тажрибага эга, ўз ортидан одамларни эргаштира оладиган, маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оилавий ажримларнинг олдини олишда намуна бўладиган 140 минг 805 нафар нуронийлар рўйхати шакллантирилиб, маҳаллалардаги тарбияси оғир, ишсиз ёшларга, нотинч ва ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларга бириктирилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йил Давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшларни юртга садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, улар онгига миллий урф-одат ва қадриятларимизни чуқур сингдириш борасида ўрнак бўлган нуронийлар ўртасида «Ёшлар мураббийси» кўрик танлови ўтказиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 декабрь кунги Ёшлар форумидага нутқида келтириб ўтилган топшириқ доирасида юртимиздаги барча маҳаллаларда ҳар шанба куни «Аҳил оила куни» деб эълон қилиниб, мустақил ҳаётга қадам қўйиш остонасида турган йигит-қизлар, ёш оилалар вакиллари ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
"Халқ сўзи" мухбири
С.МАХСУМОВ суҳбатлашди
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг