Маҳалла раисларининг меҳнат таътили пуллари ундириб берилди
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Бугун маҳаллада битмайдиган ишнинг ўзи йўқ. “Маҳалла еттилиги” аҳолининг бандлигини таъминлаш, кредит ва субсидия олиш, ёшлар муаммолари, меҳнат ва оилавий муносабатлардаги келишмовчиликлар, йўқолган ҳужжатларни тиклаш каби элликка яқин масалаларда фуқароларнинг энг яқин кўмакчисига айланган. Бошқачароқ айтсак, илгаригидек, мурожаатимни қайси идора ҳал этиб бераркан, деб тегишли ташкилотни излаб овора бўлмайсиз. Шундоққина маҳаллага бориб, онлайн маҳалла платформасига битта ариза ташланса, кифоя.
Хуллас шундай замонларга ҳам етиб келдик. Энди инсон манфаати ва ҳуқуқлари энг қўйи поғонада ҳимояланиб, таъминланади. Афсуски, табибимнинг ўзи бетоб экан, деганга ўхшаш ҳолатлар ҳам учраб тураркан. Шулардан бирига адлия идоралари масъуллари нуқта қўйишди.
— Идорамизга Навоий шаҳридаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Дилноза Қурбонова мурожаат этиб, меҳнат таътили пулларининг тўлаб берилмаётганлигидан шикоят қилди, — дейди Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ширинбек Очилов. — Фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганилиб, тўпланган материаллар асосида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Судда даъво аризаси қаноатлантирилиб, унинг қарорига кўра, “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Дилноза Қурбоновага йиллик меҳнат таътили учун тўланмасдан қолган 5.925.718 сўм иш ҳақи ундирилиши белгиланди.
Таъкидлаш жоиз, ўрганишлар жараёнида шаҳарда яна бир маҳалла раисининг худди шу каби меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланиб, унинг ҳам манфаатлари суд қарори орқали таъминланди.
Табиийки, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлими ўз ходимларининг йиллик меҳнат таътили учун тўловларни тўлашни нега пайсалга солишди, деган ҳақли савол туғилади.
— Мурожаатларни ўрганишда аниқландики, Навоий шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими тугатилиб, МФЙ раислари янгидан ташкил этилган ташкилот Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлимига қабул қилинган, — дея давом этади Ш. Очилов. — Ҳар иккала маҳалла раисларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади. Янги ташкилот эса МФЙ раисларига йиллик меҳнат таътилига чиққан даври учун иш ҳақи тўловларини тўлаб беришга маблағларни сметада режалаштирилмаган.
Шунга қарамасдан суд қарори билан маҳалла раисларига “отпускной” пуллари ундириб берилди. Зеро, ҳуқуқий давлатда фуқаро манфаати ҳар доим устувор тутилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг