Маҳалла қандай қилиб ишсизликдан холи ҳудудга айланди?

16:13 24 Январь 2025 Жамият
345 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Шаҳрихон туманидаги “Дориломон” маҳалласида ишсиз фуқаро йўқлигини эшитиб, бу борадаги тажрибани оммалаштириш керак, деган қарорга келдик. Тўғриси, манзилга етиб боришнинг ўзи бўлмади. Чор тарафи даладан иборат бу қишлоқ туман марказидан анча олисда экан. Қизиқ, ҳовли уй-жойлар ва мактабдан бошқа ҳеч нимаси йўқ маҳаллада қандай қилиб ишсизликка барҳам бериш мумкин? Ё иш билан таъминлаш тўғрисидаги ҳисоботларни сохталаштиришган ёки бўлмаса аксарият аҳоли Россияга ишлагани кетган бўлса керак, деган фикр хаёлимиздан ўтгани ҳам рост. Ахир, қишлоқда бирорта ҳам ишлаб чиқариш корхонаси йўқ эканда!

— Кафтдек ернинг қадрини билган одам оч қолмайди, — дея тушунтира бошлади маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Дилшодбек Сатторов. —Андижонликлар томорқадан тўрт мартагача ҳосил олишнинг ҳадисини олган бир пайтда баҳона излаб ўтирсак уят бўлар. Мана қаранг, маҳалламизда 538 та хонадонда 3102 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳовли уй-жойлардаги томорқаларнинг ўзи 11,9 гектарни ташкил этади. Ундан тўғри ва унумли фойдаланишни ташкил этиш орқали ҳар бир оила бир йилда 10-15 миллион сўм даромад олишига эришдик. Томорқачиликни изга солиб олгач, аҳолини қўшимча даромадга йўналтириш бўйича изландик. Бунинг учун ҳар бир фуқаро билан юзма-юз суҳбатлашиб, унинг хоҳишлари, имкониятлари ва эҳтиёжларини ўргандик. Шунга қараб амалий ёрдам беришга киришдик. Шу тариқа 2024 йилда 315 нафар маҳалладошларга 7,9 млрд сўм кредит маблағи ажратилди.

Маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида амин бўлдикки, ҳудудда чорвачилик, томорқачилик кенг ривожланган. Кўрсатилаётган амалий ёрдамлар натижасида ўзидан ортиниб, қўшимча даромад олишга интилаётганлар ҳам кўп экан. “Шох” кўчасида яшовчи Муҳаммадазим Раҳматиллаев шулар жумласидандир. Андижон давлат университетининг 2-босқичида сабоқ олаётган йигит хонадонида 29 та қутида 62 та асалари оиласини парваришлаяпти.

— Ҳовлимиз 25 сотихдан иборат бўлгани учун томорқада етарли иш топилади, — дейди у биз билан суҳбатда. — Бироқ ҳар бир ишга астойдил киришсангиз янги имконият эшиклари очилаверар экан. Маҳалладан кўрсатилган амалий ёрдамлар ва маслаҳатлар натижасида йиллик даромадимизни ошириш мақсадида 5 сотихли иссиқхона барпо этдик. Унда етиштирилган маҳсулот билан йил давомида ички бозорда савдо қилиш мумкин. Шу билан кифояланиб қолмай, асаларичиликка ҳам қўл урдим. Бунинг учун 2024 йилда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 15 млн. сўм кредит маблағи ажратилди. Самараси яхши бўлди! Биринчи йилнинг ўзида 30 млн. 600 минг сўмлик асал сотдим.

Назирбек Норматов маҳаллада биринчилардан бўлиб тадбиркорлик фаолиятига асос солди. Энди у “Норматовлар келажаги” хусусий корхонасининг раҳбари ҳисобланади.

— Юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида тадбиркорлик фаолиятига бўлган эътибордан руҳланиб, маҳалламизда ёғ-мой ишлаб чиқарувчи корхона барпо этдик, — дейди у суҳбат давомида. — Айни пайтда 17 нафар ишчиларнинг самарали меҳнати билан бир кунда 25 тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқаряпмиз. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, қўшимча 30 та янги иш ўрни яратамиз. Шунда корхонамизнинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати 100 тоннага етади. Бу орқали мамлакатимиз иқтисодиёти, қолаверса, маҳалладошларимизнинг турмуш шароитини янада яхшилашга ҳисса қўшмоқчимиз.

Ҳудудда аҳолини доимий даромад манбаига йўналтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун ёки кеча бошлангани йўқ, албатта! Бир неча йиллик хизматлар самараси аста-секин бўй кўрсата бошлади.

— Масалан, ўтган йили ишсизлар сони 28 нафар эди, — дейди маҳалла раиси Убайдулло Низомов. — Уларнинг аксарияти ўз-ўзини банд қилиш орқали эҳтиёжмандлар сафидан чиқди. Қолаверса, 515 нафар фуқарога ажратилган 15 сотихли ер майдони орқали минглаб қўшнилар даромадга йўналтирилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар жорий йилда янада кенгроқ қулоч ёяди. Йилнинг дастлабки 20 кунида 47 нафар фуқарога 940 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бу маблағ ҳисобига ҳудудимизда асаларичилик, чорвачилик, чеварчилик ва иссиқхоначилик йўналишларида истиқболли лойиҳаларга қўл урилмоқда.

Маҳалла фаоллари шу билангина кифояланиб қолмай, аҳолини бир мақсад йўлида ҳаракатланишга чорламоқда. Масалан, жорий йилдан бошлаб ҳовлилардаги ва очиқ майдондаги жами 32 гектар ерда ловиянинг “Панда” навини етиштиришга киришилган.

— Ловия сердаромад ўсимлик ҳисобланади, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Дилшодбек Сатторов. — У 2,5 ойда етилади. Бир кило уруғлик ловияни 15 минг сўмдан сотиб олиш мумкин. Мавсумда етилган ҳосилни эса ўртача 45 минг сўмдан сотиш имкони мавжуд. Бир сотих майдондан 35 центнергача ҳосил йиғиб олиш мумкинлигининг ўзиёқ бу даромадли лойиҳа эканлигидан далолатдир. Аҳамиятли томони шундаки, ҳосилга ҳозирдан харидорларимиз бор. Ловиядан бўшаган майдонга булғор қалампири экилади. Бунинг учун Хўжаобод туманидаги фермер хўжаликлари билан келишувимиз бор. Улардан кўчатни сотиб оламиз ва маҳсулотни ўзлари олиб кетишади. Биз парваришлаб берсак бўлди.

“Дориломон”ликлар томорқачиликнинг хўп ҳадисини олган экан. Бошқалар тўрт сотихли майдонда картошка ёки помидор экиб, даромад олишга интилаётган бир пайтда улар бир вақтнинг ўзида уч хил турдаги экинни парваришлар эканлар.

— Мисол учун, ўтган йили битта эгатга картошка, ловия ва кунгабоқар экдим, — дейди 70 ёшли Исроил ота Жавоқов. — Картошка палак ёйгунига қадар ловиянинг ҳосилини йиғиб олдим. Кунгабоқар кўкка бўй чўзиб, япроқлари соя бергунига қадар картошкани ковлаб олдим. Бу йил маҳалладошлар қатори мен ҳам томорқамга ловиянинг “Панда” навини экаман. Бундоқ ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, даромади яхши экан. Бир ҳосилга киргач, ҳар куни ҳосил йиғаверасиз экан. Энг муҳими, биринчи ва иккинчи ҳосилга харидорни маҳалла фаоллари, банк ходимлари ўзлари топиб берар экан.

Ушбу манзилга келишда далалар орасида бўй кўрсатиб турган бу маҳаллада яшовчи аҳоли учун ноқулайликлар кўп бўлса керак, деб ўйлаган эдик. Ахир, бозор-ўчар, маъмурий идораларга қатнаш учун маълум масофани босиб ўтиш керак. Бу эса ҳам вақт, ҳам харажат талаб қилади. Бироқ ўз кўзимиз билан кўргач, амин бўлдикки, улар учун бунга ҳожат йўқ экан. Боиси, маҳаллада фаолият юритаётган еттилик орқали 30 турдан зиёд хизмат турлари бевосита шу жойнинг ўзида амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, маҳалла фуқаролар йиғини “Дориломон”ликлар учун ҳар қандай масалада мурожаат қилишлари ва ижобий натижага эришишлари мумкин бўлган манзилга айланган. Бу ҳам бўлса Президентимиз ташаббусининг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?