Мадҳия: бирлик, ифтихор ва янги ўзбекистон руҳи

09:25 10 Декабрь 2025 Жамият
92 0

Конституцияда белгиланганидек, мустақил Ўзбекистон Республикаси ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Давлат рамзларининг мавжудлиги Ўзбекистон суверенлиги ва мустақиллигининг муҳим белгиларидан биридир. Шунинг учун ушбу моддага биноан давлат рамзларининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг тавсифи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида аниқ тартибга солинди ва ривожлантирилди.

Мустақилликка эришгунга қадар, 1978 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясида (Асосий Қонунда) Ўзбекистон герби, байроғи, мадҳияси ва пойтахтига Конституциянинг охирги 10-боби бағишланганлиги ҳам мамлакатимизнинг расмий суверенитетига бўлган муносабатни кўрсатар эди. Давлат рамзлари амалда, моҳиятига кўра Совет Иттифоқининг устувор мавқеини ўзида ифодалар эди. Мамалакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг вазият тубдан ўзгарди.

1992 йил 10 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонунга биноан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига нисбатан зўр эҳтиром билан муносабатда бўлиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.

Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қуйидаги ҳолларда ижро этилади:

- Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида – у қасамёд қабул қилганидан сўнг;

- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилиши чоғида;

- Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилиши чоғида;

- давлат телевидение ва радиоэшиттириш компаниялари томонидан ҳар куни – кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг, кўрсатув ва эшиттиришлар кечаю кундуз олиб борилганида эса соат 6 да ва соат 24 да, янги йил кечасида – соат 24 да;

- республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилиши чоғида;

- давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини кўтариш чоғида;

- расмий сафар билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш чоғида – тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин;

- ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ;

- умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида – янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимлари чоғида;

- спорт майдонларида – Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари ёки референдум кунлари – овоз бериш ўтказиладиган биноларда соат 8.00 да ижро этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни Ўзбекистон халқ шоири, Қаҳрамони Абдулла Орипов томонидан ёзилган, куйи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Мутал Бурхонов томонидан басталанган.

Қонунларда Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитети, мустақиллигини намоён этадиган давлат рамзларини ҳимоя қиладиган аниқ механизмлар белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг давлат размлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонунчиликни бузиш маъмурий жавобгарликка (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2031-моддаси) сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ҳурматсизлик қилиш жиноий жавобгарликка (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 215-моддаси) олиб келади.

Давлат мадҳияси давлат суверенитетининг муҳим белгиси сифатида мамлакатимизнинг тарихий ривожланиш хусусиятларини ўзида ифодалайди, у тимсолида давлат ва ўзбек халқининг тинчликпарвар, яратувчанлик мақсадлари мужассамлашган. Мадҳия Ўзбекистон Республикасининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш шарт-шароитлари, суверен, тинчликпарвар мамлакат сифатида фуқароларнинг ватанпарварлик, чидамлилик, меҳнатсеварлик ва бахтли келажакка ишонч, мамлакатимиздаги миллатлар вакилларининг ўзаро муносабатлари каби хислатлари ўз аксини топган. Давлат мадҳияси Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини мамлакатимиз тақдири билан боғлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Шохрух Мажидов, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди катта эксперти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?