Маданиятли супер тиланчи ёҳуд “беш минг сўм бериб туринг, уйимга етиб олай...”

12:14 11 Ноябрь 2025 Жамият
203 0

Пешона тери билан топган ҳалол молидан эҳтиёжмандларга эҳсон аташ, бағрикенглик фазилатлари элимизга хос. Кимки буғдой экса, буғдой, арпа экса, арпа ўради, деганлари ҳам ҳақиқат. Лекин "экмай" туриб, “ўрадиган”ларга нима дейсиз?

Ҳаммаси дам олиш куни рўзғорлик учун бозорга чиққан кунимдан бошланди. Керакли нарсаларни харид қилиб бўлгач, уйга қайтиш учун бекатга келдим. Бозор-ўчарларим солинган халталарни ўриндиқ ёнига қўйиб, манзилим томон элтар йўналишдаги автобусни кута бошладим. Бекат ўриндиғига ўрта ёшли, бўй-басти келишган бир эркак келиб ўтирди-да, ҳеч ким унга гап қотмаган бўлса-да, жиғибийрон гапира кетди:

– Эээ-ҳ, одамларгаям ҳайронсан. Бозордан чиқаётганимда бир аёл: “Ука, мабодо беш минг сўм бериб туришнинг иложи борми, уйимга етиб олай”, деб йўлдан тўхтатди. “Холажон, кўриб турибсиз, мен ҳам тирикчилик дардида юрган оддий бир одамман, ўз харжимдан ортар пулим йўқ”, дедим. Чунки ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак-да! Ким билади рост гапирдими, ёлғонми... ноинсоф, бойдан сўра, камбағалдан сўраб нима қиласан?” деб қўйди юзини буриб. Ўзи-чи, бунақалар кўпайиб кетган...

Балки, ростдан ҳам пули тугаб қолгандир, – дедим.

У эса “Қайда, тунов куни ҳам йўлда кетаётсам, биттаси менга қараб: “Беш минг сўм беринг, пулим тугаб қолди” деб сўраганди. Бунга нима дейсиз?” – дея жавоб қайтарди.

Бироз жимликдан сўнг акахон чўнтакларига аста қўл суқаркан, “И-е... чўнтагим бўм-бўш-ку, пулим қаёққа йўқолди... Аттанг, бозорда пулимни тушириб қўйибман шекилли. Ё бояги онахоннинг дилини оғритдиммикан, ўзим унинг аҳволига тушиб ўтирибман...” дея саросимага тушди.

– Сингилжон, беш минг сўм ёрдам қиласиз-да энди, – деди.

Кап-катта одам эркак бошини хам қилиб, умид билан ёрдам сўраб турганидан хижолат тортиб айтганини бердим. У “Сиз бўлмаганингизда кимдан сўрардим?” деб кулиб қўйди. Бу орада автобусим келди. Амаки, ўзингизга эҳтиёт бўлиб юринг, дея у билан хайрлашдим.

Орадан бир неча кун ўтиб, автобусда тасодифан яна ўша одамни учратиб қолдим. У мени пайқаганиям йўқ, балки ёдидан ҳам чиқиб кетгандирман, ўзи билан ёнма-ён ўтирган йўловчи ҳамроҳига ўша куни менга айтган ҳикоясини сўзлаб кетяпти. Суҳбатнинг охири ҳам худди шундай, гўё пулини тушириб қўйгани учун ёрдам сўраш билан тугади. Ёнида ўтирган йигитча кўринишидан талаба, пул дегани ўзига ҳам зарур, лекин нима қилсин, унинг ҳам томирида бағрикенг ўзбек қони бор. Ноилож “супер маданиятли тиланчи”га беш минг сўмни узатди. Бу вазиятда бир автобус одам ичида ҳалиги катта ёшли эркакни мулзам қилиб, қилмишини айтиб уялтиришга андиша қилдим. Ҳар ҳолда аёлман, бундай йўл тарбиямга хосмас. Лекин бу ҳолатни – оёқ-қўли бутун, соғ-саломат одамнинг тиланиб юрганини сира ҳазм қилолмадим. Одамларнинг эьтиборини тортиб, аста гапга солиб, алдабгина пулини олиш маҳоратидан кўриниб турибдики, ақлу ҳуши жойида.

Зарра қадар ориятли, ҳамиятли одам, айниқса, эркак киши, ростдан қийин вазиятга тушиб қолганида ҳам бировдан ёрдам тиланмайди. Қўлида бор имконидан илож топиб, ўз йўлини топиб кетади. Юқоридаги айтилган миллатимизга хос савобсеварлик, ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш, мурувват кўрсатиш каби фазилатлар билан бир қаторда, ғурур, ор-номус, шаън, ҳалоллик, меҳнатсеварлик сингари хислатлар ҳам ота-боболаримиздан мерослигини унутмайлик!

Мабодо, ана шундай гадойчиликнинг замонавий услубини ўйлаб топиб, ўзига касб қилиб олганларга дуч келсангиз, алданиб қолманг. Айниқса, каттароқ пул сўраб қолса...

Дилнавоз Саидова

Сирдарё вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер