Маданий ютуқларга халқлар ўртасидаги ўзаро алоқалар туфайли эришилади

21:50 26 Январь 2024 Жамият
415 0

Озарбайжонда 24-26 январь кунлари Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари ўтказилди. Тантанали маданий тадбирлар Озарбайжон Миллий фанлар академияси M. Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида Ўзбекистонга оид қўлёзмаларга бағишланган ноёб кўргазма ҳамда “Ўзбекистон ва Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти” мавзусидаги давра суҳбати билан очилди.

Кўргазма ҳақида гапирганда, институт илк бор ўз коллекциясининг мутлақ дурдоналарини тақдим этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Кўргазмадан Ибн Синонинг 1258 йилда нусха кўчирилган ва ЮНEСКО қўлёзма мероси рўйхатига киритилган “Тиб қонунлари”, Алишер Навоийнинг ҳаётлигида унинг дастхати билан тайёрланган “Ғаройиб ус-сиғар” девони, XVII асрга оид “Бобурнома” ва бошқа ўнлаб нодир асарлар жой олди.

Тадбир доирасида Озарбайжон тарих ва санъат музейлари, Гилам музейи ва Қўлёзмалар институтига “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги 50 жилдли суратларга бой китоб-альбомлар топширилди.

Озарбайжонда ўтган Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлади. Зеро, бу маданий тадбирлар халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштирадиган, қардошлик ришталарини мустаҳкамлайдиган воситадир.

Озарбайжон ва Ўзбекистон — тили, анъана ва урф-одатлари жиҳатидан бир-бирига жуда яқин давлатлар. Бугунги кунда икки давлат раҳбарлари Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, ўзаро дўстлиги туфайли сиёсий, иқтисодий, фан, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари чуқурлашиб бормоқда, мамлакатларимиз ўртасида тобора кўпроқ қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Фан ва маданият кунлари туфайли биз ўзбек маданияти, санъати хазиналари, жумладан, қўлёзма мероси, олимлар, шоирлар, маданият арбобларининг араб, форс ва ўзбек тилларидаги асарлари қўлёзма нусхалари билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Бундай яқин илмий, маданий ва дўстона алоқалар Ўзбекистоннинг бой маданий меросини нафақат озарбайжон халқига, балки бутун дунёга танитишга хизмат қилади.

Бугун маданият соҳасидаги ҳамкорлигимиз гуркираб ривож топмоқда. Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданиятлараро мулоқот шакли ва мазмуни жиҳатидан турли тадбирларни ўз ичига олади. Булар — фестиваллар, кўргазма, конференциялар ва ҳоказо алмашинувлар.

Халқларимиз маданияти ноёб ва ўзига хосдир. Маданиятлар мулоқотида бир-бирини ўзаро тушуниш муҳим омил. Бунда эса якдиллик, муштараклик ва ўзига хослик муҳим ўрин тутади. Ҳамкорлик дастури туфайли икки давлат фуқароларининг Ўзбекистон ва Озарбайжон анъаналари, бой ва ўзига хос маданияти, ажойиб диққатга сазовор масканлари, тарихий, меъморий қадамжолари ҳамда ноёб табиий ёдгорликлари билан танишиш имкониятларининг кўлами сезиларли даражада кенгаймоқда. Тарих шуни тасдиқламоқдаки, маданий муваффақиятлар халқлар ўртасидаги ўзаро алоқалар туфайли тарқалади. Биз дўстлигимиз янада мустаҳкамланишига, қардошлик муносабатларимизнинг абадийлигига ишонамиз.

Айтмоқчиманки, озарбайжон ва ўзбекнинг тили, дини, илдизлари, қони бир. Бу юртнинг Имом Термизий, Имом Бухорий, Мотуридий, Ибн Сино, Беруний, Навоий каби даҳолари бизнинг ҳам бобомиз. Ўзбекистон ва Озарбайжон тарихи бу — миллатларимиз тарихи. Уни икки дўст миллат вакиллари яхши биламиз. Ёш авлод онгу шуурига бу тарихни, муштарак маданиятни янада чуқур сингдириш ҳам бизнинг вазифамиз. Мустаҳкамланиб бораётган ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз шу мақсадга эришишимизда ўз самарасини беришига умид қиламан.

Ўзбекистон туркий тилли давлатлар орасида бизга энг яқин давлат ҳисобланади. Чунончи, ўзбек ва озарбайжон халқларининг маданияти умуминсоний қадриятларга таянади. Инсонпарварлик, адолат, анъаналарга садоқат, бағрикенглик, тараққиёт ва фаровонликка интилиш. Менталитетларимиз ҳам ўхшаш. Оиладаги муносабат, онага, Ватанга муҳаббат, жамият олдида қарздорлик ҳисси бир хил. Ўйлашимча, келажак авлод фаровонлиги йўлида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришимиз керак. Халқларимиз бир-бири ҳақида кўпроқ билишлари учун қўлимиздан келганини қиламиз. Буни асосий вазифа сифатида кўриб, бу хайрли иш йўлида бор кучимизни берамиз.

Халқларимизнинг муштарак ёдгорлиги ҳисобланмиш, “Авесто” китоби, шунингдек, халқ оғзаки ижодининг ўлмас дурдоналари саналган “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб”, “Дада Қўрқут” достонлари азалий қардошлик, дўстлик ва биродарликнинг ёрқин исботидир. Ўзбек мусиқасининг гултожи саналган нодир мақомлар ва бетакрор Озарбайжон муғомлари орасидаги ҳамоҳанглик ҳар икки халқ ўртасидаги яқинликни ўзида ифодалайди.

Азалий алоқалар ҳақида гап кетганда, мумтоз адабиётимиз хусусида тўхталмай иложимиз йўқ. Назм мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий буюк Шарқ мутафаккирларидан бири Низомий Ганжавийни ўз устозларидан бири сифатида эътироф этган. Улуғ шоир “Фарҳод ва Ширин”да ёзади:

...Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасига панжа урмоқ.

Шунингдек, Навоий ҳазратлари Қосим Анвор, Насимий сингари озар адабиётининг етук намояндалари ижодига юксак ҳурмат ила ёндашган. Ўз навбатида, озар мумтоз адабиётининг яна бир атоқли вакили Муҳаммад Фузулий ҳазрат Навоийнинг издошларидан саналади. Фузулийнинг кўпгина ғазалларида навоиёна оҳанг, ҳассослик ва зийраклик кўзга ташланади.

Кейинги йилларда Озарбайжонда ўзбек тили ва адабиётига, хусусан, Алишер Навоий ижодига қизиқиш янада ортди. Бу йўналишда Ўзбекистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси, Озарбайжон Миллий фанлар академияси, Ёзувчилар бирлиги, “Озарбайжон — Ўзбекистон” дўстлик жамияти ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида қатор тадбирлар ўтказилди.

2004 йил март ойида Тошкентнинг сўлим масканларидан бирида улуғ мутафаккир Низомий Ганжавий ҳайкали очилди. 2008 йилнинг сентябрь ойида Боку шаҳрида улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди. Бокунинг марказий кўчаларидан бирига фалакиёт илмининг буюк намояндаси Мирзо Улуғбек номи берилди.

Ўзбек халқининг биз озарларга бўлган эҳтиромини жуда кўп мисоллар ёрдамида исботлаш мумкин. Бугунги кунда Ўзбекистондаги кўплаб кўча ва хиёбонлар, маданий маърифий муассасалар Озарбайжон халқининг буюк фарзандлари номи билан аталиши бизга масрурлик бағишлайди. Хусусан, Тошкентдаги кўчалардан бирига озар халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиевнинг номи берилган. Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Озарбайжон миллий маданият маркази биноси олдида буюк давлат ва сиёсат арбобига ёдгорлик ўрнатилган.

Қадим-қадимдан шеъриятга, адабиётга ошуфта бўлган аждодларимиз Навоийни ҳам, Фузулийни ҳам, Насимий ва Машрабни ҳам бир хил муҳаббат, эҳтиром ила эъзозлаб, мутолаа қилиб келганлар, ҳар икки халққа мансуб ҳассос шоирлар яратган бебаҳо дурдоналар таржимасиз тушунилган. Бугунги кунда ҳам Фузулий, Насимий шеърлари асосида айтиладиган ўзбек қўшиқлари, Алишер Навоий ғазалларига басталанган озар тароналари мусиқа шайдоларининг кўнгил мулкига айланиб улгурган.

Ўтган асрда ҳам ҳар икки халқ, икки миллат ўртасидаги ҳар томонлама алоқалар кўлами кенгайди. Бу эса ХХ асрдаги адабиётимизнинг етук намояндалари ижодида алоҳида ўрин тутгани ҳам айни ҳақиқат. Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Самад Вурғун, Мирза Иброҳимов сингари адиблар ана шу азалий дўстликни ўз асарларида тараннум этганлар.

Озарбайжон киноусталари томонидан яратилган “Аршин мол-олон”, “Қайнона”, “Аҳмад қаерда?” сингари ўлмас фильмларни ўзбек томошабинлари бугун ҳам айрича завқ-шавқ ила томоша қилишади. “Тоҳир ва Зуҳра”, Тошкент — нон шаҳри”, “Сен етим эмассан”, “Тўйлар муборак” каби ўзбек киноасарлари озарбайжонлик томошабинлар учун ҳам қадрдон бўлиб қолган.

Олдимизда илм, фан, техника, юксак технологиялар каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдек улкан вазифалар турибди. Бунинг учун ишга солинмаган имкониятлар кўп. Бизнингча, илм-фан, таълим соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш вақти келди. Бундан барчамиз ютамиз.

Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари ўзининг сермаҳсуллиги билан ажралиб туради. 2023 йилнинг ўзида давлатларимиз раҳбарлари — Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев тўрт маротаба учрашди. Ўзбекистон Президенти уч марта Бокуга ташриф буюрган бўлса, мамлакатимиз етакчиси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда ўтказилган саммитига ташриф буюрди. Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 22-23 август кунлари Озарбайжонга ташрифини тарихий деб атаган бўлардим. Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолади.

Ўзбекистон етакчисининг Фузулий ва Шуша шаҳарларига ташрифи халқимиз кўнглини тоғдек кўтарди. Чунки Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши Ўзбекистон Президенти ташаббусининг амалий ифодаси бўлди. Мирзо Улуғбек номи билан аталган янги мактаб халқларимизни янада яқинлаштириш, ўсиб келаётган озарбайжонлик ўғил-қизларни Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига, буюк аждодларимизнинг меросига ошно қилишга хизмат қилади.

Сўзим якунида Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари ўртасида яқин ва кўп қиррали шериклик йўлга қўйилганини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. 2022 йилнинг апрелида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолангани икки мамлакат қонун чиқарувчи органларининг тизимли алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қиляпти.

Парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, икки давлат қонун чиқарувчи органларида дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Биз, депутатлар олдида юқори даражадаги икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини, жумладан, парламентларнинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш вазифаси турибди.

Умуман, халқларимизни бирлаштириб турган яқинлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик нақадар қадимий бўлса, ўтказилаётган маданий-гуманитар тадбирлар орқали унинг истиқболи ҳам шу қадар боқийлиги таъминланади.

Фозил МУСТАФО,

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси

Маданият қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?