«Лолазор»нинг ярми бўстон, ярми...

13:11 28 Январь 2025 Жамият
240 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Қаловни топсанг қор ёнади. Бунинг ҳақиқатлигини Зафаробод туманидаги «Лолазор» маҳалласида яшаб келаётган Эрбўта Жўраев мисолида ҳам кўриш мумкин. У ишсиз юрганда маҳалласидан 0,25 гектардан ер ажратилаётганини эшитиб, яхши ният билан томорқа олди. Томорқасида ёзу қиш тиним билмай, шинамгина уй кўтарди. Турмуш ўртоғи Раҳима опа ёнига кириб, кўмаклашиб турли. «Менинг ҳовлим, менинг хонадоним» деган тушунчани пешона териси билан ҳовлисини бўстонга айлантиргандан кейин англади. Шу ҳовли этагида мўъжазгина боғ яратиб, мевали дарахтлар экди. Токлари соя солиб, ҳовли кўркига-кўрк қўшди.

— Остонада тилла бор. Ишонмасангиз, бир туп дарахт экинг, қишин-ёзин мевасидан баҳраманд бўласиз, — дейди Эрбўта Жўраев. — Самарқанд гилоси, зардоли, шафтолининг энг яхши навларидан ўтқазганман. Ҳар баҳор гуллаганда кўчадан ўтганлар ҳавас билан қарайди. Бу гўзалликдан улар ҳам ўз уйларида баҳраманд бўлиши учун дарахт кўчатларини кўпайтириб сотишни йўлга қўйганмиз. Қўли калта, рўзғорида етишмовчилик бўлиб турган қўшниларга савоб учун текингаям берамиз.

Албатта, бир туп ниҳол забардаст дарахтга айланиб ҳосилга киргунча қанча вақт керак. Эрбўта ака меҳнатдан қочмайди, ҳар бир дарахтни меҳр билан парваришлайди. Баҳорда танасини оҳаклаб, барвақт ҳосилга киришга тайёр қилиб қўяди.

— Менга иш топиб беринг, деб маҳаллага келганларни Эрбўта Жўраевнинг хонадонига олиб келаман, — дейди «Лолазор» маҳалла раиси Олим Тўғилов. —Маҳалламизда аксарият аҳолининг томорқаси 0,25 гектардан. Кўпи бекор ётибди, уйда уч-тўрт киши ишсиз бўлсада, томорқага қарамайди. Уларга Эрбўта ака эринмасдан боғ қилиб, сабзавот етиштиришни ўргатмоқда.

Боғдорчилик, деҳқончилик одамдан чексиз сабрни талаб қилади. Чунки бугун дарахт экиб, бирдан бойиб кетиш қийин. Бугун экилган дарахтлар бир неча йилдан кейин мевага киради. Эрбўта аканинг ушбу тажрибаси ҳам кўпчиликка ўрнак. Ҳар йили дарахтлар оралиғида жўяклар тортиб, эрта баҳорда картошка экади. Кейин маккажўхорининг ҳосилини олади. Сўнгра саримсоқ пиёзга навбат келади. Саримсоқ пиёз бозорга чиққач, ўрнига кўкат, исмалоқ бош кўтаради. Хуллас, йилида томорқадан тўрт марта ҳосил олмаса Эрбўта аканинг кўнгли жойига тушмайди.

— Бу ишларда менга турмуш ўртоғим Раҳимахон билан келиним ёрдам беради. Икки ўғлим уста. Улар ўз ҳунари билан банд, — дейди Эрбўта боғбон. —Томорқамда бўш жой бўлганида иссиқхона қурарди. Ўтган йили бозорга 700 кило узум чиқардик. Олма, ўрик, олхўридан ҳам яхши ҳосил олаяпмиз. Аммо энг катта муаммо маҳалламизда сув йўқ.

— Ўзингиз томорқангизга сув олиб келибсизку, бунга қандай эришдингиз, — деб сўраймиз боғбондан.

— Дарахт ниҳолларини экиб қўйгач, дастлабки йилда бакалашкаларга сув тўлдириб, томчилатиб суғордик. Ниҳоллар улғайган сари кўпроқ сув талаб қила бошлади. Ноилож пластмасса қувурларга оқар сувлардан олиб келдик.

Боғбон ҳовлисидан чиқиб маҳаллани айланамиз. Кўпчиликнинг ҳовлиси 0,25 гектардан. Аммо аксарият томорқалар бўш ётибди, қолганларида номигагина 3-4 туп дарахт экилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда томорқалардан фойдаланиб, иссиқхона қурган ва фойдасини олаётганлар минглаб топилади. Бозорни тўлдириб турган цитрус мевалар, помидор, бодринглар вилоятимиз туманларидаги иссиқхоналарда етиштирилмоқда. Ернинг қанчалар сердаромад неъматлигини билганлар ортиқча 0,10 гектар ер сўраб маҳаллага келмоқда. Аммо хонадонида шунча ер туриб, аҳолини бундан фойдаланишга бош-қош бўлмаётган «Лолазор» маҳалласи еттилигига қойил қолмадик. Ахир тадбиркор бўламан деганга банклар кредит ажратмоқда. Камбағалликни қисқартириш учун давлат томонидан субсидиялар берилмоқда. Наҳотки, уч-тўрт нафар қўшнини келиштириб, Эрбўта Жўраевга ўхшаб полиэтилен қувурларда сув олиб келиб, томорқаларни навбат билан суғоришни йўлга қўйиш қийин бўлса?! Маҳалланинг оғир ҳудудга тушиб қолишида аҳолининг айби йўқ. Бунинг сабаби масъулларнинг аҳоли билан «тил» топшириб, бирор натижага эришмаётганида деб биламиз.

Мана, доим сув муаммо бўлган маҳаллада Эрбўта Жўраев ҳар йили 100-150 миллион сўм даромад қилмоқда. «Дамас« автомобили сотиб олибди. Ҳалоли бўлсин, буям хўжаликка керак. Энди «Лолазор» маҳалласининг етакчилари дўппини бир четга қўйиб, қатъий ишга кирадиган вақти келди. Зеро, «Маҳалла еттилиги» фақат кимгадир моддий ёрдам бериш учунмас, айнан, аҳоли муаммоларига ечим топиш учун ташкил этилган. Шуни унутмайлик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?