"Локомотив"лар, "вагон"лар, рельсларга "лом" тиқадиганлар — улар кимлар? Кластерларнинг тараққиётдаги аҳамияти ҳақида батафсил суҳбат

11:35 25 Февраль 2021 Кластер
1479 0

Ўзбекистонда агросаноат истиқболи иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичида шаклланган инновацион тизим — кластерлар билан боғланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, «Кластер ва манфаатдорлик — Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг келажаги. Илм-фан ва инновацияларни жорий этмай туриб, бу соҳани рақобатбардош қилиб бўлмайди».

Бироқ кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда ишлаб чиқаришнинг кластер усули ҳақида салбий фикрлар ҳам айтилмоқда. Хўш, бу гап-сўзлар қанчалик асосли? Кластер усулининг афзалликлари нимадаю, уни агросаноат жабҳасига кенг татбиқ қилишга қандай эҳтиёж сезилди?

Мухбиримиз шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор Муртазо РАҲМАТОВга мурожаат қилди.

— Суҳбатимизни кўпчиликни қизиқтирган савол билан бошласак. Айтинг-чи, аграр соҳани модернизация ва диверсификация қилиш жараёнида нима учун айнан кластер усулидан фойдаланилмоқда?

— Ҳар қандай янгилик кун келиб эскириши, ўз аҳамиятини йўқотиши оддий ҳақиқат. Худди шундай, ишлаб чиқариш ва мулкчилик бош-қарувида кеча яхши натижа берган усул бугунги кун талабларига мос келмаслиги табиий. Чунки замон шиддат билан ўзгаряпти, олдимизга қўйилаётган талаб ҳам кечагидан фарқли. Ана шундай шароитда ишлаб чиқаришга илғор ғоя ва ташаббусларни қўлламай туриб, юқори натижаларни қўлга киритиш мумкинми?

Албатта, йўқ. Айниқса, ер ва сув ресурслари чекланган Ўзбекистон шароитида қишлоқ хўжалигига инновацион ёндашилмаса, соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиб ҳам, юқори маҳсулдорликка эришиб ҳам бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари ғояси асосида иш юритишнинг кластер тизимига ўтилишидан кўзланган биринчи мақсад — ердан самарали фойдаланиш. Қолаверса, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, четга хом ашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар сотиш, даромадни ошириш орқали дала меҳнаткашларининг ҳаёт даражасини кўтаришдир. Зеро, аграр жабҳадаги натижалар биргина ҳосилдорлик кўрсаткичи билан ўлчанадиган даврлар ўтиб кетди. Олинадиган даромад ва соф фойда асосий мезонга айланиши керак.

Бу билан фермерлик ёмон, демоқчи эмасмиз. Ушбу ҳаракат вақтида ўз самарасини кўрсатди. Лекин соҳани сифат жиҳатидан ривожлантириш, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, қўшимча тармоқларни ривожлантиришда «қўли калта»лик қилди. Ҳозирги ҳолатимизни хориж тажрибаси билан қиёсласак, қанчалик ортда қолиб кетаётганимиз кўзга яққол ташланади. Маълумотларга қараганда, Нидерландияда бир гектар ердан 160 минг АҚШ доллари миқдорида даромад олинмоқда. Ёки бўлмаса, Вьетнамда бир туп ғўза ўсмайди, бир килограмм пахта етиштирилмайди, лекин 50 миллиард долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинади. Бангладешда ҳам худди шундай ҳолат бўлсада, тўқимачилик корхоналари 35 миллиард долларлик экспортнинг уддасидан чиқади. Йилига 3 миллион тоннадан зиёд пахта етиштирилиб, 1 миллион тоннадан ортиқ тола олинадиган Ўзбекистонда-чи?

Афсуски, бир гектардан олинадиган даромад кўпи билан 2,5-3 минг доллардан ошмайди, пахта-тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2 миллиард долларга ҳам етмайди. Статистика маълумотларига қараганда, 2020 йил якунлари бўйича чет эл бозорларига 1 миллиард 867 миллион долларлик тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари чиқарилган, холос.

Шу ўринда «Нима учун шундай?» деган савол туғилади. Чунки аграр жабҳада ишни ташкил қилиш, ишлаб чиқариш ва бошқариш услубимизда камчилик бор. Уни бартараф этиш учун тизимда янги услубга ўтишимиз керак. Бу — кластер!

Яна сўрашингиз мумкин, «Кластер услубига ўтказилганда нима ўзгаради?» Чигит экиш, пахта етиштириш, хом ашёни бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни реализация қилиш — буларнинг бари бир қўлда бўлади. Бунинг ҳисобига қишлоқ хўжалиги саноатлашади. Натижада иқтисодиётнинг икки муҳим соҳаси бўлган қишлоқ хўжалиги ва саноат ўзаро интеграциялашиб, қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари билан саноат ишчиларининг манфаатлари муштараклашади.

Юқори самарадорликка эришиш учун бу ўта муҳим омил саналади. Нега деганда, қишлоқ хўжалигида сифатли пахта етиштирилиб, хом ашё ўз вақтида ва сифати йўқотилмасдан саноат корхонасига етказиб берилсагина ундан рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бундан эса дала меҳнатчилари ҳам, корхона ишчилари ҳам бирдек манфаат кўради. Ахир, фойда бир қўлда жамланади-да!

«Кластер» сўзининг луғавий маъноси «тўплам» дегани. Пахта-тўқимачилик кластерлари эса қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг барча технологик «занжир»ини ўзида бирлаштирган саноат мажмуи ҳисобланади. Яъни улар пахта етиштириш, тола ва чигитни дастлабки қайта ишлаш, калава ип йигириш, бўяш, мато тўқиш, тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариш — ушбу босқичларни амалга ошириш учун ҳам иқтисодий, ҳам техникавий жиҳатдан юқори салоҳиятга эга бўлиши керак. Ўтган қисқа давр ичида ташкил этилган 510 та кластернинг аксарияти ушбу талабга жавоб беради. Натижада улар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, диверсификациялаш, энг асосийси, саноатлаштиришда локомотивга айланмоқда.

Президентимиз яқинда Наманган вилоятига ташрифи давомида яна бир бор кластернинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, шундай деди: «Илгари эгилиб пахта экардик, эгилиб терардик, лекин бошқа давлатларни боқардик. Охирги йилларда яратилган имкониятлар туфайли янги корхоналар пайдо бўляпти, тадбиркорлар эмин-эркин ривожланяпти, қайта ишлаш даражаси ошяпти. Кластерлар тузиб, пахтани эгали қилганимиз учун унинг сифати ҳам ўзгаряпти. Пахта сифатли бўлса, тадбиркорга осон бўлади, маҳсулоти сифатли, рақобатбардош бўлади».

— Кластерлар фермерлик ҳаракати билан таққослаганда қандай устунликка эга? Аграр соҳадаги янги усул ҳақида салбий фикрлар пайдо бўлишига нима сабаб бўлмоқда?

— Ҳар қандай давлат аҳолисининг тахминан 15 — 20 фоизи жамиятда ўта фаол ва ҳаракатчан бўладики, уларни локомотивга қиёслаш мумкин. Қолган асосий қисми эса «вагон»лардир. Локомотивлар ўзининг илғор ғоялари, инновациялари билан «вагон»ларни тараққиёт манзилларига етаклаш йўлларини излайди. Афсуски, яна 15 фоизлик бир қатлам ҳам борки, улар ҳаракатланиб кетаётган поезд рельсларига «лом» тиқиб, унинг йўлига тўғаноқ бўлади, чалғитади...

Яширмаймиз, янгилик жорий қилинган жойда унча-мунча камчилик ҳам учраши табиий ҳол. Шу маънода, кластерлар тизимида ҳам айрим жузъий муаммолар кузатилаётгани бор гап. Аммо ривожланиш натижаларини таҳлил қилмай, бир томонлама фикр билдириш адолатдан эмас. Чунки халқимиз орасида «кластер» деб айтилаётган айрим пахта-тўқимачилик ташкилотларининг иш юритиш шакли ва усули кластер моҳиятига мутлақо тўғри келмайди. Ҳақиқий кластернинг ғояси иқтисодиётни қудратли, халқимизни бой-бадавлат қилишга қаратилган.

Оддий мисол, фермерлар толанинг бир килосини 1,5 долларга сотса, кластерлар пахта хом ашёсини бундай арзон баҳога сотмайди. Уларда 1,5 долларлик хом ашёни 25 доллар қийматга айлантириш имконияти бор. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 килограмм толадан калава ип йигирилса, унинг баҳоси 2,5 долларга, мато тўқилса 5,5 долларга, тайёр тикувчилик маҳсулотига айлантирилса эса ўртача 15 — 25 долларга тенг бўлади. Мана, кластернинг асосий устунлиги қаерда?!

Кластер афзаллигининг яна бир жиҳати — аҳоли бандлигини таъминлашда кўзга ташланмоқда. Чунки ҳар 100 гектарда 15 — 25 нафар киши доимий иш билан таъминланиши, уларга меҳнат дафтарчаси очилиб, ойлик маош берилиши керак. Афсуски, фермер хўжаликларида бунинг уддасидан амалда чиқилмагани оқибатида чекка ҳудудларда ишсизлик масаласи энг оғриқли муаммога айланди. Оқибатда қишлоқ йигитлари иш излаб, хорижга кетишга мажбур бўлишди. Кластер усулига ўтилгач, одамлар йил — ўн икки ой иш билан таъминланди, меҳнатига яраша ҳақ берилмоқда. Натижада тирикчилик учун қўшни ҚозоҚистон ёки Россияда юрганлар юртимизга қайтиб кела бошлади. Бугун улар қишлоқ хўжалигидаги кластер ислоҳоти самараларини ўз ҳаётида ҳис қилмоқда.

Аниқ мисол келтираман. Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида фермерлик ҳаракати даврида қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар сони атиги 898 нафар бўлиб, уларнинг ўртача иш ҳақи 550 минг сўмни ташкил этган. Солиқ тўловлари 3,5-4 миллиард сўм бўлган, холос. Туманда "ТCT Сluster” кластери ташкил этилгач, 8,7 мингта иш ўрни яратилди. Уларнинг ўртача иш ҳақи 2,9 миллион сўмга етказилди. Солиқ тушумлари эса 2020 йил якунлари бўйича 53 миллиард сўмга етди. Яна бир мисол, агар фермер хўжаликлари даврида пахтадан 11 — 13 центнердан ҳосил олинган бўлса, кластерда бу кўрсаткич 41 центнерга етказилди.

Кўриниб турибдики, аграр соҳада вазиятни ўзгартиришнинг ягона йўли, бу — кластер. Шу боис бугунги кунда мамлакатимизда нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам кластер усулига ўтилмоқда. Давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳукуматга истиқболли саноат кластерлари рўйхатини аниқлаб, уларни жадал ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси юклатилгани замирида ана шу ҳаёт ҳақиқати мужассамдир.

— Мурожаатномада яна бир ташаббус илгари сурилган эди. Бу — ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий қилиш масаласи. Ушбу янгилик юртимиз деҳқонлари, айниқса, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчиларига қандай қулайлик беради?

— Аслида, ердан фойдаланиш ҳуқуқи номоддий активлар тоифасига киради. Қонунчилигимизда банкдан кредит олишда гаров сифатида ер участкасидан доимий фойдаланиш ёки ижарага бериш ҳуқуқидан фойдаланиш нормалари белгилаб қўйилган. Лекин шу пайтгача амалда унинг ижроси таъминланмади. Сабаби, ердан фойдаланиш ҳуқуқининг қийматини ҳисоблаш механизми йўқлиги туфайли уни молиявий оборотга киритиш имконсиз эди. Энди ушбу масала ҳам ўз ечимини топмоқда.

Чет эл ҳуқуқ амалиётида «эмфитевзис» деган тушунча бор. Бу, қишлоқ хўжалиги ерларидан узоқ муддатли ёки муддатсиз фойдаланиш ҳуқуқини англатади. Дастлаб қадимги Римда қўлланилган мазкур норма ҳозирги вақтда АҚШ, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Бельгия, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатлар қонунчилигида ўз аксини топган.

Хориж тажрибасидан маълумки, ердан фойдаланиш самарадорлигини ҳам хусусий, ҳам ерга давлат эгалик қилган ҳолда ошириш мумкин. Фақат ердан фойдаланувчилар тўртта талабни бажаришлари шарт. Булар — ер участкасини ўз тоифасида сақлаб қолиш, ерларнинг таназзул (деградация)га учрашининг олдини олиш, экологик талабларга риоя қилиб, атроф-муҳитга зарар етказмаслик, солиқ тўловлари ва бошқа мажбуриятларни тўлиқ бажаришдир.

Таъкидлаш керакки, кредит олиш учун ердан фойдаланиш ҳуқуқини гаров сифатида қўйишга ҳеч қандай тўсиқ бўлмаса-да, бу тижорат банклари учун қизиқ эмас. Банк бу усулда кредит беришдан қачон манфаатдор бўлади? Агар ердан фойдаланиш ҳуқуқи бозорда талаб юқори маҳсулотга айланса, унинг иккиламчи бозори яратилса, гаровга қўйилган ҳуқуқ адолатли нархда баҳоланса, риск ва хатарлардан ҳимоялаш бўйича мустаҳкам суғурта тизими амалда фаол ишласа!

Демак, ердан фойдаланиш ҳуқуқини бозор активига айлантириш учун, аввало, унинг механизмини яратишимиз лозим. Ана шунда у ўз нархига эга турли битимлар объекти бўла олади, бозорда талабгир товарга айланади. Бу жараёнда суғурта хизматлари бозорини ҳам ривожлантириш талаб этилади.

— Шу ўринда табиий савол туғилади: айтайлик, ердан фойдаланиш ҳуқуқини гаров сифатида қўйган кластер кредит мажбуриятларини бажара олмади. Бундай пайтда банк қандай йўл тутади?

— Банк ердан фойдаланиш ҳуқуқини номоддий актив сифатида сотиши мумкин. Бу эса қишлоқ хўжалиги корхоналари, хусусан, кластерлар зиммасидаги масъулият ҳиссини янада оширади. Ердан самарали фойдаланиш, кўпроқ даромад олиш ва кредит тўловларини ўз вақтида тўлашга ундайди.

Ердан фойдаланиш ҳуқуқининг номоддий актив сифатида капиталлашуви, пировардида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, мамлакат иқтисодий қудратини оширишга хизмат қилади.

Мисол учун, бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, Тошкент вилоятидаги 1 гектар ер учун ижара баҳоси, агар меъёрий нарх бўйича ҳисобланса, 10 доллардан 30 долларгача бўлади. Ижара ҳақи бозор баҳосидан келиб чиққан ҳолда тўланса, 40 доллардан 80 долларгача етади. Орадаги фарқни кўряпсизми? Ер участкаларининг норматив ва бозор қиймати ўртасидаги ушбу тафовут қишлоқ хўжалиги ер участкаларига эгалик ҳуқуқини бериш ва улардан фойдаланишнинг иккиламчи бозорини ривожлантириш учун асос бўлиши мумкин.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда АҚШ ҳамда Францияда фаолият юритаётган барча бизнес тузилмаларининг номоддий активлари 35 фоиз, Бельгияда 32 фоиз, Италияда 29 фоиз, Португалияда 27 фоиз, Германияда эса 24 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда эса номоддий активларнинг улуши 1 фоиздан ҳам кам. Биргина ердан фойдаланиш ҳуқуқи актив сифатида молиявий оборотга киритилгач, бу борадаги кўрсаткич нафақат ошади, балки муттасил равишда ўсади. Ахир, қишлоқ хўжалиги корхоналари, пахта-тўқимачилик кластерларида фойда келтириши мумкин бўлган активлар таркиби кўпаяди. Ўз навбатида, улардан янги активлар шакллантириш имконияти пайдо бўлади.

Шу тариқа ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ортиб, у инвестициявий жозибадор активга айланади. Номоддий активларни эса худди моддий активлар сингари сотиш, айирбошлаш, ижарага бериш, гаровга қўйиш, бошқа компанияларнинг устав капиталига ҳисса сифатида қўйиш ҳам мумкин. Шунинг эвазига мамлакат бойлиги бир неча миллиард долларга ортади.

— Айни пайтда кластерлар шаклланиб, оёққа туриш даврини бошидан ўтказмоқда. Уларни ривожлантириш учун яна қандай ислоҳотлар амалга оширилиши керак? Аниқроғи, кластерлар олдида ҳал қилиниши зарур бўлган қандай муаммолар турибди?

— Очиғини айтиш керак, кейинги пайтда қишлоқ хўжалиги соҳасида инқилобий ўзгаришлар рўй беряпти. Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги тегишли Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, айниқса, қулай агробизнес муҳити яратишда муҳим ҳужжат бўлди. Унга кўра, маъмурий ва тартибга солувчи тўсиқлар бартараф этилиб, соҳага бозор муносабатлари жорий қилинмоқда. Энг катта енгиллик эса давлат роли қисқартирилиб, хусусий секторга берилаётганлигидир. Бу жараёнда пахта-тўқимачилик кластерларига ҳам қўшимча имтиёзлар тақдим этиляпти.

Пахта-тўқимачилик кластерлари олдига қўйилаётган қишлоққа саноатни олиб кириш, чекка ҳудудларда минглаб янги иш ўринлари яратиш, қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш каби устувор вазифалар ижросини тўла-тўкис таъминлаш учун битта асосий масалани ҳал этиш зарур. У ҳам бўлса, қишлоқ хўжалигини молиялаштиришни такомиллаштириш.

Дастлабки таҳлилларимизга кўра, аксарият тадбиркорлар амалдаги молиялаштириш тартиби кластерларнинг ишлаб чиқариш циклига мос келмаслиги сабабли маблағ етишмовчилигига дуч келмоқда. Негаки, ҳозирги молиялаштириш тизимига кўра, кредитлар атиги 1 йилга берилади. Бу эса пахта етиштириш умумий харажатларининг кўпи билан 60 фоизини қоплайди, холос. Қолган қисми ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш «занжир»ининг кейинги босқичларини молиялаштириш учун тадбиркорлар юқори фоизли (йиллик 25-26 фоизли) қўшимча кредитлар олишга мажбур бўлишмоқда.

Бизнингча, пахта етиштириш ва чуқур қайта ишлаш учун айланма маблағни шакллантиришга кредитлар камида уч йилга берилиши керак. Завод, фабрика қуриш сингари инвестициявий лойиҳаларга йўналтириладиган инвестициявий кредитлар муддати эса 5 йилдан 9 йилгача бўлгани мақсадга мувофиқ. Яъни кредит ажратиш, унинг фоизи ва қайтариш муддатини белгилашда пахта-тўқимачилик тармоғининг ўзига хос жиҳатлари, албатта, инобатга олиниши зарур.

Биринчидан, у юқори рентабелли ёки тикилган сармоя тез қайтадиган йўналиш эмас.

Иккинчидан, пахтани етиштиришдан тортиб, чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб бериш жараёни ўртача уч йил давом этади. Содда қилиб айтганда, биринчи йил сарфланган маблағ уч йилдан кейин қайта бошлайди. Шу ҳисобда пахта етиштириш учун берилаётган кредитларнинг қайтариш муддати 3 йилга узайтирилса, кластерлар дуч келиши мумкин бўлган муаммо ўз-ўзидан ҳал этилади. Шундай тизим яратишимиз керакки, ишлайман деган одам молия-банк муомаласида ҳеч қандай муаммога дуч келмаслиги керак.

Бугун давлатимиз томонидан кластерларга катта ишонч билдириляпти. Улар эмин-эркин фаолият юритиши учун зарур барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Умид қиламизки, агросаноатда сифат ўзгаришларини ясаш, улкан натижаларга эришишни мақсад қилган кластерлар учун молиялаштиришнинг ҳам энг мақбул усули танланади. 

Президентимиз Наманган вилоятига ташрифи давомида кластер иштирокчилари билан учрашиб, бу усул қишлоқ хўжалигида янги даврни бошлаб бераётганини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, соҳани сифат жиҳатидан янада ривожлантириш учун амалга оширишимиз лозим бўлган муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Бинобарин, кластерлаштириш замирида иккита эзгу мақсад ётибди. Биринчиси, қишлоқ хўжалиги ерлари, хусусан, суғориладиган экин майдонларининг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш. Иккинчиси, аҳолини, айниқса, қишлоқ аҳлини бой, ҳудудларни обод қилиб, халқнинг ризолигига эришишдир. Ушбу мақсад-муддаоларга етиш, билдирилган ишончни оқлаш учун кластерлар бор имкониятларини ишга солаётир. Бемалол айтишимиз мумкинки, бугунги ислоҳотлар яқин йиллар ичида кутилган самараларини бериб, Ўзбекистон жаҳон тўқимачилик саноатининг маркази, «дунё фабрика»ларидан бирига айланади.

Кластерлар эришган натижалар — рақамларда

Республикамизда барча йўналишда фаолият юритаётган кластерлар сони 510 тага етди. Шундан қарийб 100 таси пахта-тўқимачилик бўйичадир.

Улар амалиётга илм-фан ютуқлари ва инновацияларни изчил қўллаётгани туфайли пахтачиликда ҳосилдорлик бир йил ичида ўртача 10 фоизга ошди.

Бугунги кунда пахта етиштириладиган майдонларнинг 32,5 минг гектарида сувни тежовчи технологиялар жорий этилган бўлса, шундан 21 минг (65 фоиз) гектари кластерлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Кластерларда 550 минг тонна калава ип, 204,5 миллион квадрат метр газлама, 54,5 минг тонна мато тўқиш, 69 минг тонна матони бўяш ҳамда 218,6 миллионта тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.

Кластерлар томонидан 2018 — 2020 йилларда пахта хом ашёсини етиштириш ва уни қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳалар доирасида жами 145,7 мингта, биргина 2020 йилда эса 87,2 мингта янги иш ўрни яратилди.

2020 йилда 18 та кластер томонидан пахтани чуқур қайта ишлаш бўйича қиймати 774 миллиард сўмлик 29 та инвестициявий лойиҳа ишга туширилди.

Саид РАҲМОНОВ, 
(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?