Лицензиясиз “Умра” тадбирларини амалга ошираётган туроператорлар аниқланмоқда

12:23 06 Декабрь 2024 Жамият
269 0

Бундай кафолатланмаган хизматлардан фойдаланган 100 га яқин фуқаролар эса Макка шаҳрида бир қатор ноқулайликларга дуч келишган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Қўмитага 93 нафар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари томонидан мурожаатлар келиб тушган. Улар “Умра“ зиёрати учун Саудия Арабистонига бориб, Маккада меҳмонхонадан чиқариб юборилган ҳамда қайтиш авиачипталарисиз қолиб кетишган.

Бунга сабаб зиёратчилар тегишли литсензиясиз, ноқонуний фаолият олиб бораётган “Yusro Tour”, “Muslim Travel”, “Meta Travel”, “Elchi Travel” туроператорлари орқали Саудияга боришган.

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги бош консулхонаси вакиллари томонидан ҳолат ўрганилганда, турфирма томонидан меҳмонхона пуллари тўлаб берилмагани аниқланди. Шу сабаб фуқаролар меҳмонхонадан чиқариб юборилган.

Аниқланишича, турфирма меҳмонхонадан жами 35 минг доллар миқдорида қарздор бўлган. Саудияда қолиб кетган фуқаролар қайтарилиб, ноқонуний фаолият учун жиноий иш қўзғатилди.

Тошкентдаги “Yasin Travel” турфирмаси литсензияга эга бўлмасдан 74 нафар фуқарони зиёратга юборган. Ташкилот фуқароларга Саудия Арабистонининг “Saudi Digital Embassy” муассасаси орқали бир йиллик сайёҳлик электрон визасини расмийлаштириб берган.

Турфирма вакиллари ўзбекистонликларнинг Саудияга бориш-қайтиш авиачипталари мавжудлигини айтиб, уларга электрон шаклини ташлаб берган. Бироқ, Жидда-Тошкент йўналишидаги бу чипталар қалбаки бўлиб чиқди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида яшовчи фуқаро О.М “Ultra parvoz” турфирмаси орқали фуқароларни литсензиясиз ноқонуний равишда “Умра”га юборган. Натижада бу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилди.

Наманган вилоятида фуқаро А.Ғ “Atlas travel” турфирмаси орқали 30 нафар фуқарони “Умра”га юбориш учун авиачипта ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 31 900 доллар олиб, жорий йилнинг 8-ноябрь куни Тошкент-Дубай-Жидда йўналишида Саудияга юборган. Бироқ, фуқароларнинг Ўзбекистонга қайтишлари учун авиачипталарни расмийлаштирмасдан 8 900 долларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаган.

Шунингдек, Фарғона вилоятидаги “Mahdiy travel”, “Parvoz ekspress” ҳамда “Muhayyo 22−10” турфирмалари фуқароларга тегишли литсензиясиз ноқонуний фаолият кўрсатгани аниқланди. Натижада иккита фирма раҳбарлари ва битта фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввалроқ, 12-октябр куни “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнини яхшилашга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан, эндиликда туристик ташкилотлар мазкур хизматлар учун янги талаблар асосида литсензия олишлари керак бўлади.

Хусусан, улар қуйидаги талабларни бажаришлари керак:

зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб диний билим ва кўникмаларга эга мутахассисни тайинлаш;

диний таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг битирувчиси бўлган камида 1 нафар мутахассиснинг мавжудлиги;

вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;

1 млн долларни “Зиёрат” жамғармасига захира сифатида қўйиш (олдин 100 минг доллар эди);

ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;

зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;

“Умра” хизматини учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслик;

хизматларни литсензиядаги манзилдан бошқа жойда жойлашган ваколатхона ва филиал орқали кўрсатиш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?