Лимончилик фақат дарахт экиш эмас, балки иқтисодий ва маданий қиймат яратиш жараёнидир

17:05 05 Ноябрь 2025 Жамият
232 0

Лимончилик боғдорчиликда иқтисодиётнинг янги – саноатлашган тармоғи сифатида сўнгги йилларда Наманган вилоятида ҳам шиддат билан ривожланмоқда. Ҳудудда у ишсиз аҳоли учун даромад манбаи, маҳаллий иқтисодиёт учун янги экспортбоп тармоқ сифатида шаклланиб бораётир.

Вилоятнинг Учқўрғон, Норин ва Поп туманларида лимончилик оддий боғдорчиликдан саноат даражасига кўтарилиб, лимонни қайта ишлаб, улардан иккинчи ва учинчи турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Умуман бугунги кунда вилоятда 4 300 нафар ташаббускор лимон етиштириш билан шуғулланаётир. Уларнинг фаолияти 386,3 гектар майдонни қамраб олган бўлиб, шундан 3 957 нафари аҳоли томорқаларида, 353 нафари эса тадбиркорлик субъектлари таркибида фаолият юритмоқда. Ушбу кўрсаткич лимончиликнинг оммавийлашиб бораётганидан, аҳоли ўртасида соҳага бўлган ишонч ва қизиқиш ортиб бораётганидан далолатдир.

Бу, албатта, вилоятда лимончиликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётгани билан боғлиқдир. Хусусан, маҳаллий ҳокимият ҳамда тижорат банклари ҳамкорлигида аҳолига 20 минг туп лимон кўчати етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар 7 та тумандаги 11 та маҳаллада яшовчи 280 та хонадонга 8 мингдан ортиқ кўчат тарқатилди. Мазкур жараёнда “Туронбанк” АТБ Наманган филиали алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Молия муассасаси кўмагида 233 нафар тадбиркорнинг лойиҳалари молиялаштирилиб, 76,5 гектар янги лимонзорлар ташкил этилди. Бу эса қўшимча иш ўринлари яратиб, вилоят иқтисодиётининг таркибий диверсификациясига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Учқўрғон туманидаги “ZILOL SITRUS ASL MEVALARI” масъулияти чекланган жамияти фаолияти лимончиликда замонавий ёндашувнинг ёрқин намунасидир. Жавоҳир Бекмурадов раҳбарлигидаги ушбу жамият 6,7 гектарлик иссиқхона ташкил этган бўлиб, у ерда 6 200 туп лимон дарахти парваришланмоқда. Жорий йил 100 тонна ҳосил олиниши кутилмоқда.

Иссиқхонанинг 4,5 гектари йирик ишлаб чиқариш миқёсида, 2,2 гектари эса кооперация асосида 11 нафар тадбиркор иштирокида йўлга қўйилган. Бу эса кичик тадбиркорларни йирик ишлаб чиқариш занжирига боғлаш орқали умумий иқтисодий фаолликни оширишнинг самарали модели ҳисобланади.

Бундан ташқари, жамият томонидан 100 тонна сиғимли энерготежамкор омборхона қурилиб, лимонни эрта баҳоргача сақлаш имконияти яратилган. Кўрилаётган мана шундай чоралар маҳсулотни қайта ишлаш, экспортга тайёрлаш жараёнларини узлуксиз давом эттириш имконини беради.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Наманганда лимончилик билан шуғулланувчи 11 нафар етакчи тадбиркор халқаро “Global GAP” ва “ISO 22000” сертификатларини олиш устида иш олиб бормоқда. Мана шундай юмушлар, тинимсиз изланишлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорига чиқишга тайёрланаётганини англатади.

Шулар қаторида Янгиқўрғон туманидаги “Radivon Citrus mevasi tomorqa xizmati” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бўрон Асраев “ISO 22000” сертификатини қўлга киритгани билан соҳада илғорлар қаторига кирди. Унинг фикрича, сертификат олиш маҳсулот сифатини юқори эканини кўрсатиш баробарида унинг ишлаб чиқариш маданиятига ҳам таъсир кўрсатади.

Мулоҳазаларни баён этар экан тадбиркор қуйидаги фикрларини ҳам қўшимча қилди: “ISO 22000” халқаро стандартини жорий этиш орқали биз маҳсулот сифатини назорат қилиш, тупроқ ва сувнинг экологик ҳолатини аниқ баҳолаш, ишлаб чиқаришда хавфсизликни таъминлаш имконига эга бўлдик. Бугун лимон етиштириш – фақат боғдорчилик эмас, у бир бутун технологик жараён. Ҳозирги пайтда Намангандаги иқлим ва сув ресурслари лимончилик учун жуда мос. Энг муҳими соҳага ёшлар қизиқяпти. Бу эса келажакда лимончиликни экспортбоп, юксак даромадли тармоққа айлантиради”.

Тадбиркорнинг сўзлари лимончилик соҳасидаги тараққиётнинг моҳиятини очиб беради. Яъни, замонавий технология, халқаро стандарт ва тажриба асосида иш юритиш ички бозор учун ҳам, ташқи бозор учун ҳам рақобатдош маҳсулот етиштиришнинг асосий шартидир.

Айни пайтда соҳа ишлаб чиқариш билангина боғланиб қолмай, илмий-тадқиқот ва инновация билан ҳам янада ривожланмоқда. Хитойда тажриба алмашиб қайтган маҳаллий тадбиркорлар лимонни қайта ишлаш, шарбат, хушбўй ёғ ва қуруқ маҳсулот ишлаб чиқариш каби йўналишларда янги лойиҳалар устида иш бошлаган. Шу билан бирга, лимон етиштирувчиларнинг ўзаро мулоқот майдони сифатида “Oʻzbek limoni” телеграм канали ишга туширилган. Ҳозирги кунда қарийб 15 мингга яқин аъзо ушбу платформадан фойдаланиб, мутахассислардан доимий тавсиялар олиб туришмоқда. Бу ахборот майдони аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида билим ва тажриба алмашишга хизмат қилмоқда.

Йил бошидан буён Наманганда етиштирилган 50 тонна лимон Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинди. Бунинг умумий қиймати 115 минг АҚШ долларини ташкил этди. Натижа ҳозирча умумий ҳажмда кичик бўлса-да, келгусидаги экспорт салоҳияти учун мустаҳкам асос яратиб бермоқда.

Экспорт фаолиятининг янада кенгайиши учун маҳаллий тадбиркорлар халқаро савдо платформаларида иштирок этиш, маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш ва брендлаш каби қўшимча лойиҳаларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Наманганда лимончилик соҳаси ривожи асосида икки омил ётади: миришкор деҳқон меҳнати ва замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши. Бу икки омил бирлашганда, натижа ҳосилдорликда ҳам, иқтисодий самарадорликда ҳам кўринади. Тадбиркор Б. Асраев таъкидлаганидек, “лимончилик фақат дарахт экиш эмас, балки иқтисодий ва маданий қиймат яратиш жараёнидир”.

Шу маънода Наманганда лимончиликнинг томорқадан саноатга айланиши қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва миллий аграр салоҳиятни ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлмоқда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?