«Лимон гули сайли» фестивали ўтказилди

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Учкўприк туманидаги «Боғи Абдураҳмон ота» фермер хўжалигида мамлакатимизда илк бор «Лимон гули сайли» фестивали ҳамда лимон етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Фарғона вилояти ҳокимлиги, Цитрус, субтропик ва тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан 200 нафардан зиёд лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари, шахсий томорқа ер эгалари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Юзма-юз мулоқотда лимончиликни ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурлари, бу борада илмий ва инновацион ёндашувлар, халқаро тажриба ҳамда тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари бўйича ўзаро тажриба алмашилди.
Лимон етиштиришда Учкўприк тажрибаси, туманда «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Ўз навбатида, лимонни қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
— Айни пайтда тумандаги «Қурбонқашқар», «Оқсув», «Боғибўстон», «Олтин водий», «Сариқўрғон», «Тожик», «Сойбўйи», «Катта қашқар» маҳаллаларида 3 минг 823 та хонадонда 766 гектар майдондаги иссиқхоналарда лимон етиштирилмоқда, — дейди Учкўприк тумани ҳокими Қодиржон Эркабоев. — Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 апрелда қабул қилинган «Республикада лимончилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, Учкўприк туманида бу йил яна 800 та хонадонни, 2026 йили эса 1 минг 20 та хонадонни лимончиликка ихтисослаштириш ҳамда қарийб 100 гектар майдонда янги иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
Айтиш жоиз, фестиваль ва кўргазмали семинар давомида «Катта қашқар» МФЙ ҳудудида лимон етиштиришни янада кўпайтириш учун 30 та иссиқхона қурилишига киришилди. Шу тариқа босқичма-босқич иссиқхоналар сони ва ҳосилдорлик салмоғини ошириб бориш мақсад қилинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг