Learning Passport «Болалик академияси» рақамли платформасини оптималлаштириш Ўзбекистондаги 1,5 миллион нафар болага наф келтиради

08:40 15 Апрель 2022 Жамият
1508 0

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Бугун ЮНИCЕФ Мактабгача таълим вазирлиги ва «Билим Макон» ахборот ва педагогика технологиялари инновацион маркази билан бирга Learning Passport «Болалик Академияси» рақамли платформасини ишга туширди. Платформа Ўзбекистонда мактабгача таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Learning Passport ЮНИCЕФ ва Microsoft ҳамкорлигида яратилган бўлиб, мослашувчан рақамли ўқув платформасидир. Ҳозир платформа бутун дунё бўйлаб миллионлаб болаларнинг ўқишини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилмоқда.

Мазкур платформа мактабгача таълим педагоглари учун малака ошириш курслари; машғулотлар режалари; қўшимча ўқиш учун материаллар, рақамли таълим ва тарбия ресурслари билан таъминлайди. Буларнинг бари «Илк қадам» мактабгача таълим давлат ўқув дастури ва Ўзбекистон Республикасининг эрта ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланиши бўйича давлат талаблари асосида ишлаб чиқилган.

Маълумотларга кўра, бола миясининг 90 фоизи 5 ёшга қадар ривожланади. Бу даврда ота-оналар ва педагоглар болага бутун умри давомида таълим олиши учун мустаҳкам пойдевор қўйишда ёрдам беришлари мумкин. Бунинг учун тарбияловчи ва рағбатлантирувчи муҳит яратишлари, бола бу орқали ўрганиши, ривожланиши ва ютуқларга эришиша олиши зарур.

— Ушбу аҳамиятли давр ҳаётда фақат бир марта келади, шу боис у мактабгача ёшдаги миллионлаб болалар учун жуда муҳимдир. Улар бутун умри давомида эришадиган жисмоний ва руҳий натижалар, молиявий таъминланганлик даражаси айнан шу вақт ичида кўрсатиладиган ёрдамга боғлиқ, — деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Мазкур технологик инновацион ғоя бутун мамлакат бўйлаб мактабгача ёшдаги болаларга мактабгача таълим ташкилотларига қатнаши ёки қатнамаслигидан қатъи назар, юқори сифатли ўқув ресурсларидан фойдаланиш имконини беради.

— Маълумотларга кўра, айнан эрта ва мактабгача ёш даврида сармоя киритиш фойдали. Болаларни эрта ёшиданоқ тарбиялаш, ҳимоя қилиш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ижобий ўзгаришларга олиб келади. Эрта таълимга киритилган сармоя 16 баравар кўпайиб қайтади, — деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — Шунинг учун ҳам ЮНИCЕФ Ўзбекистонда Learning Passport «Болалик академияси» ўқув платформасини ишга тушириш бўйича инновацион ёндашувни татбиқ қилди. Ушбу платформа 3 – 6 ёшли болаларнинг тарбиячилари ва ота-оналари ўз билим ва кўникмаларини оширишларига имкон яратади.

«Болалик академияси» платформамиз энг аввало сифатли таълим оламидир. Педагоглар замонавий методикалар асосида тайёрланган машғулотлардан фойдаланиши, ўз устида ишлашлари учун қўшимча мутолаа манбаларини қўллаши, ота-оналар эса бола таълим тарбияси ва парвариши бўйича фойдали маълумотларни ўзлари учун кашф этишлари мумкин», деди Шаҳноза Мирзиёева.

«Билим Макон» маркази директори Оятулло Раҳматуллаевга кўра, «Педагоглар – бола ҳаётига энг кўп таъсир кўрсатадиган шахслардан бири. Улар малака ошириш курсларида ўқиб, янги билим ва кўникмаларни эгаллашлари ва уни ўз иш фаолиятларида қўллашлари мумкин бўлади. Тарбиячилар замонавий ва илғор таълим амалиётларидан фойдаланганда болалар жисмоний, ҳиссий ва таълимий жиҳатдан ўсишга эришади. «Болалик академияси» педагогларимизнинг шахсий ва касбий ривожланиши учун катта қулайликлар тақдим этади.

Ота-оналар ва васийлар болалар соғлом ривожланиши учун зарур бўлган пойдеворни яратадилар. «Болалик академияси» уйда таълим бериш борасида беқиёс кўмакчидир. У оддий машғулотлар кутубхонаси ва ота-оналар учун маслаҳатлар, биргаликда ўйналадиган ўйинлар бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олади. Биргаликдаги ўйинлар ота-оналар ва болаларнинг ўзаро муносабатларини ривожлантиради.

«Болалик Академияси» болалар фойдаланиши учун ҳам қулай. Улар саводхонлик, ҳисоблаш ва ижтимоий-ҳиссий кўникмаларни ривожлантирувчи ўйинларни ўйнашлари, ўз она тилларидаги электрон китобларни ўқишлари мумкин. Бундан ташқари, ўқув-кўнгилочар видеоларни томоша қилиш ва ёшга мос кутубхонадан фойдаланиш имкониятлари ҳам мавжуд.

«Болалик академияси»ни ишга тушириш орқали Ўзбекистон бўйлаб 20 мингга яқин педагогни қамраб олиш, 1,5 миллионга яқин болаларнинг ўқиш ва ривожланиш натижаларини яхшилаш кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер