“Lazzatli Surxon” халқаро фестивали ўтказилади

11:33 29 Октябр 2025 Жамият
188 0

Сурхон воҳасининг бой гастрономик туризм салоҳиятини намойиш этиш, миллий пазандачилик анъаналарини кенг тарғиб қилиш ва вилоятга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Бойсун туманидаги “Бойсун баҳори” туризм мажмуасида жорий йилнинг 31 октябрь куни “Lazzatli Surxon” халқаро фестивали ташкил этилади.

Фестиваль дастурида турли ҳудудлар ва Термиз шаҳри павильонларида миллий таомлар намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва сувенирлар кўргазмаси, “узум сайли”, “олма сайли”, “анор сайли” каби анъанавий байрам тадбирлари ҳамда миллий этник ўйинлар ва мусобақалар ўтказилади.

— Фестивалда энг маҳоратли ошпазлар ва ҳудудлардан вакиллар иштирок этиб, “Энг яхши миллий таом”, “Энг яхши ошпаз” ҳамда “Энг фаол ҳудуд” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади, — дейди Бойсун тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Юнус Холиёров. — Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Мазали таомлар, миллий анъаналар, мусиқа ва шодлик уйғунлашган “Lazzatli Surxon” халқаро фестивалига барча вилоят аҳли ва меҳмонлар таклиф этилмоқда.

Ушбу фестиваль Сурхондарёнинг бой маданий ва гастрономик салоҳиятини намойиш этиш билан бирга, маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомларни кенг тарғиб қилишга, шунингдек, туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».                      

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?