Лазиз Кудратов Словения ташқи ишлар вазири Таня Фаён билан музокаралар ўтказди

Фото: Халқ сўзи
Жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Словения Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Таня Фаён билан музокаралар ўтказди. Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Словения томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлиги ва икки томонлама шерикликни фаоллаштиришнинг стратегик аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, бир кун аввал имзоланган Ўзбекистон ва Словения ўртасида иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг муҳимлиги ҳамда ушбу ҳужжат икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди.
Бошқа ижобий омиллар қаторида Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизими бенефициар мақомидан фаол фойдаланилаётгани сабабли 2022 йилда 40 фоизга ошган ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсишининг ижобий динамикаси ҳақида фикр алмашилди. Томонлар ушбу мақомни узайтириш доирасида чора-тадбирлар кўриш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича ўзбек экспортёрларига зарур ёрдам кўрсатиш орқали ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Доимий равишда қўшма бизнес-форумлари ва «Ўзбекистон ва Словенияда ишлаб чиқарилган» кўргазмаларини ўтказиш орқали инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, инфратузилма қурилиши ва ИТ-технологиялари соҳалари қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг энг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Словения делегацияси раҳбари икки давлат пойтахтлари ўртасида чартер ва мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишни таклиф қилди. Томонлар ушбу йўналишдаги кейинги амалий қадамларни муҳокама қилиш учун авиация идоралари ўртасида онлайн маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олдилар.
Музокаралар якунида томонлар эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Словения Ҳукуматлараро комиссиясини ташкил этиш ташаббусини илгари суришга тайёрликларини билдирдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг