Кураш ва белбоғли кураш: мутлақ ғолибларга автомобил совға қилинди

08:42 16 Май 2022 Спорт
1013 0

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Жиззах вилояти Зарбдор туманида кураш ва белбоғли кураш бўйича ёшлар ҳамда катталар ўртасида анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтди.

«Полвонлари кўп юрт — қудратли бўлур» шиори остида ўтган ушбу турнирда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ҳамда қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган 500 нафардан ортиқ полвонлар ғолиблик учун баҳсларга киришди.

Юқори савияда ташкил этилган мазкур турнир Жиззах вилояти ҳокимлиги, Жиззах вилояти прокуратураси ташаббуси билан ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди.

Турнирнинг тантанали очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Жиззах вилояти прокурори, вилоят кураш федерацияси раиси Исломжон Эргашходжаев, Осиё белбоғли кураш конфедрацияси раиси Мўмин Муратов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Ўзбекистон кураш федерацияси бош котиби Алишер Эшонқулов ва бошқалар иштирок этишди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади.

Турнирда кураш бўйича эркаклар -60 кг., -66 кг., -73 кг., -81 кг., -90 кг. ҳамда +90 кг. вазнда куч синашган бўлишса, белбоғли кураш бўйича эркаклар -55 кг., -60 кг., -66 кг., -73 кг., -81 кг., -90 кг., -100 кг. ва +100 кг. вазн тоифаларида ўзаро беллашди. Аёллар эса кураш бўйича -48 кг., -52 кг. ва -57 кг. вазн тоифаларида гиламга чиқишди. Шунингдек, ҳар иккала спорт тури бўйича эркаклар ўртасида мутлақ вазнда ҳам кучлилар аниқланди.

Кураш ва белбоғли кураш бўйича ҳар бир вазн тоифасида 1-ўринни қўлга киритган полвонлар 5 миллион сўмдан, 2-ўрин соҳиблари 3 миллион сўмдан, 3-ўринни эгаллаган икки нафардан полвонлар эса 1,5 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Мутлақ вазнда курашнинг ҳар икки йўналишида ғолиб бўлган спортчиларнинг ҳар бирига «Nexia-3» русумли янги автомобиль, 2-ўринни қўлга киритган полвонларга 30 миллион сўмдан ҳамда 3-ўринни банд этган курашчилар 10 миллион сўмдан пул мукофотларига эга бўлишди.

Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда кечган мутлақ вазн тоифасида фахрли 1-ўринни қўлга киритган Муҳсин Ҳисомиддинов (кураш) ҳамда Нодир Аҳаджоновга (белбоғли кураш) «Nexia-3» русумли автомобиллар топширилди. 

Тақдирлаш маросимида ғолиб полвонларга совғаларни Жиззах вилояти прокурори, вилоят кураш федерацияси раиси И.Эргашходжаев, Зарбдор тумани ҳокими З.Рўзиев, Осиё белбоғли кураш конфедрацияси раиси М.Муратов ва бошқалар топширишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер