Кураги ерга тегмас алпларни майдон кутмоқда
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё — кураги ерга тегмас алплар юрти. Заминда юзлаб дунёга машҳур полвонлар етишиб чиққан. Бу анъана ҳанузгача бардавом. Айниқса, мамлакатимизда спорт турларини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли воҳада олимпия спорт турлари ҳам ривожланиб келмоқда.
Юрт фахрига айланган сурхондарёлик спортчилар — енгилмас боксчи Баҳодир Жалолов, дзюдо оламида порлаётган Музаффарбек Тўрабоев, кураги ер кўрмас курашчи Муҳсин Ҳисомиддинов, шахмат қироличаси Умида Омонова, пара-таеквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоасида тенгсиз Гулжаной Наимова, мухлису мутахассислар меҳрини қозонган пара дзюдочиларимиз Феруза Эргашева, Лобар Хуррамова, пара академик эшкак эшишда ўз тарихини яратаётган Муҳайё Абдусатторова сингари маҳоратли спортчилар ватанимиз байроғини юксак халқаро ареналарда ҳилпиратиб келмоқда.

Бугунги кунда уларнинг издошлари вилоятдаги мавжуд 25 та спорт таълим муассасаларида тобланаётир. Бундан ташқари, маҳаллалардаги 352 та спорт иншоотида ёшлар спортнинг ўндан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
— Спорт-таълим муассасаларида ўтган йили 2 минг 969 та спорт гуруҳлари ташкил этилди. Бу спорт гуруҳларида 35 минг 527 нафар ўғил-қиз спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда, — дейди вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. — Уларнинг 28 минг 197 нафари асосий, 7 минг 330 нафари захира таркибни ташкил этади. Ушбу спортчиларга 1 минг 108 нафар тренер спортнинг сир-асрорларини ўргатяпти. Ўтган йилда вилоятимизда 6 та спорт тури бўйича 10 дан ортиқ Республика мусобақалари ҳамда чемпионати, кубоклари ўтказилди. Бундан ташқари, аҳолини оммавий спортга жалб этиш бўйича 724 та маҳаллада 6 минг 500 га яқин турли спорт тадбирлари ўтказилиб, унда жами 670 мингдан ортиқ аҳоли жалб этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган «Беш ташаббус олимпиадаси» спорт тизими қисқа фурсатда умуммиллий ҳаракатга айланди. Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятда 654 минг ёшнинг беш босқичли спорт мусобақаларида ўз омадларини синовдан ўтказиш ортидан спорт мусобақаларидаги фаоллиги таъминланди. Ғолиблик, шоҳсупага кўтарилиш, шиддатли беллашувлар тафти нафақат ёшлар, балки оила ва маҳалласига завқ, катта орзулар сари талпиниш ҳиссини берди. Ўнлаб маҳалла ва гузарларда замонавий спорт майдончалари бунёд этилди. Мусобақанинг Республика финал мусобақаларида жами 31 та — 14 та олтин, 11 та кумуш ва 6 та бронза медали қўлга киритилди. Ўтган йилда сурхондарёлик спортчилар комплекс ва халқаро мусобақаларда жами 144 та — 39 та олтин, 47 та кумуш ва 58 та бронза медални қўлга киритишган бўлсада, олимпия спорт турлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида натижа кўрсатилмади. Жорий йилда ҳудудларда 7 минг 100 га яқин спорт тадбирларини ўтказиб, аҳолини оммавий спортга қамров даражасини 30 фоизга етказиш, 35 та маҳаллада спорт майдончалари ташкил этилмоқда.
Алпомиш юртининг чекка ҳудудларида туғма талантлар кўп. Уларда куч ва ирода, иштиёқ бўлсада, аксарида катта спортга олиб борувчи имконият йўқ эди. Энди ҳар бир мактабда яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича камида 1 тадан тўгарак бўлиши шартлиги белгиланаётгани, мактаблар ўртасида олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил қилиниши, энг яхши натижа кўрсатган ўқувчилар селекция қилиб борилиши, мактаблар керакли спорт инвентари билан таъминланиши белгиланаётгани ана шундай ўғил-қизлар учун катта имкониятлар эшигини очди. Рақамлаштиришни кенг жорий қилиш орқали иқтидорли спортчиларни топиш, саралаш ва уларни тайёрлаш бўйича ҳам янги тизим жорий қилинаётгани бу борадаги адолатни, шаффофликни таъминлайди.

Спортдаги ҳаяжон — бу ҳаётнинг ўзига хос қўшиғи. Унда инсон қалбидаги барча ҳис-туйғулар бир вақтнинг ўзида мужассам бўлади. Спортчида ғалабага бўлган интилиш, куч ва ирода, томошабинда ватанпарварлик, ғурур ва хавотир ҳиссиётлари жўш уради. Янги Ўзбекистонни янги ғалабалар билан бутун дунёга танитаётган мард ва жасур спортчиларимиз халқимизга ўзларининг ёрқин ғалабалари билан ана шундай тотли лаҳзаларни янада кўпроқ тортиқ этишига ишонамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Ялдо кечаси» романининг тақдимоти ўтказилди
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг