Куну тун ишлайдиган кутубхона

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Атрофга назар солсак, ҳамма қаергадир шошган. Кимдир ишга, кимдир ўқишга, кимдир тирикчилик юмушлари билан банд. Аммо сал вақт топсак, қўлидаги телефонини титкилаб, ижтимоий тармоқларни «титиб» чиқишга улгурамиз. Интернет асрида маълумотлар алмашинуви жараёнининг тезлиги, ижтимоий тармоқларда узлуксиз бериб бориладиган контентлар кўпчиликнинг асосий вақтини ўғирлаётгани ҳақиқат. Аммо орамизда маънавий озуқа олишни мақсад қилган, ўз билимларини мустаҳкамлаш йўлида китоб мутолааси учун вақт топадиганлар ҳам талай. Китоб улар учун маслаҳатчи, садоқатли ҳамроҳ, энг яқин дўст ва бебаҳо бойлик.
Бугунги кунда юртимизда ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий ахборот ресурс марказларини шакллантириш йўлида кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири дам олиш ёки байрам кунларида ҳам китобхонлар эҳтиёжи учун хизмат қилувчи 7/24 режимда ишловчи кутубхона фаолиятининг йўлга қўйилганидир.
Жиззах давлат педагогика университетининг Ахборот-ресурс маркази дастлаб университетнинг асосий биносида жойлашган ўқув залида ташкил этилганди. Марказ кўп ўтмай билимга чанқоқ китобхонларни ўзига жалб қила олди. Бир кунда 700, 800 нафар талаба ўзига керакли бўлган адабиёт ва дарсликлардан фойдаланиш имкониятига эга. Ўтган йилнинг декабрь ойида университетда 3 қаватли янги инновацион хизматлар ўқув зали қад ростлади. Ахборот-ресурс марказида умумий қиймати 7 млрд 28 млн сўмлик реконструкция-қурилиш, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Ўқув зали 40 та сўнгги русумдаги компьютер жамланмаси ва тезкор wi-fi тармоғи билан таъминланган. Ўтган йилнинг якунида марказнинг электрон ресурси 37486 тага, китоб фонди 154127 нусхага етди. Шундан 1695 нусхаси хорижий тиллардаги, 1124 нусхаси рус тилидаги адабиётдан иборат. Электрон дарсликлар бўлимида кўзи ожиз талабалар учун NVDA дастури орқали хизмат кўрсатилмоқда. Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи талабалар учун 20 номдаги 172 нусхада брайл алифбосидаги ўқув адабиётлари мавжуд. Бундан ташқари, марказ ҳар ўқув йилида 3000 нусхадан ортиқ бадиий китоблар билан бойитиб борилмоқда. Қисқача айтганда, замонавий кутубхонада талабалар ва китобсеварлар учун барча шароит мужассам.
— Дарсдан сўнг ишлайман. Китоб мутолаасига вақт тополмасдим. Ижтимоий тармоқлардан керакли дарсликларимни етарлича топа олмайман, — дейди университет талабаси Дилфуза Камолова. — 7/24 режимида ишловчи кутубхона университетимизда очилгани талабалар учун катта совға бўлди. Дам олиш кунлари бу ерда вақтни мазмунли ўтказмоқдамиз. Синглим ўқув марказида кимё-биология фанидан институтга кириш учун тайёргарлик кўрмоқда. У ҳам ҳафта якунида шу ерда дарс қилишни маъқул кўради. Чунки осойишта ва қулай, интернетга бепул уланиб, янги маълумотлар олиш имкони бор.
— Марказимизда талабаларни янада китобхонликка жалб қилиш мақсадида «Етти кунда бир китоб» лойиҳаси йўлга қўйилган, — дейди АРМ директори Робия Ишназарова. — Ҳар ҳафтада «Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси жавони»дан жой олган адибларнинг асарларидан тест сўровлари ўтказилмоқда. Ғолибларни рағбатлантириш орқали уларнинг мутолаага қизиқишини уйғотишга эришмоқдамиз.
Ахборот ресурс маркази университет талабалари билан бир қаторда Жиззах шаҳри марказидаги маҳаллаларда жойлашган таълим масканлари ўқувчилари ҳамда аҳоли учун ҳам хизмат кўрсатади. Бу ерда нафақат китоб ўқиб маънавий озиқ олиш, балки руҳий енгилликка эришиш мумкин. Мутолаа «урф»дан қолди дейишдан олдин унга қизиқтирувчи шароитларни яхшилаш лозим.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг