Кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди

14:06 18 Июнь 2025 Жамият
297 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш, аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Самарқанд шаҳри, Ургут ва Тойлоқ туманларида «Парвариш хизмати» масъулияти чекланган жамияти томонидан ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди. Бу янги хизматнинг кўрсатилиши нафақат болаларнинг муносиб таълим-тарбия олишига, балки уларнинг ота-оналарига ҳам катта ижтимоий ёрдам бўлади.

— Самарқанд шаҳрида очилган маскан «Сабрина саховати» деб номланди. Унда 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилиш ва тарбиялаш, тенгдошлари билан мулоқотда бўлиши, реабилитация хизматларини кўрсатиш учун барча шароит ва қулайлик бор, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Сардор Луқмонов. — Муассаса 18 ўринга мўлжалланган, малакали мутахассислар томонидан гидрованна, массаж, логопед, сурдо педагог, дефектолог, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, умумий меҳнат ва мусиқа дарслари, ипотерапия каби 12 турдаги фаолият олиб борилади. Бу эса болажонларнинг тезроқ соғайиши ва яхши натижаларга эришилишини таъминлайди.

Ургут туманидаги Мустақиллик маҳалласи ҳудудида ташкил этилган шундай муассасада ҳам ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилиш ва тарбиялаш учун қулай шароит яратилди. Бу маскан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бор 36 нафар болаларни парваришлаётган ота-оналарга меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этиш ва оила аъзоларига меҳнат қилишига шароит яратиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг оила қарамоғида қолишини таъминлаш имконини беради.

Тойлоқ туманидаги Чороғбон маҳалласида ҳам тадбиркор Хурсаной Ашурова томонидан давлат-хусусий шериклик асосида ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати ташкил этилди.

— Ушбу муассасамизда болажонларга реабилитация хизматларини кўрсатиш учун барча шароит ва қулайлик яратилган, — дейди Х. Ашурова. — Келгусида бу каби янги лойиҳаларнинг кўлами янада кенгайиб, аҳолининг турмуш шароитини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада яхшилаш учун хизмат қилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси, туман ҳокимлиги масъул ходимлари, маҳаллалар фаоллари, кундузги парвариш хизматидан фойдаланиш хоҳишини билдирган ота-оналар фарзандлари билан бирга келиб, ушбу масканлардаги шарт-шароитларни кўздан кечиришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?