Кулолнинг меҳнати «Ўзбекистон Республикаси халқ устаси» фахрий унвонига лойиқ кўрилди.

11:17 26 Август 2021 Маданият
1085 0

Миллий ҳунармандчиликнинг ривожланишига, уни келгуси авлодга етказишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган тажрибали кулол Нумон Аблоқулов 1964 йилда Ургут шаҳрида уста ҳунармандлар оиласида туғилган. У ёшлигиданоқ отаси, ургутлик машҳур Абдулло кулол сулоласининг еттинчи авлоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, жаҳоннинг 70 дан ортиқ давлатларидаги кўргазмалар иштирокчиси Маҳкам Облоқуловнинг устахонасидан чиқмас эди. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ халқ амалий санъатининг энг қадимий соҳаларидан бири кулолчилик сирларини мукаммал ўрганишга киришди.

Одатда кулоллар 3 йўналиш бўйича фаолият юритишади, кўзагарлар-вертикал формали маҳсулотлар усталари, косагарлар-горизонталь формали маҳсулотлар усталари ва тандирсозлар. Нумон ака ўз меҳнати орқасидан кулолчиликнинг шу учала йўналиши бўйича ҳам фаолият юритадиган етук уста бўлиб етишди.

— Сопол буюмлар ясашда қолиплар, шаблонлардан фойдаланмайман, фақат оддий чархда қўлда ижод қиламан, - дейди Нумон Аблоқулов. - Баландлиги 80 сантиметргача бўлган кўза ва вазалар, диаметри 70 сантиметрдан ортиқ бўлган лаганлар ва 200 литргача бўлган ҳажмли хумларни тандир ясаш услубида бажараман. Сополларга сайқал беришда ҳам маҳаллий хом ашёлар, оқ тош (кварц), мис ва темирнинг куйдирилишидан олинадиган оксидлар ёрдамида бўёқ тайёрлайман. Бу менинг услубим.

Нумон Аблоқулов ўзи яратган бетакрор сопол буюмлар билан Япония, АҚШ, Франция, Голландия, Германия, Россия ва бошқа кўплаб хорижий давлатлардаги кўргазмаларда иштирок этган. 1997 йилдан буён «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзоси.

Ургутлик кулоллар сулоласининг саккизинчи авлоди Нумон ака етти пушт аждодлари шуҳрат қозонган кулолчилик сирларини сулоланинг тўққизинчи авлодлари фарзандлари Иномжон ва Муҳаммадларга ўргатиб келмоқда. Ота касбини ардоқлаётган фарзандлар ҳам Ургут кулолчилик мактаби шуҳратини янада кўтариш, боқийлигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

2013 йили Тошкент шаҳридаги «Абулқосим» мадрасасида ўтказилган кўргазма-ярмаркасида, Самарқанд шаҳри Регистон майдонида бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг кўргазма-ярмаркасида фаол қатнашиб ўзининг кўргазмасини ўтказган. 2014 йил 1-10 август кунлари Россия федирациясининг Суздал шаҳрида бўлиб ўтган «Дунё кулоллари» фестивали иштирокчиси, Масква шаҳридаги Халқлар дўстлиги университетида шахсий кўргазмаси ҳам бўлиб ўтган.

Нумон Аблоқулов фаолияти давомида кулолчиликда қадимий анъаналарга риоя қилиб, ўзига хос услубдаги асарлар яратган. Устанинг асарларида кўҳна Афросиёб шаҳри кулолчилигининг кўзагарлик соҳаси анъанаси яққол намоён бўлади. Бадиий идишлари ўз шаклининг алоҳида «ўқилиши» билан ажралиб туради. Яъни, у ясаган кулолчилик буюмлари юқори бўйин-оғиз қисми чўзиқ ва шаклан охирига етказилган, нафис кўринишда ва турли безаклар билан зийнатланган.

Унинг устахонасига ҳар куни шогирдлари келишиб кулолчиликнинг сир асрорларини ўрганишади. Кулол 36 йиллик меҳнат фаолияти давомида 100 дан ортиқ шогирдларни тарбиялади. Уларнинг кўпи ҳозирда якка тартибда ҳам фаолият олиб боришмоқда.

Нумон Аблоқулов миллий ҳунармандчиликнинг ушбу йўналишини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган усталардан ҳисобланади. Устанинг машаққатли меҳнати муносиб баҳоланиб, уста кулол мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан давлатимиз раҳбарининг фармони билан «Ўзбекистон Республикаси халқ устаси» фахрий унвони билан тақдирланди.

— Ҳунармандчиликни ривожлантириш, уни келгуси авлодга етказиш давлатимизнинг доимий эътиборида. Бу мени ҳамма вақт руҳлантиради, - дейди уста кулол Нуъмон Облоқулов. - Ҳунармандларга берилаётган эътибор ва имтиёзларнинг ҳам чеки йўқ. 2006 йилда «Шуҳрат» медали билан мукофотланган бўлсам. Мана бу йил Президентимиз мени «Ўзбекистон Республикаси халқ устаси» фахрий унвонига лойиқ кўрибди. Бир ҳунармандга шундан ортиқ бахт борми. Бундан куч олиб, келгусида ҳам кучим борича кулолчилик ривожига ўз ҳиссамни қўшаман.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?