“Koson Baxt tekstel”да ишлаётганларнинг 20 фоиздан зиёдини “Аёллар дафтари”га кирганлар ташкил этади

16:20 25 Октябр 2021 Жамият
983 0

Фото: Халқ сўзи

Қашқадарё вилояти Косон туманида фаолият олиб бораётган “Koson Baxt tekstel” пахта тўқимачилик кластерининг якуний занжири ҳисобланган ишлаб чиқариш корхонасида 500 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Янгидан барпо қилинган замонавий ва барча қулайликка эга корхонада Японияда ишлаб чиқарилган энг янги русумдаги 386 та тикув машинаси ва қўшимча дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди. Ушбу лойиҳа учун 35 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди.

– Корхонамизнинг қуввати йилига 2,5 млн дона кийим-кечак ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, маҳсулотларимизнинг асосий қисмини Россия Федерацияси ва Қозоғистонга экспорт қиламиз,- дейди “Koson Baxt tekstel” пахта тўқимачилик кластери раҳбари Ёқубжон Норбоев. – Бугунги кунда цехларимизда меҳнат қилаётган тикувчиларнинг 20 фоиздан зиёдини “Аёллар дафтари”га кирган ва 2 ойлик курсларда тикувчиликни ўрганиб сертификат олган хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Ёқуб Норбоевнинг қўшимча қилишича, Косон туманида кластерга қарашли 15 минг гектар ер бўлиб, 1200 та фермер хўжалиги билан шартнома тузилган. Ҳар йили ўртача 43 минг тоннадан зиёд пахта хомашёси саранжомланиб, бир қатор жараёнлардан ўтиб, алалоқибат тайёр маҳсулотга айлантирилмоқда. Бу дегани чигит экишдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар кластернинг ўзида амалга оширилмоқда.

– Дўстлик маҳаласида яшайман,- дейди корхонанинг илғор тикувчиси Раъно Султонова. – “Аёллар дафтари”га киритилганимдан сўнг 2 ойлик тикувчилик курсида ўқиб, сертификат олдим. Шу сертификат асосида корхонага ишга қабул қилиндим. Энди қўлимда гулдай ҳунарим бор, катта жамоанинг аъзосиман. Илгари телевидение орқали шинам ва озода цехларда ишлаётган тикувчиларни кўрганимда ҳавасим келарди. Мана, бугун ўзим ана шундай шарафга муяссар бўлиб турибман.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер